Мақолалар

Ватанни севмоқ имондандир

Ватан остонадан, инсоннинг киндик қони тўкилган тупроқдан бошланади. Кишининг туғилиб ўсган уйи, маҳалласи, қишлоғи, яқинлари – Ватан деган тушунчада мужассам. У кенг маънода бирор халқ вакиллари жамулжам яшаб турган, уларнинг аждодлари азал-азалдан истиқомат қилган ҳудудни англатади

 “Ватан” атамаси аслида арабча сўз бўлиб, она юрт маъносини англатади.  Улуғ зотлардан бири “Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир”, – деб таърифлаган.

Ватан меҳри аввало, инсоннинг ўз оиласи, уйи, маҳалласи ҳамда туғилиб ўсган юртига меҳр-муҳаббатидир. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилатлардан экани кўп зикр этилади. Бу ҳақда: “Ватанни севмоқ имондандир” дейилган ҳикматни эсга олиш кифоя. Ватанни севиш инсонга хос табиий туйғу бўлгани учун Ислом дини уни имоннинг бир бўлаги деб қарайди. Машҳур саҳобалардан Билол (розияллоҳу анҳу) Мадинага кўчиб борганларида  ўзларининг азиз ва муқаддас диёрларини эслаб, соғиниб шеърлар ўқир эди. Бу ҳам, албатта, ҳар бир инсоннинг қалбида Ватанига, туғилиб ўсган диёрига муҳаббатли бўлиши табиий эканини англатади.

 Ҳазрати Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу): “Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлган”, деганлар.

Улғайиб вояга етган заминга меҳрли бўлиш, унинг ҳар бир ҳовуч тупроғини муқаддас деб билиш, кўзга тўтиёдек суртиш, бир умр фарзандлик садоқати билан яшаш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарз ҳисобланади.  Ватанни севиш ҳисси инсонда туғма бўлса ҳам, албатта уни ривожлантириш ва тарбия қилиш лозим.  Яъни, ватанга бўлган муҳаббат тарбиялангандагина  Ватанпарварлик деб аталган улкан туйғуга айланади. Шу боис ота-оналар фарзандлар қалбига ватанпарварлик туйғусини жойламоқлари лозим.

Бутун мусулмон оламига диний билимларни ўргатиб келган Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Лайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий, Қаффол Шоший каби буюк боболаримиз ҳам Ватанга бўлган кучли муҳаббатлари туфайли ўзларининг тахаллусларини киндик қонлари тўкилган юрт номи билан боғлаганлари ҳам ана шундай эътироф ва эътиборнинг ўзига хос амалий ифодаси ҳисобланади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) Маккадан Мадинага ҳижрат қила туриб, Макка чегарасига етганларида орқаларига қараб: “Эй, туғилган она юртим, агар ўз қавмим мени мажбур қилмаганида, сени тарк этмас эдим”, – дея ноиложликдан кўчиб кетаётганларини изҳор қилганлар.

Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий  бундай деганлар:

Ватан таркини бир нафас айлама,

Яна ранжу ғурбат ҳавас айлама.    

Буюк шоир ва саркарда, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ҳам Ватанни қадрини англашга ёрқин мисол бўла олади. Ўз даврининг йирик давлатларидан бирининг ҳукмдори бўла туриб, бир умр Андижонни, сўлим Фарғонани, бобокалонларидан мерос Самарқандни қўмсаб ўтади, ижодининг салмоқли қисмида Ватан соғинчи иси уфуриб туради.

Келтирилган ҳадис ва ибратли мисоллардан маълум бўладики, Ватан инсон учун муқаддас, ҳеч бир нарса билан алмаштириб бўлмайдиган туйғу, у ўз-ўзидан севилишга, ардоқланишга ва қадрланишга лойиқдир.

Ватан – муқаддас макон. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи ҳам куйдирмас экан. Бу тўғрида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар (алайҳиссалом); “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, – деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).

Юртимиз довруғини дунёга таратган буюк аждодларимиздан, кубравия таълимоти асосчиси Нажмиддин Кубро ҳақиқий Ватан ҳимоячиси қандай бўлишининг ёрқин мисоли бўла олади. Замонасининг йирик алломаларидан, минглаб муридларга эга бўлган бу тариқат пешвоси мўғуллар бостириб кирганлигидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукмдорлар Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилади. Ватанни ўз жонидан устун билган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши жангга киради ва туғ кўтариб, лашкарни олға чорлаб бораётган ҳолатда шаҳид бўлади. У зот туғни шунчалар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, байроқни қўлларини кесибгина олишга  муваффақ бўлишади. Тарихимиздан бунга ўхшаш мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб ҳисобланса, унга хиёнат қилиш, қурол билан бостириб кириш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади.

Ҳар бир инсон ўз ватани,  оиласи ва халқини кўз қорачиғидек асраб-авайлаши лозим. Аксинча, ватанига хиёнат қилиш, ота-онаси, фарзандлари ва халқининг қадрига етмаслик, уларни ўйламаслик ёки уларга қарши қурол кўтариш исломдаги энг оғир гуноҳ ва жиноятдир. Бу нарса инсонийлик мезонига ҳам тўғри келмайди. Зеро, инсон ўз Ватанининг равнақи учун фидойилик кўрсатиши, бу йўлда керак бўлса, жонини ҳам бериши лозим бўлади.

Ватанпарварлик туйғуси билан яшаш, фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш зиммамиздаги улкан масъулиятдир.

  

М. Қораев,

 “Хожа   Бухорий”   ўрта   махсус  ислом  билим

 юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари     

Read 7076 times

Мақолалар

Top