Мақолалар

Ватанга муҳаббат – илоҳий туйғу

Бир туйғу бор: асло сўнмайди. Бир ҳис бор: ҳеч қачон камаймайди. Бу Ватан туйғуси, юртга муҳаббат ҳиссидир. Мана шу туйғу, мана шу ҳисни ҳар доим қалбимизнинг тубтубида асраймиз. Илло, ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрам арафасида бу туйғу, бу ҳис жўш ураверади. Сабаби...

Ватанни севиш туйғусини Аллоҳ таоло ҳазрати инсоннинг қалбига жо айлаган. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ: «Одам Ватанини, гарчи у чўл бўлса ҳам, борича севади. Ватанга муҳаббат туйғуси – савқи илоҳий. Инсон ватанидан бошқа жойда хотиржам бўла олмайди», деган.

Энди дўппини ечиб, бир тафаккур қилиб кўрайлик. Шундай жаннатмонанд Ватанни эъзозламай бўладими? Ахир, бугунги дориломон, саодатли кунларни аждодларимиз орзу қилиб ўтишдику! Отабоболаримиз умид қилган кунлар, шукрки, бизга насиб этди.

Муқаддас динимизда Ватанни севиш имоннинг белгиси экани айтилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан Мадина шаҳрига кўчиб кетаётиб йиғладилар. Маҳзун ҳолда она шаҳри Маккага қайта-қайта қараб: “Қасамки, албатта, сен Аллоҳнинг энг яхши маконисан ва Аллоҳнинг энг маҳбуб шаҳрисан. Агар мени сендан чиқармаганида, асло чиқмасдим”, деганлар (“Фатҳул борий”).

Пайғамбаримиз она шаҳридан чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Лекин доим ўзлари туғилиб ўсган Макка сари талпинар эдилар. Аллоҳ таолонинг: «(Эй Муҳаммад!) Албатта, сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган Зот, шакшубҳасиз, сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир» (Қасас сураси, 85оят) ояти нозил бўлгач, таскин топдилар.

Мўътабар ҳадис китобларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан қайтаётиб Мадина кўчаларини кўрган вақтларида туяларини ниқтаганлари келтирилган. Имом Ҳумайднинг ривоятида: “Мадинани севганларидан уловни ниқтардилар”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ “Фатҳул борий фи шарҳи Саҳиҳил Бухорий” асарида ушбу ҳадисни шарҳлаб: “Бу ҳадис Мадина шаҳрининг фазлини билдириш билан бирга, Ватанни севиш зарурлигига ҳам ишора қилади”, деганлар.

Имом Заҳабийнинг “Сиярул аълом аннубало” китобида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ватанларини яхши кўрганлари келтирилган.

Фақат инсонгина эмас, балки ҳайвонлар ҳам ўз Ватани – инини ҳеч нарсага алишмайди.

Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи алайҳ: “Мен Ватандан айрилиқдек оғир синовга дучор бўлмаганман” (“Ҳулятул авлиё”), деган.

Мухтасар айтганда, бугун Ватанимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини фақат кўриш, кузатиш эмас, балки муносиб ҳисса қўшишимиз лозим. Ахир, доимо эзгу ишларнинг пайида бўлиш мўмин кишининг сифатику.

 

Эрдон ЭСОНОВ,

Тошкент шаҳридаги “Шайх Зиёвуддинхон” жоме масжиди имом-хатиби

Ҳидоят журналидан

Read 2493 times

Мақолалар

Top