Мақолалар

Ўзбекистон – ўктам оила

“Меҳр – кўзда, кўришиб, бир-бирингдан хабардор бўлиб турсанг, ўзаро муҳаббат, оқибат ортади”, деган гап бор. Асрлар давомида ҳаётий тажрибаларда синалган бу фикрга зарра эътироз йўқ. Лекин шу кунларда ёруғ дунёнинг энг ширин неъматларидан бўлган меҳрнинг бундан-да бир ҳароратлироқ, ёруғроқ таърифи ўз-ўзидан умр саҳифаларимизга сарлавҳа бўлаётгандек: “Меҳр – қалбда”. Саховатли, мурувватли қалблардаги меҳр шуъласи айни ташналик, хавотир безовта қилаётган, моддий-маънавий қўллаб-қувватлашга интизор бўлиб турганлар қалбига нур, таскин, хотиржамлик, миннатдорчилик олиб киради. Буни юртимиз аҳолисига Юртбошимизнинг, улар бошлаб берган “Саҳоват ва кўмак” йўлидан бораёганларнинг азму иродаси қайта-қайта тасдиқламоқда.  

Радио, телеэкранлардан, интернет тармоқлари орқали дунё халқлари бошига тушган бугунги синов – коронавирус пандемияси даврида бўлаётган воқеа-ҳодисаларни  кузатаркан... яна бир ажойиб кайфиятни ҳис этдим. Шу пайтгача умримизнинг кўп қисми  ўқиш, иш билан боғлиқ равишда бевосита мактаб, олийгоҳ, ишхоналарда кечди. Истаган пайтингда ёки хизмат юзасидан танишу нотанишлар, ҳамксблар, қариндошлар, қўшнилар билан учрашиш, мулоқот барчамизга оддий ҳолат бўлиб қолган. Лекин қарангки, эл соғлиги, омонлигини сақлаш мақсадида юртимизда карантин чоралари кўрилиб, аҳолининг аксари қисми уйларидан чиқмай ўтиришлари қатъий шарт қилиб қўйилгач, бошқаларни билмаймаан-у, лекин мен шу азиз диёримизда яшовчи ҳар бир ватандошимдан ўзимга нисбатан ҳар доимгидан ҳам кўпроқ яқинлик, қадрдонлик, жонкуярлик ҳароратини ҳис этдим. Ўз соғлигини, тинчини, оиласи саломатлигию осойишталигини гаровга қўйиб хавфли касалликка чалинганларни даволаш, ундан бошқаларни муҳофаза қилиш, бундай шароитда эҳтиёжмандларнинг оғирини  енгил, узоғини яқин қилиш азмида бўлганларнинг барчаси менинг, фарзандларим, қариндошу қўшниларимнинг ҳам ғамхўримиз, меҳрибонларимиздир.

Жуда тўпори ўхшатишдек туюлиши мумкин: ота-онамиз бағрларида ўсганда, оталаримиз кунларини асосан рўзғор ташвишида ишхонада, кўчада ўтказишарди. Бошимизни силаган, овқатимизни пиширган, тоза ювиб тараган – оналаримиз. Бироқ ўшандай кунларда сал тобимиз қочиб, бетоб бўлиб қолсак борми, отажонларимизнинг тинчлигу халовати буткул йўқоларди; бошимизда қуёшдек парвона бўлиб, кўнглимиз нимани тусаса, шуни муҳайё қилишарди. Телеэкран орқали мамлакатимизнинг ҳар кунги ҳаётини кузатарканман, беморларни аниқлаш, уларни имкони борича тез ва асоратсиз даволаш, дарддан фориғ бўлганлар аҳволини янада мустаҳкамлаш, бошқаларнинг бу дардга йўлиқмаслиги учун чоралар кўриш, карантинда ўтирган, вақтинча иши ёки ойлик даромадидан айрилганлар моддий жиҳатдан қийналиб қолмаслиги... юрт бошига тушган бу оғир синовни енгишга, мамлакат иқтисоди зиммасига тушаётган зарбани енгиллаштиришга ҳисса қўшаётганларни рағбатлантириш, уларнинг сарфлаган бирлари ўн бўлиб қайтиши учун кетма-кет қарору фармонлар чиқараётган мамакатимиз Президентининг ҳар бир сўзларидан давлатимиз ички сиёсатида юрт фуқароларининг соғлиги, тинчлиги, фаровон яшаши ҳамма нарсадан устун, бебаҳо эканини ҳис этасан. 

Назаримда, карантин кунларида уйда ўтирганлар имкони бўлса ерида ишлайдими, тикадими, тўқийдими, ўқийдими, ёзадими, пиширадими... шу билан бирга, ҳар биримизнинг муҳим ишимиз қалб меҳнати бўлиши керакдек. Устози ҳеч кимга кўрсатмай қуш сўйиб келишни буюрган талаба бўш қўл билан келиб: “Устоз, сизнинг талабингизга кўра мен қуш сўймадим. Чунки қаерда бу ишни қилсам, Аллоҳ кўриб турибди”, дегани ёдингизда, албатта. Яширишнинг ҳожати йўқ: иш жойимизда, кўпчилик орасида кимнингдир эътиборини қозониш, камгадир маъқул бўлиш ва яна қандайдир каттаю кичик илинжлар билан қилинган ҳаракатлар ҳам учраб қолади. Дунё аҳлининг, жумладан жонажон диёримиз  аҳолисининг бошига тушган синов ҳар биримизнинг тақдиримиз Ўзбекистон номли ўктам оила аъзолари – ўзбекистонликлар билан қону жондек туташ эканини, бу қутлуғ хонадон Бошлиғи  ҳар биримизнинг соғу саломатликда ҳаётдан рози бўлиб яшашимиз учун Аллоҳ розилигини тилаб астаҳидил саъй-ҳаракатда эканини ҳар домгидан ҳам чуқурроқ ҳис этдик. Ҳақ розилиги, ватандош-тақдирдошлар розилигига муносиб бўлмоқ ҳар биримизга насиб этсин.

Қутлуғ Рамазони шариф арафасида республикамизда коронавирусга чалинган беморлар сонининг кунлик ўсиши анча пасайиб, тузалганлар сафи кескин орта бошлади. Аллоҳга шукроналар бўлсин!

Қутлуғ кунлар муборак, бу кунларнинг дуолари қалблару осмонларни тўлдирсин, ижобатлари янада хайрли, қувончли, саодатбахш бўлсин.  

 

Муҳтарама УЛУҒОВА.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими

Read 2302 times

Мақолалар

Top