Мақолалар

Аллоҳ ва Унинг Расулидан 100 ўгит: 7-ўгит: Одамларни яхшиликка буюрганда аввал ўзингиз амал қилинг!

Аллоҳ ва Унинг Расулидан  100 ўгит

7-ўгит: Одамларни яхшиликка буюрганда аввал ўзингиз амал қилинг!

Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзингизни унутасизми? Ҳолбуки, китобни тиловат қиляпсиз-ку. Ақлни ишлатмайсизми?”  (Бақара сураси 44-оят)

Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: «Қиёмат куни бир кишини дўзахга келтириб ташланади, шунда қорнидаги нарсалар ташқарига отилиб чиқади, у дўзахда ўз қорнидан чиққан нарсалар атрофида худди тегирмонни айлантирадиган эшак сингари айланиб юради. Дўзахийлар уни ўраб олиб: «Эй фалончи, сенга нима мусибат етди? Бизга амри маъруф, наҳйи мункар қилмаганмидинг?» дейишади.  Шунда у: «Сизларни яхшиликка чорлар эдим-у, ўзим қилмас эдим, ёмонликдан қайтарар эдим-у, ўзим қилардим», дейди», деганлар. (Имом Бухорий ривояти)

Ҳикмат:

Ҳикматларда айтилганки: "Ёмон уламолар  жаннатнинг эшиги олдида ўтириб олиб, сўзлари билан инсонларни жаннатга чорлайдилар. Амаллари билан эса уларни жаннатдан тўсадилар. Уни кўрган одамлар: "Агар уларнинг хузурида яхши нарсалар бўлганида эди, биринчилардан бўлиб ўзлари бундан фойдаланувчи бўлар эдилар", дейишади. Бу - айтган сўзига ўзи амал қилмасликнинг хатарли натижасидир. Одамлар амру-маъруф қилувчи шахсни айтганига ўзи амал қилмаётганини кўриб, унинг сўзини қабул қилишдан юз ўгирадилар ва: "Агар айтаётган сўзида яхшилик бўлганида эди, биринчилардан бўлиб ўзлари шу ишни қилишлари керак эди", деб ўйлашади. Натижада унинг айтганига эмас, балки қилган ишига эргашиб кетишади".

Хулоса:

  1. Аввало яхшиликка буюриш ҳар бир мусулмон учун фарздир.
  2. Яхшиликка буюрувчи инсон энг аввало ўзи амал қилиши лозим.
  3. Насиҳат қилувчининг ўз сўзига амал қилмаслиги оқибати хатарли бўлган гуноҳдир.
  4. Амри маъруф ва наҳий мункар қилувчи кимса ҳам азобга дучор бўлиши мумкин.
  5. Насиҳат қилувчининг ўз сўзига амал қилмаслиги дин ва шаъриатга таъна тошини отилишига сабаб бўлади.

 

Аллоҳ таоло барчамизни ўз илмига ва сўзига амал қилувчилардан қилсин. Сўзлаётган сўзларимиз ва қилаётган амалларимиз Ислом динининг ривожи учун хизмат қилсин!

 

 

Олмазор туманидаги    “Мевазор” масжиди имом ноиби: 

Ёрбек Исломов

Read 2660 times

Мақолалар

Top