Мақолалар

Ватан ҳимояси – шарафли вазифа

Дунёда касблар жуда кўп. Кимдир инсонлар дардига дармон излаб, шифокорлик номини эъзозлаб яшайди. Кимдир кўчат экиб боғ яратади, кимдир эса ҳунармандчилик билан ижод қилади. Бироқ, бир касб эгалари борки, уларнинг табиатига шижоат ва матонат хосдир. Улар Ватан учун хизмат қилишни, тинчлигу осойишталикни асрашни шарафли бурч деб билган ҳарбийлар – Втанимиз ҳимоячиларидир. Эътибрли жиҳат шундаки – қайси соҳа ё касб бўлмасин, барча юртимиз, ундаги бу тинчлик-осойишталикнинг қадрига етади. Ватанини севиб ардоқлайди, Ватанга муҳаббат ҳар бир мўминнинг беқиёс фазилати экнини юракдан ҳис қилади.

Ўғлим, бул ҳикматни қилгин бошга тож:

Ҳеч кимса бўлмасин номардга муҳтож.

Эр йигит қалқондир юртига доим,

Мангудир Ватанда мардга эҳтиёж.

Абдулла Ориповнинг ушбу мисралари киши юрагида юрт ҳимояси ва хизмати учун иштиёқ уйғотади.

Айни пайтда дуёнинг қайсидир бурчагида нотинчлик, урушлар давом этаётган бир пайтда минг бора шукрки, юртимизда тинчлик ҳукмрон, осмонимиз мусаффо, эркимиз ўз қўлимизда, юмушларимизни хотиржам адо этамиз. Ватанимиз сарҳадларини мард ва жасур юртдошларимиз ҳимоя қилмоқда. Ҳарбийларимиз туну кун юрт ҳимоясига бел боғлаганлар. Уларнинг мислсиз шижоатлари эвазига Республикамизнинг биринчи Президентининг 1993 йил 29 декабрдаги қарорига биноан ўша йилнинг 14 январидан бошлаб – ушбу кун Ватан ҳимоячилари куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Бугун халқимиз бу кунни катта байрам, буюк ва муқаддас Ватанимиз тақдирини ўз тақдири деб билган мардлар байрами сифатида хурсандчилик билан тантана қилади. Бу юрт учун фидоий инсонлар, қалбида Ватан муҳаббати борларнинг байрамидир. Шу боис, унинг шукуҳи халқнинг кўнглидан, маънавиятидан чуқур жой олган.

Ислом дини таълимотида инсон ўзи яшаб турган ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ ва мақталган амаллардан ҳисобланади. Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш эса динимиз манбаларида улкан савобли амал саналади. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир”, - деб марҳамат қилганлар. Дарҳақиқат, ўз ҳаётини юрт фаровонлиги учун бахшида этган инсонларнинг холис хизмати сабаб эл фаровон бўлади, не-не эзгуликлар амалга оширилади. Инсоннинг қалбидаги имони уни ватанини ҳимоя қилишига ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражасида ҳисса қўшишга ундайди.

Бундан ташқари, Ислом дини ривожига ҳисса қўшган имом Муҳаммад Ғаззолий бундай дейди: “Инсон ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам севади. Ватанни севмоқ қалбдаги асл, туғма табиатдир. Туғма табиат инсонни ватанида яшаб турганда хотиржам, ундан йироқда бўлганда соғинадиган, унга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қиладиган, унга ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди”. Дарҳақиқат, Ватан ҳар бир инсон учун энг қадрли ва энг суюкли даргоҳдир. Қалбида имони бор инсон ўзи учун қадрли ва суюкли бўлган, унинг бағрида киндик қони тўкилган жойга меҳр қўяди, уни кўз қорачиғидек авайлайди, керак бўлса моли, вақти, кучи, ҳатто жони-ю, руҳини мардларча фидо қилади. Бежиз айтилмайди ҳикматларда: “Ватанни севмоқ имондандир”.

Юртимиздаги бугунги тинч ва осуда ҳаёт, фаровонлик халқимизга туҳфа этилган энг азиз ва баҳоси йўқ неъматлардандир. Ватан хавфсизлиги ҳимоячилари эса мудом ҳурмат-эътиборда. Юртни ҳимоя қилиш нафақат ҳарбийларимизнинг, балки ҳар бир шу юртнинг ўғил-қизларининг ҳам олий вазифасидир.

Дилида имони ғурури бор инсон ўз она-Ватани учун қилган ҳар бир хизматини беминнат, чин юракдан адо этади. Бугунги кунда илм-фан ва маданият, техника ва саноат тезкор ривожланиб бораётган бир пайтда давлатимиз ҳам ўзининг юксак тараққиёт йўлидан кетмоқда. Аммо давлатимизнинг бу ютуқлари, тинч ҳаётини кўра олмаётган, фақат эзгу ғоялар асосида йўналтирилган мақсадларимизга тўсқинлик қилмоқчи бўлаётган бузғунчи ғоялар баъзи тенгдошларимизни йўлдан урмоқчи бўлади. Аммо ана шу ғояларга алданмаслик учун ўз билимимизни, юксак тарбия ва маънавиятимизни тўғри, эзгу мақсадлар сари йўналтиришимиз керак. Бу саъй-ҳаракатлар асосида ватанпарварлик туйғуси ётади.

Сўзимиз якунида, Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қуйидаги сўзларини келтирмоқчимиз:

“Урганчни босқинчилардан ҳимоя қилишда байроқ тутиб жон берган Нажмиддин Кубронинг қаҳрамонлигида, дунёни тўфондек босган Чингизхон қўшинига қарши ўн бир йил муттасил мардона кураш олиб борган Жалолиддин Мангубердининг жанговар руҳида, юртимизни истилочилардан озод қилиб, буюк давлат барпо этган Амир Темур бобомизнинг бунёдкорлик салоҳиятида ҳам маънавий жасорат туйғуси буюк ва устувор аҳамият касб этгани шубҳасиз” (“Юксак маънавият – енгилмас куч”).

 

Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири,

Юнусобод туман “Юнусобод Оқ-тепа” жоме масжиди имом-хатиби

 

Read 5982 times

Мақолалар

Top