Мақолалар

Ўтганларни хотирлаш – улуғ амаллардандир

Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қўлга киритгандан сўнг ҳукуматимиз томонидан миллий ва диний қадриятларимизни қайта тиклаш ҳамда маънавиятимизни юксалтиришга улкан эътибор қаратила бошланди. Хусусан, тарихий обидаларимиз, муқаддас қадамжолар ва буюк алломаларимизнинг мақбараларини қайта тиклаш ва уларни обод қилиш борасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилди. Шунингдек миллий ва диний байрамларимиз, урф-одатларимиз кенг тарзда нишонланиб, бу ёруғ кунларни кўрмасдан дунёдан ўтган, ўз Ватанининг тинчлиги йўлида жон фидо қилган II-жаҳон уруши қатнашчиларини хотирлаш мақсадида Республикамизда 9 май - Хотира ва қадрлаш куни деб белгиланди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб айтдилар: ”Сизлардан вафот топиб кетганларни тирикликда қилган яхши амалларини ёдга олиб туринглар”.

Ҳақиқатан ҳам, ўтганларни хотирлаш савобли ва хайрли амаллардандир. Тарихга бир назар соладиган бўлсак, 1941-1945 йилларда қонхўр фашизмга қаратилган шиддатли жангларда қанчадан-қанча ота-боболаримиз ўз юртининг тинчлиги учун мардларча курашиб, жон фидо қилдилар. Бу ёруғ кунларни кўриш эса уларнинг аксариятига насиб этмади. Улар тинчлик ва истиқлол неъматига мушарраф бўлиш бахтидан бенасиб ҳолда армон билан, кўзда ёш билан дунёдан ўтдилар.

Ўзининг кўп йиллик кўхна тарихини ҳамда ота-боболарининг шу юрт учун чеккан  жабру-жафоларини  унутмаган халқимиз ҳар йили 9 май - Хотира ва қадрлаш кунини муносиб тарзда кутиб олади. Ўтганларимиз руҳи-покларига Қуръон тиловатлари ва хайрли дуолар қилинади. Барҳаёт бўлганларини эса ҳолларидан хабар олинади, моддий ва маънавий кўмак берилади.

Жорий йил ҳам муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга қаратилган самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан Тошкент шаҳар Олмазор туманида янгидан бунёд этилаётган кўркам хотира майдони том маънода бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жон фидо қилган аждодларнинг хотирасини ёд этиш ҳамда юртимиз файзи бўлиб юрган кекса ёшдаги уруш фахрийларимизни эъзозлаш каби олийжаноб қадриятларимизнинг давомийлигини таъминлайди десак асло муболаға бўлмайди. Зеро, юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ота-боболаримизни хотирлаб, уларни ёдга олиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

 

Аброр АЛИМОВ,

Тошкент шаҳар“Ҳувайдо”

жоме масжиди имом-хатиби

 

Read 3488 times

Мақолалар

Top