Мақолалар

Аллоҳ ва Унинг Расулидан 100 ўгит I 8-ўгит: Ғайридинларга ҳам яхшилик ва адолат қилинг!

Аллоҳ ва Унинг Расулидан  100 ўгит

8-ўгит: Ғайридинларга ҳам яхшилик ва адолат қилинг!

Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир”  (Мумтаҳана сураси, 8-оят).

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан», дедилар”. (Абу Довуд ривояти.)

Хулоса:

  1. Модомики, диний уруш қилмас ва яшаб турган юртидан ҳайдаб чиқармас экан, мусулмон киши ўзга дин вакилларига ҳам яхшилик ҳамда адолат қилиши гўзал Исломий таълимотлардан биридир.
  2. Аллоҳ ҳар қандай ҳолатда, дини, миллати ва шахсиятидан қатъий назар кишилар орасида адолат қиладиган инсонларни севадир.
  3. Мусулмон билан ўзаро келишиб яшаётган ғайридинга зулм қилиш, унинг ҳаққини поймол қилиш, уни тоқати етмайдиган ишга мажбурлаш ёки розилигисиз бирор нарсасини ўзлаштириш Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хусуматчи бўлишларига сабаб бўлади.
  4. Ислом шундай динки, инсоннинг қадр қиммати, обрўси ва ҳаққларини муҳофаза қилади. Ушбу ҳақларни поймол қилган киши гарчи мусулмон бўлсада, уни қаттиқ қоралайди.

 

Аллоҳ таоло қилаётган амалларимиз ва сўзлаётган сўзларимиз сабабли Ислом динининг ривожига ҳисса қўшадиган кишилардан қилсин!

  

Олмазор туманидаги 

“Мевазор” масжиди имом ноиби: 

Ёрбек Исломов

Read 2390 times

Мақолалар

Top