Мақолалар

Қурбонлик ҳақида

“Қурбонлик” луғатда қурбонлик кунлари сўйиладиган  ҳайвондир. Унинг шариатдаги маъноси, махсус ҳайвонни махсус кунларда қурбонлик нийяти  билан сўйишдир. Махсус ҳайвондан мақсад, Қурбонлик қилиш учун сўйиладиган ҳайвон , қора молларда  икки ёш, туяларда беш ёш, қўй ва эчкиларда  бир ёшдан иборат бўлган ҳайвондир. Лекин, олти ойлик қўзи бир ёшлик қўйнинг кўринишидаги гавдаси бўлса, уни қурбонлик қилиш ҳам жоиз бўлаверади.  Мазкурларни урғочисини ҳам қурбонлик қилса бўлади .Туя ва қора молларда етти кишигача шерик бўлиб сўйишлари мумкин. Лекин шерикларнинг ҳаммалари мусулмон ва уларнинг  нийятлари эса фақатгина  қурбонлик сўйиш бўлиши шарт қилинади . Агар  уларнинг бирортаси мусулмон бўлмаса ёки  уларнинг бирларининг  мақсади гўштни  арзонроқ тушишини мақсад қилган бўлса,  барчаларини қурбонлиги жоиз бўлмайди. Бу шериклар сўйилган қурбонлик гўштини  килограммлаб, тенг қилиб тақсимлаб олишларн зарурдир.

Бу  ҳайвонлар айб ва нуқсонлардан холи бўлишлари ҳам шарт қилинган бўлиб, думбаси, думи , кўзи, қулоғи кабиларнинг  учдан бири ва ундан аксари йўқ бўлмаслиги,  ўта озғин,  қурбонлик қилинадиган жойга юриб бора олмайдиган даражада чўлоқ  бўлмаслиги, ғилай, мажнун, касал,  тишларини аксари синган бўлмаслиги ҳам шарт қилинади.  Агар ҳайвоннинг қулоғида йиртиғи ёки аломат учун тешиги бўлса, учдан бири ва ундан аксарига етмаса,  ушбу ҳайвон қурбонлик учун жоиз бўлади.

От, кийик, товуқ, хўроз каби ҳайвонлар билан қурбонлик қилинмайди.

Махсус кунлардан мақсад, қурбонлик сўйиладиган  вақт бўлиб, унинг бошланиши Қурбон ҳайити намози ўқилгандан кейин бошланиб , охирги вақти эса, Қурбон ҳайитининг учинчи куни қуёш ботишидан сал олдиндир.

Қурбонлик нияти билан сўйишдан мурод эса, ҳар бир қурбонлик қилмоқчи бўлган кишининг мақсади  қурбонлик эканини қалбидан ўтказиб бўлса ҳам нийят қилмоғидир. Агар ҳайвон  сўйишдан мақсад қурбонлик эканлигини нийят қилмаса,  унинг сўйгани оддий гўштдан фарқи бўлмайди. Чунки инсоннинг одатий қилиб юрган ишлари билан унинг ибодатини орасин ният  билан ажратилади.

Муборак Рамазон ойида Фитр садақа бериши лозим бўлган эркак ва аёл кишига  қурбонлик қилиши  вожибдир. Вожиб амалини қилиш лозим ва лобуддир. Уни қилган одам савоб олади. Вожиб амалини қилмаган одам гуноҳкор  бўлиб, иқобга қолади.

Қурбонлик қилиш унга вожиб бўлган киши қурбонлик сўйиш кунларида қурбонлик қилмай вақтни ўтказиб юборса,  ҳайвонни  қийматини садақа қилиб юборади. Қурбонликка қодир  бўлмаса ҳам “Қурбонлик қиламан”, деб нийят қилиб ўзига қурбонликни вожиб қилиб олган киши эса ҳайвонни  сотиб олган бўлса, уни тириклайин садақа қилиб юборади ва агар жонлиқни сотиб олмаган бўлса унга ҳеч нарса лозим  бўлмайди. 

Бир кишининг учта ёки тўртта ўғиллари бўлиб, улар билан биргаликда тижорат қилсалар ва уларни еб-ичиши, турар жойлари бир жойда бўлса, асл мол отаники бўлиб, фарзандлар отага ёрдамчи бўлсалар, бундай ҳолатда отанинг зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Фарзандларга эса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Агар фарзандларининг алоҳида моллари бўлиб,  нисоб эгалари бўлсалар, уларнинг зиммасига ҳам қурбонлик қилиш вожиб бўлади. 

Қурбонлик сўйиш учун ҳайвон сотиб олмоқчи бўлган киши, ҳайвонни қийматини тайин қилиб сотиб олмагунича ўша  ҳайвонни  қурбонлик қилиши жоиз эмас. Ҳайвонни сўйиб гўшини тортиб олиб, қанча килограмм гўшт чиқса шуни пулини бериш шарти билан жонлиқ сўйиб қурбонлик қилса унинг қурбонлиги  қурбонлик эмас.

Ҳозирги кунда жуда кўп аёллар тақинчоқ ва ортиқча нарсалари ҳамда ўлик моллари ҳисобланса, нисоб соҳибига айланадилар. Гарчи закот бермасаларда, уларнинг зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Ўлик молларга уламоларимиз уч сидра кийимдан ортиқчасини ҳам ҳисобга олганлар. Ундан ташқари уйда ишлатилмай турадиган идиш-товоқлар, сувенирларнинг  нархи нисоб миқдорига етса, зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

Қурбонлик қилгучи қурбонлик гўштини уч қисмга бўлиб, бир қисмини ўзи ейиши, бир қисмини эҳсон қилиб  едириши, бир қисмини сақлаб қўйиши яхшидир . Агар қурбонлик қилувчи оилада кўпчиликни ташкил қилсалар,  қурбонлик гўштини садақа қилмасдан оиласи учун захийра қилишлари дурустдир.

Қурбонлик қилишдан асосий мақсад Аллоҳ таолога итоат қилишдир. Инсон маълум маблағга эга бўлиб ўша маблағни ҳолис Аллоҳ таолонинг  розилиги учун сафлаши бу, инсоннинг  Аллоҳ таолога бўлган иймони ва муҳаббатининг  аломатидир.

 Ваҳоланки Аллоҳ таоло инсонлар томонидан қилинадиган бирор бир амалга эҳтиёжи йўқ бўлган зотдир. Аслида сўйилган қурбонликдан Аллоҳ таоло эмас балки бандаларнинг ўзларигина  манфаатланадилар. 

 Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. ("Ҳаж" сураси, 37-оят).

Дарҳақиқат инсон фақатгина Аллоҳ таолога итоат этиб жонлиқ сўйиб қурбонлик қилади лекин унинг гўштларидан қурбонлик қилгувчининг ўзи, қариндош уруғлари, қўни қўшнилари ҳамда кам таъминланган эҳтиёжманд кишиларнгина фойдаланиб кўнгиллари кўтарилади.

Инсон бу қилган қурбонлиги билан амалда ўзнинг имони ва Аллоҳ таолога бўлган муҳаббати ҳамда тақвосини намоён қилиб, Аллоҳ таолодан ажр ва мукофатларга эга бўлади ва қиёмат кунида дўзах ўтидан омонда бўлади.

Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимки қурбонликни дили хурсанд ва савоб умидида қилса, у (қурбонлик) у учун дўзахдан парда бўлади”, дедилар (Табароний ривояти).

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога:

“Қурбонлигингиз олдида туриб, гувоҳ бўлинг. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси томчиси билан ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинади” дедилар.

Шунда у(Фотима онамиз):

“Эй, Аллоҳнинг Расули бу фақат биз аҳли байт учунми ёки биз ва барча мусулмонлар учунми?” дедилар.

Шунда у зот:

“Биз ва барча мусулмонлар учун” дедилар”.

Имконияти бўла туриб қурбонлик қилмаган киши эса вожиб амалга эътиборсиз ҳисобланиб гуноҳкор бўлади.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарийфда Пайғамбримиз алайҳиссалом, “Кимки, имкони бўлатуриб қурбонлик қилмаса, бас, бизнинг намозгоҳимизга яқинлашмасин” деганлар . (Имом Аҳмад, Ибн Можа ва Ҳоким ривоятлари ). 

Ушбу ҳадиси шарийфда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг  қурбонлик қилишга қодир бўлатуриб қурбонлик қилмаган  кишига қанчалик нафратлари маълум бўлади. Ҳатто бундай инсонларга мусулмонларнинг ийдгоҳларига  яқинлашмаслик айтилди. Ҳақиқий Мусулмон ва чин уммат учун  бу гап жуда ҳам оғир ва қаттиқ гап .

Лекин минг афсуслар бўлсинки  имкони бор бўлган баъзи мусулмонлар қурбонлик сўйишга бепарво бўлиб гуноҳкор бўладилар.

Оила ташвиши, бошқа юмушлар билан оввора бўлиб , Зулҳижжа ойи кирганлигидан  хабар топмаган, ҳали қурбонлик сўйишга тараддуд кўрмаган бўлсак , бизларга қурбонлик сўйишга тайёргарлик кўриб жонлиқ сотиб олишга вақтимиз бор.

Аллоҳ таолонинг  барча буйруқларини чин ихлос ва муҳаббат ила адо этган инсон иккала дунёда ҳам камчилик ва йўқчилик кўрмайди.

Шундай экан бу имкониятлардан фойдаланган ҳолда шариатимиз кўрсатмаларига амал қилиб ҳаёт кечирмоғимиз, қурбонлик каби молиявий ибодатларнинг савобларини  ҳам унутмаслигимиз , савобли ишларни ғаниймат билиб, яхшилик қилишда яна ҳам эътиборли бўлишимиз лозим.

 

Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
“Бўта бува” жоме масжиди имом хатиби

Read 3311 times

Мақолалар

Top