Мақолалар

Намозга хушёр бўлинг!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Намознинг аввалги вақти Аллоҳнинг розилигидир. Охирги вақти Аллоҳнинг афвидир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, Аллоҳнинг розилигини топаман, деган одам намозни аввалги вақтида ўқиши керак. Ноилож қолганда охирги вақтида ўқиш афв тариқасидаги рухсатдир.

Хулоса

1. Беш вақт намознинг ҳар бирини ўз вақтида ўқиш фарз. Буни унутмайлик.

2. Ҳар бир намознинг аввалги ва охирги вақти ичида, яъни ўша маълум чегараланган вақтда ўқиган одамгина намознинг фарзини адо этган бўлади.

3. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибонлигидан намозларнинг вақтини бемалол қилиб қўйибди.

4. Намозларнинг вақти табиий омиллар, яъни тонг отиши, қуёшнинг чиқиши, қиёмдан оғиши ёки ботишига қараб белгиланганлиги.

5. Намозларнинг вақти чегарадан чиқмай, турли ҳадисларда турлича айтилганлиги шароитга қараб, турлича ижтиҳод қилишга йўл очганлиги.

6. Бир мавзу бўйича ҳамма ҳадисларни яхшилаб ўрганиб чиқмасдан туриб, бир ҳукмни чиқариш дуруст эмаслиги.

Ушбу ҳадислардан битта, иккита ёки учтасини ўрганиб туриб, ҳақиқат мана шу, бошқаси нотўғри, дейишимиз мутлақо хато бўлар эди.

Шунинг учун ҳар бир нарсада ҳам бир ёки икки-уч ҳадисни ўқиб олиб, ҳукм чиқаришга шошилмаслик керак. Уни Қуръон оятларига, бошқа ҳадисларга солиштириш, айтилиш сабабларини атрофлича ўрганиш керак бўлади. Уламоларимиз бу нарсаларнинг ҳаммасини чуқур ва батафсил ўрганиб қўйганлар. Улардан фойдалансак, ўзимизга осон бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Манба: islom.uz

Read 2677 times

Мақолалар

Top