Мақолалар

Имом Термизий яшаган даврнинг ўзига хос хусусиятлари

Имом Термизий яшаган даврнинг ўзига хос хусусиятлари

                Имом Термизий III ҳижрий асрда яшаб ижод этган. Бу асрда сиёсий, ижтимоий ва диний соҳаларда муҳим ўзгаришлар содир бўлди. Имом Термизий Аббосийлар халифалиги даврида яшаган. Ҳаёти давомида ҳукумат тепасига тўққиз аббосий халифа келган. Улар қуйдагилар:

  1. Маъмун – Абул Аббос Абдуллоҳ ибн Ҳорун Рашид ибн Муҳаммад ал-Маҳдий ибн Абу Жаъфар Мансур (170 ҳижрий) йилда туғилган. Ҳадис ва Адаб илмларини ўрганган. Фиқҳ ва араб тилида (моҳир) билимдони бўлган. Ёши улғайгач, фалсафа ўтмишда қўлган илмлари билан шуғулланиб, бу фанларда жуда маҳоратли бўлди. Бу эса уни Қуръонни махлуқлиги ҳақидаги сўзларни гапиришига сабаб бўлди. Маъмун Аббосий халифалари ичида илм, фикр, ҳалимлик, ҳайбат, шижоат ва олийжаноблик жиҳатидан энг афзалларидан эди. Агар Қуръонни махлуқ деган инсонларнинг сўзи унга етиб бормаганда Аббосийлар халифалиги ундан билимлироқ кишини кўрмаган бўларди. Маъмун акасидан сўнг халифа этиб сайланди. Бобоси Мансур(754-773) бошлаган илм ва фалсафа китобларини таржимасини тугатди. Бу китобларни Рим подшоҳлари юборган эди. Улар Афлотун ва Арасту ва бошқа файласуфлар китоблари эди. Ушбу китоблар араб тилига таржима қилинди. Унинг даврида “Маъмун академия”сига асос солинди. Маъмун умрининг охирида касалликка йўлиқиб, сўнгра вафот этди. Ҳамда 218 ҳижрий санада Тарсус( Туркий ҳудудида) деган жойга дафн қилинди[1].
  2. Мўьтасим: Абу Исҳоқ Муҳаммад ибн Ҳорун ар-Рашиддир. У биринчи маротаба ўз исмига Аллоҳ лафзини қўшган аббосий халифадир. Имом Заҳабий Мўьтасимни 180 ҳижрий санада таваллуд топган деган. Имом Зириклий бўлса Мўьтасимни 179 ҳижрий санада таваллуд топган деган[2]. Мўьтасим жуда шижоатли, бақуввати ва олий ҳимматли инсон бўлган. Уни илми кучли бўлмаган. Унга Маъмундан кейин 218 ҳижрий Ражаб ойида байьат берилган. Унинг даврида Аҳмад ибн Ҳанбалга (220 ҳижрий санада) дарра урилган. У ёш болаларга Қуръонни махлуқ деб ўргатишни буюрган. 223 ҳижрий санада Римга қарши уруш қилган. Бу урушда зафар қозонган. Мўьтасим 227 ҳижрий сана пайшанба куни вафот этди[3].
  3. Восиқ: Ҳорун ибн Муҳаммад (Мўьтасимбиллаҳ) ибн Ҳорун ар-Рашид Абу Жаъфар 196 ҳижрий санада шаъбон ойи тугашига 10 кун қолганда туғилган. Халифаликни отасидан қабул қилган. Унга 227 ҳижрий санада Робиул Аввал ойининг 19-куни байьат қилинди. Унинг даврида ҳам Қуръон махлуқми? деган масала кўтарилган. Бунинг асосий сабабчиси унинг вазири мўьтазила фирқасининг раиси Аҳмад ибн Абу Довуд бўлган. Восиқ умрининг охирида Қуръонни махлуқ дейиш фикридан қайтган.

 Тарихчи Сулий “Восиқ адаб ва фазлда кичик Маъмун” деб айтган. Маъмун уни ўз боласига қараганда кўпроқ улуғлар эди. У кўп илмларда инсонларни билимдони эди. Шер айтиш ва ёзишда жуда билимдон эди. У 232 ҳижрий санада вафот этган[4].

  1. Мутаваккил: Абул Фазл Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Ҳорун ар-Рашид 206 ҳижрий санада таваллуд топган[5] . 232 ҳижрий санада Восиқ вафот этгач байьат берилган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ва муҳаддисларни яхши кўрарди. У 234 ҳижрий санада Қуръонни махлуқ деган масалани мутлақ олиб ташлади. Муҳаддисларни ҳурмат қилди. Уларга Аллоҳни кўриш ва унинг сифатлари ҳақидаги ҳадисларни ривоят қилишга ижозат берди. Уларга турли туман совға билан эҳтиром кўрсатди. Абу Бакр ибн Абу Шайбани Шом яқинидаги ар-Русофа масжидида мажлислар ўтказар эди. Унинг мажлисларида ўттиз мингга яқин инсон иштирок этарди. Халқ Мутаваккилни ҳаққига кўплаб дуолар қилди. Мутаваккил халифаликни Бағдоддан Дамашққа кўчирди. Бироздан сўнг Дамашқ унга ёқмай халифаликни Самурро шаҳрига кўчирди. 247 ҳижрий санада Самуррода вафот этди[6].
  2. Мунтасир: Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жаъфар (Мутаваккил алаллоҳ) ибн Мўьтасим ибн Ҳорун ар-Рашид. 223 ҳижрий санада Самуррода таваллуд топган. Мунтасирга отаси вафот этгандан сўнг 247 ҳижрий сана Шаввол ойида байъат берилган. У ўткир ақлли, яхшиликка қизиқтирувчи бўлган. Мунтасир кечиримлилик ҳақида “Бировни кечиришнинг лаззати даво топишдаги лаззатдан яхшироқ”, дер эди. 248 ҳижрий санада Робиул охир ойининг бешинчи куни Самуррода табибнинг асбобига суртилган заҳар туфайли вафот этган. Халифалик муддатлари олти ойдан ошиқ бўлган[7].
  3. Мустаин: Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳорун ар-Рашид 221 ҳижрий санада Самуррода таваллуд топган. 248 ҳижрий санада унга Мунтасир вафотидан кейин байьат берилган. Унинг халифалик даври 251-ҳижрий санагача давом этди. У ва Мўьтаз орасидаги жанглардан сўнг 252-ҳижрий санада шаввол ойининг учинчи куни суюққасд туфайли вафот этди. Уни Саид Ҳожиб Мўьтазнинг буйруғи билан ўлдирди. Мустаин ўша вақтда ўтттиз бир ёш эди[8].
  4. Мўьтаз: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Ҳорун ар-Рашид 232 ҳижрий санада Самуррода таваллуд топган. 252 ҳижрий санада унга байьат берилган. Ўшанда Мўьтаз йигирма ёшда бўлган. Ундан олдин бирон халифа бундай ёшда бўлмаган эди. У 255 ҳижрий санада вафот этган[9].
  5. Муҳтадий: Муҳаммад ибн Ҳорун (Восиқ биллаҳ) ибн Муҳаммад ибн Ҳорун ар-Рашид. Унинг куняси Абу Исҳоқ бўлган. Имом Суютий ўзининг “Тарихул хулафо” асарида “Солиҳ халифа” деб лақаб берган.[10] У бобоси Восиқ даврида таваллуд топган. Имом Зириклий 222 ҳижрий санада Самуррода деган.[11] Унга 255 ҳижрий санада ражаб ойи тугашига бир кеча қолганда байъат берилган.[12] У адолатида Умар ибн Абдулазизга ўхшаган. У 256 ҳижрий санада ўлдирилган. Унинг халифалик даври ўн бир ой ва бир неча кун бўлган[13].
  6. Мўьтамид: Аҳмад ибн Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Ҳорун ар-Рашид. Унинг куняси Абул Аббос бўлиб, 229 ҳижрий санада Самуррода таваллуд топган. 256 ҳижрий санада Муҳтадий вафотидан икки кундан сўнг унга байьат берилди. 279 ҳижрий санада Бағдодда вафот этган. Жасади Самуррога олиб борилиб, ўша жойда дафн қилинди[14].

Имом Термизийни ҳаёти давомида кўплаб сиёсий ҳодисалар ва диний фитналар бўлиши билан илмий ва маданий ҳаёт ҳам гуллаб яшнади. Бу асрда фақиҳлар, муҳаддислар, мусаннифлар ва калом илми олимлари кўпайди.

Имом Термизий даврларида ҳадис илми: III ҳижрий аср ҳадис илми ривожида бошқа асрлардан ажралиб туради. Бу асрда жарҳ ва таъдил олимлари машҳур бўлдилар. Олти саҳиҳ китобни ҳаммаси шу асрда ёзилди. Саҳиҳ ҳадисни ўзида жамлаган икки Жомеъ китобларини ёзилиши ҳадис илми борасида катта бурилиш бўлди.

          Бу асрда яшаб ижод этган олимлардан баъзиларини келтирилади:

Яҳё ибн Маин, Али ибн Мадиний (в.234ҳ.), Аҳмад ибн Ҳанбал (в.241ҳ.), Абу Бакр ибн Абу Шайба (в.235ҳ.), Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (в.256ҳ.), Иброҳим ибн Ёқуб Жузжоний (в.259ҳ.), Абу Зуръа Розий (в.264ҳ.), Абу Ҳотам Розий (в.277ҳ.), Абу Исо Термизий (в.279ҳ.), Абдураҳмон ибн Юсуф ибн Хирош (в.289ҳ.), Муҳаммад ибн Жарир Табарий (224-310ҳ.), Исҳоқ ибн Роҳавайҳ (161-238ҳ.) ва бошқа кўплаб олимларни келтириш мумкин. Буларнинг барчаси ҳадис илми Имомлари ҳисобланиб, бу илм байроғини баланд кўтардилар. Ўзларини ҳадис ва тарих китобларида кейингиларга кифоя қиладиган илмни қолдирдилар.

Ўз асрининг имомларидан бўлган шайх Муҳаммад Анвар ал-Кашмирий ўзини “ Файзу-л-борий” китобида шундай дейди:

 “Албатта, мутааххир олимларнинг бир ҳадисни ҳасан ёки саҳиҳ деб ҳукм қилишлари мутақаддим олимларнинг бир ҳадисни ҳасан дейишлари билан тенглаштирилмайди. Чунки мутақаддим олимлар ровийларга яқин даврда бўлгани учун ровийларни ишончли ёки ишончли эмаслиги борасидаги ҳолатларини яхшироқ билганлар. Улар масалани тўлиқ ва ҳар бир қисмини ўрганишдан сўнг ҳукм чиқарганлар. Мутааххир олимлар эса ривоят қилинган асарларни ўқигандан ва уларнинг ҳолатлари ёзилган вароқларни ўргангандан сўнггина ҳукм чиқарганлар.

Ҳаким инсон билан бошидан тажриба қилиб ўтказган киши ўртасида қанчалар фарқ бор экани сизга маълум. Мутааххир олимларда оқ қоғозларга ёзилган қора битиклардан бошқа нарса бўлмаган бўлса, мутақаддим олимларнинг илмлари кўз билан кўргандек эди. Чунки улар ровийларнинг кўпини ўзлари кўрганлар. Шунинг учун уларни қандай эканликлари ҳақида сўрашдан ва инсонларнинг оғизларига қарашдан беҳожат бўлганлар. Улар инсонларнинг ҳолатларини яхши билувчидир. Ибрат мутақаддим олимлардан олинади.

Масалан, сен Имом Нававий бир ҳадис ҳақида гапирган сўзларига дуч келсанг ва Термизий ўша ҳадисни ҳасан деб таърифлаган бўлса, сен Имом Термизий тутган йўлини олмоғинг лозим бўлади. Ҳофиз ибн Ҳажар Имом Термизий ҳасан деган ҳадисни қабул қилмай яхши иш қилмаган. Чунки, Ҳофизнинг илми қоидаларга бино қилинган. Имом Термизийнинг бир ҳадисга ҳукм бериши соғлом ва тўғри кўриш, учрашиш асосида бўлган. Мана шу ҳақиқий илм бўлади. Қоидаларга келсак, улар кўрнинг ҳассасидир”,[15] деган.

 Юқорида жомеъ ва саҳиҳ китобларни шу асрда ёзилгани айтилди. Шу билан машҳур муснадлар ҳам мана шу асрда ёзилган. Мисол, Муснад Аҳмад ибн Ҳанбал (в.241ҳ.) , Абу Исҳоқ ал-Мутовваий (в.210ҳ.), Абдуллоҳ ибн Зубайр ал-Ҳумайдий (в.219ҳ.), Яҳё ибн Абдулҳамид ал-Ҳаммоний (в.228ҳ.), Абу Жаъфар ал-Муснадий (в.229ҳ.), Усмон ибн Абу Шайба (в.239ҳ.), Муҳаммад ибн Аслам ат-Тусий (в.242ҳ.), Абу Исҳоқ ал-Жавҳарий (в.244ҳ.), Абул Ҳасан аз-Зуҳалий (в.253ҳ.) ва бошқа олимлар муснадларини келтириш мумкин[16]. Саййид Муҳаммад ибн Жаъфар ал-Каттоний “ар-Рисола” китобида: “Ҳижрий учинчи асрда тўқсонта муҳаддис ва ҳофиз” бўлган, деган[17]. Агар Имом Суютийнинг “Тобақоту-л-ҳуффоз” китобига назар солинса, у эрда бу асарда икки юз тўқсон бешта ҳофизнинг исмини келтирганини топиш мумкин. Бу рақам Имом Суютий саҳобалардан то ибн Ҳажаргача зикр қилган ҳофизларнинг тўртдан бирини ўз ичига олади. Бу Имом Термизий яшаган етмиш йил, ҳадис илми олимлари ва ёзилган китоблар билан гуллаб яшнаганини кўрсатади.

III ҳижрий асрда илм ва маърифат; Мовароуннаҳр Имом Термизий яшаган даврларда бешта асосий қисмга бўлинган эди. Улар:

  1. Суғд бу жойни икки пойтахти бўлган Бухоро ва Самарқанд
  2. Хоразм

 3.Чағанён (Амударёни бошланғич қисми)

  1. Фарғона
  2. Шош (Тошкент)[18].

Бу ҳудуд ҳақида Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Банно ал-Мақдисий таҳминан (380 ҳижирй санада вафот этган), “ Аҳсану-л Тақосим фи маърифатил ақолим” китобида Машриқ иқлими ҳақида гапириб шундай деган:

“Машриқ минтақаси энг яхши, фозил, олимлари кўп, яхшилик манбаи, илм барқарор, ислом рукинлари махкамланган, қўрғонлари буюк, подшоҳлари мулки энг кўпи қўшинлари энг яхши қўшин, куч-қувват эгаси бўлган қавм. Уларнинг бошлари катта, исмлари улуғ, моллари кўпдир[19]. Бу ер аҳолиси ўртасида Сижистон ва унинг атрофидаги каби хорижийлар ёки Найсабурдаги мўьтазила, шиа, карромия каби йўналишлар йўқ. Бу иқлимларда асоссан Аҳли Сунна вал-жамоа йўналиши бўлиб, икки мазҳабга эргашилар. Булар ўртасида мазҳаблараро қонли тўқнашувлар бўлмаган. Улар ҳанафий ва шофеий мазҳабига эргашдилар. Бу ўлкада бирор киши қози бўладиган бўлса фақат мана шу икки мазҳаб вакилларидан бўлган[20]. Бу муборак ўлкалардан бе ҳисоб шофеий ва ҳанафий мазҳаби олимлари чиққан.

Имом Термизий яшаган даврида диний илмлар билан бир қаторда жуда кўплаб дунёвий илмлар ҳам ривожланди. Халифа Маъмун даврида Юнонларни жуда кўплаб китоблари таржима қилинди. Маьмун Бағдодда “Байту-л- Ҳикма” академиясини ташкил қилди. Бу ерда қадимги халқлардан қолган китоблар таржима қилинди[21].

 Ҳунайн ибн Исҳоқ(194-264ҳ.) жуда кучли таржимон бўлиб, араб,форс, юнон, сурёний тилларни жуда яхши билган. У Дору-л-Ҳикма академиясига бошлиқ қилиб тайинланди. У Константинопол ва Кичик Осиё каби кўплаб ўлкалардан келтирилган китобларни аввал сурёний тилига сўнгра араб тилига таржима қилар эди. У Мўьтасим, Восиқ, Мутаваккил замонларида таржимонлик қилган. Мусулмонлар ўша даврда фақат юнон китоблари билан чекланиб қолмай, балки ҳиндлардан ҳисоб ва ҳандаса (муҳандис ва ўлчов) илмларини ҳам ўргандилар[22].

Мусулмонлар ушбу илмлар билан тиббиёт илмини ҳам жуда яхши ўргандилар. Ҳорун ар-Рашид Бағдодда жуда катта касалхона қурдирган. У ерда дориларни сақлайдиган омборлар ҳам бўлган. Мусулмонлар биринчи бўлиб, дорилар сотиладиган дорихоналарни ташкил қилганлар. Улар дори дармон билан кифояланмай балки инсонларга ташхис қўйишни ҳам ўргандилар. Ушбу илмлар билан биргаликда ҳисоб илми ҳам ривожлана бошлаган. Мусулмонлар илк бор ўнлик рақамларга нол рақамини киритганлар. Уни биринчи бўлиб, фанга Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий киритиб, ҳисоб илми борасида “ал-Жабр ва-л-Муқобала” деган китоб ёзган. У илм бугунги кунда алгебра деб номланади[23].

 Мусулмонлар III ҳижрий асрда ўзларини илмлари билан бутун дунёни зулматдан нурга чиқардилар. Ушбу аср мусулмонларнинг олтин асри бўлди, десак хато бўлмайди.

 

 

[1]Қаранг: Имом Жалолиддин Суютий. Тариху-л- Хулафо. – Байрут, Дору-л-Фикр 1394 ҳ. –Б. 284-309 // Имом Зириклий. Аълом. – Байрут, Дору-л-илм, 1979. Ж.4 –Б.142.

[2] Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам, 2001. –Б.16.

[3] Қаранг: Имом Жалолиддин Суютий. Тариху-л- Хулафо. – Байрут, Дору-л-Фикр, 1394 ҳ. –Б. 309-315; Имом Зириклий. Аълом. – Байрут, Дору-л-илм, 1979. Ж.7. – Б. 127.

[4] Қаранг: Имом Жалолиддин Суютий. Тариху-л- Хулафо. – Байрут, Дору-л-Фикр, 1394 ҳ. –Б. 315-320 , Имом Зириклий. Аълом –Байрут, Дору-л-илм, 1979. Ж.8. –Б. 62.

[5] Қаранг: Имом Зириклий. Аълом. – Байрут, Дору-л-илм, 1979. Ж.2. –Б.127.

[6] Қаранг: Имом Жалолиддин Суютий. Тариху-л- Хулафо. – Байрут, Дору-л-Фикр, 1394 ҳ. –Б. 320 ; Имом Зириклий. Аълом. –Байрут, Дору-л-илм, 1979. Ж.2. –Б.127.

[7] Қаранг: Имом Жалолиддин Суютий. Тариху-л- Хулафо. – Байрут, Дору-л-Фикр, 1394 ҳ. –Б. 330-331; Имом Зириклий. Аълом. –Байрут, Дору-л-илм, 1979. Ж.6. –Б.70.

[8] Қаранг: Имом Жалолиддин Суютий. Тариху-л- Хулафо. – Байрут, Дору-л-Фикр, 1394 ҳ. –Б. 331; Имом Зириклий. Аълом. –Байрут, Дору-л-илм, 1979. Ж.1.-Б. 240.

[9] Қаранг: Имом Жалолиддин Суютий. Тариху-л- Хулафо. – Байрут, Дору-л-Фикр, 1394 ҳ. –Б. 333-334.

[10] Қаранг: Имом Жалолиддин Суютий. Тариху-л- Хулафо. – Байрут, Дору-л-Фикр, 1394 ҳ. –Б.. 334.

[11] Қаранг: Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам, 2001. –Б.22.

[12] Қаранг: Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам, 2001. –Б.22.

[13] Қаранг: Имом Жалолиддин Суютий. Тариху-л- Хулафо. – Байрут, Дору-л-Фикр, 1394 ҳ. –Б. 334-336 ; Имом Зириклий. Аълом. –Байрут, Дору-л-илм, 1979. Ж.7. –Б.128.

[14] Қаранг: Имом Жалолиддин Суютий. Тариху-л- Хулафо. – Байрут, Дору-л-Фикр, 1394 ҳ. –Б. 334-336 ; Имом Зириклий. Аълом. –Байрут, Дору-л-илм, 1979. Ж.1. –Б.106-107.

 

[15] Муҳаммад Анвар ал-Кашмирий. Файзул борий ала саҳиҳ Бухорий. – Қоҳира, Ҳозий 1357 ҳ. Ж.4. – Б.414-415.

[16] Қаранг: Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам, 2001. –Б. 25-26.

[17] Муҳаммад ибн Жаъфар Каттоний. Ар-Рисола. – Байрут, Дору-л Башоир, 1406 ҳ. – Б. 127.

[18] Қаранг: Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам, 2001. –Б. 28.

[19] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Мақдисий. Аҳсанул тақосим фи маърифатил ақолим. – Байрут,Дорул иҳё туросул арабий 1408 ҳ. –Б.212.

[20] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Мақдисий. Аҳсанул тақосим фи маърифатил ақолим. – Байрут,Дорул иҳё туросул арабий 1408 ҳ. –Б.252-253.

[21] Қаранг: Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам 2001. –Б.31.

[22] Қаранг: Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дору-л-қалам 2001. –Б.32.

[23] Қаранг: Юсуф Иш. Тариху асрул хилафати Аббосия. – Дамашқ, Дору-л-Фикр 2000. – Б. 243.

 

Тошкент ислом институти

 "Ҳадис ва ислом тарихи фанлари"

кафедраси ўқитувчиси Ф.Хомидов

Мақолалар

Top