Мақолалар

“Шайх Эшон” жоме масжиди

Шайх Исҳоқ Эшон масжиди (ҳозирги кунда “Шайх Эшон” жоме масжиди деб юритилади) Наманган шаҳри, Ғишткўприк маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Қодир Отамирзаев кўчасида жойлашган.

Масжид тарихда асосан Чуқур кўча йўналишида жойлашиб фаолият олиб борган. 1910–1912 йилларда қайта бунёд этилган. Ушбу  масжид биносини қуришга тамал тоши қўйилганига бир аср бўлгани нишонланмоқда.

Ушбу масжидни ўша даврнинг саховатли кишиларидан бири Эгамбердибой ҳисобидан барпо этилган.

Масжид ён атрофидаги аҳолининг касби пиллачилик ва тўқимачилик бўлган. Шимол томонида Наманган сойнинг ёнида шаҳарнинг нуфузли қорилар тайёрлайдиган мадраса, жануб томонида эса “Муҳаммад Хўжа Амин” мадрасаси ва жомеси, шунингдек, “Баҳодирхон Эшон” масжиди жойлашган эди. Шу сабаб бу даҳада яшовчи аҳолининг кўп қисми илм-фан ва касб-ҳунар борасида ривожланган бўлиб, кўплаб зиёли ва ҳунарманд кишилар етишиб чиққан.

Масжид барпо этилганидан сўнг, Шайх Исҳоқ Эшон имомлик қилади. У кишининг фаолияти, ахлоқ-одоби, комил муршидлик фазилатларидан масжид аҳли мамнун бўлиб, халқнинг хоҳиш-иродаси билан масжид номини имом-хатиб исми билан номлаб “Шайх Исҳоқ Эшон” масжиди деб аташган.

Шўролар даврининг илк пайтида масжиддан тери маҳсулотлари сақланадиган жой – омбор сифатида фойдаланилган.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Эшон Бобохон ҳазратларининг ташаббуси билан “Шайх Исҳоқ Эшон” жоме масжиди қайта фаолият кўрсата бошлаган.

Истиқлол туфайли динимиз ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Умумжаҳон маданий меросининг таркибий қисми ҳисобланувчи ислом маданиятига мансуб бўлган минг йиллик тарихга эга, ўтмиш қаъридан оламга нур таратиб келган муқаддас обидалар, масжид ва мадрасалар мўмин-мусулмонларга қайтариб берилди. Аждодларимиздан қолган тарихий меросларимиз қайта тикланди.

Юқоридаги хайрли ва масъулиятли фаолиятларнинг амалий намунаси сифатида “Шайх Исҳоқ Эшон” жоме масжиди фаоллари саъй-ҳаракатлари билан қайта рўйхатдан ўтиб, фаолият кўрсата бошлади.

Мустақиллигимизнинг неъмати ўлароқ, масжиднинг кўрки қайта тикланди. Кўримсиз, пастқам бинолар ўрнига кўркам бинолар қад ростлади. Намозхонларга қулай ва осон бўлиши учун масжидда айвон, намоз ўқиш учун қўшимча бинолар ҳамда маъмурий хоналар ташкил этилган.

Масжиднинг ташқи қисмида 26 метрли икки минора ва дарвозахоналар қурилган. Масжиднинг шарқ томонида қадимий ҳовуз ҳозиргача сақланиб қолган. Уни янада яхши сақлаш ва келажак авлодларга қолдириш мақсадида устига шинам ва шарқона услубда шийпон ҳам барпо этилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Read 6636 times

Мақолалар

Top