Мақолалар

Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги янги ташаббуслари хорижий ахборот манбалари нигоҳида
Коронавирус пандемияси нафақат Ўзбекистон балки бутунжаҳон туризм соҳасига жиддий зиён келтираётган айни дамда Президентимиз томонидан соҳани қайта тиклаш бўйича олиб борилаётган ташаббуслар хорижий оммавий ахборот воситаларда ёритилмоқда.
 
Хусусан, яқинда Покистоннинг “Islamabad Daily Post” нашрида "Ўзбекистон президенти туризм лойиҳалари ҳақида баёнот берди" мавзусида мақола эълон қилинди.
 
Мақолада мамлакатмиз раҳбарининг 27 май куни туризм ва давлат активларини хусусийлаштириш соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишиш жараёнига оид ҳисобот баён этилган.
 
Мақола аввалида янги ташаббуслар доирасида ҳукуматимиз томонидан меҳмонхоналарга кўрсатган хизматининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилиши, уларга айланма маблағ учун кредит фоиз тўловларининг 10 фоизигача бўлган қисмига субсидия берилиши қайд этилган.
 
“Маълумки жорий йилнинг 16 мартидан Ўзбекистон ташқи ва ички саёҳат учун ёпилган эди. Бунинг оқибатида 1,5 мингдан ортиқ туроператор, 1,2 мингта меҳмонхона фаолиятини вақтинчалик тўхтатилган, бу эса гидлар, миллий ҳунармандчилик, зиёратгоҳ ва сиҳатгоҳлар, умумий овқатланиш, транспорт ва бошқалар билан қўшиб ҳисоблаганда 250 мингдан ортиқ аҳоли даромадига жиддий таъсир кўрсатаётганди... Пандемия даврида “Uzbekistan. Safe travel guaranteed” ("Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланган") бренди остида туристлар учун санитария-эпидемиологик хавфсизлик лойиҳасини татбиқ этилиши Ўзбекистон учун сайёҳлик тизимини яна қайта тиклаб олиш билан бирга сайёҳлар хавфсизлигини таъминлашда анча аҳамиятлидир” дейилади мақолада.
 
“EADaily” ахборот агентлигида эса "Ўзбекистон сайёҳлар учун чегараларини очмоқда" сарлавҳасида берилган хабарда мамлакатимиз раҳбарининг "Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида" фармонига мувофиқ 1 июндан Ўзбекистоннинг эпидемиологик барқарор ҳудудларда туроператорлар, сайёҳлик фирмалари, меҳмонхоналар, маданий объектлар фаолиятига рухсат берилгани, шунингдек, ҳукумат томонидан гид ва туроператорларнинг янги туристик хизматларни ривожлантириши учун грантлар тақдим этилаётгани қайд этилган.
 
Бундан ташқари, мавзуга доир хабар ва мақолалар "CANews", "РИА Новости", "Казинформ", "Инфо ШОС", "Regnum", "SNG Today" каби қатор хорижий ахборот манбаларида эълон қилинди.
 
 
Зуҳра МИРЗАБОЕВА, ЎзА
 
Манба: uza.uz
 
 
Read 2291 times

Мақолалар

Top