Мақолалар

Баёнотга муносабат: Барчаларимизга келаётган Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

Ҳар йили юртимиза Муборак Ҳайит байрамлари кўтаринки руҳда, ҳурсанчилик билан нишонланади. Намозхонлар бомдод намозидан  сўнг Ҳайит намозини  жамоат билан ўқиш мақсадида тонг сахарлаб масжидларга шошадилар. Жамоат билан намозларни ўқиб, дуоларни қилгандан сўнг, ота-она, қариндош-уруғ, ёши улуғ мўйсафидларининг ҳамда кам таминланганларнинг ҳам  зиёратларини қилиб, ҳайитликлар улашиб, ёшу қари, эркагу аёл ҳаммалари байрамни кўтаринки руҳда нишонлайдилар.

Бутун дунёни эгаллаб олаётган, коронавирус касаллиги  юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Юртимиз аҳолисини бу касаллик домидан ҳар томонлама ҳимоя қилиш мақсадида давлатимиз томонидан барча чоралар кўрилмоқда.

Бу касаллик омма орасида кенг тарқлишини олиш мақсадида  Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳам шаръий далиллар асосида бир қанча фатво ва баёнотлар қабул қилиниб, ҳар бир фуқаро беш маҳал намозларни ўз уйларида ўқишлари, улардан жума намозлари соқит бўлиб, уйларида жума намозлари ўрнига пешин намозини ўқишлари мақсадга мувофиқ эканлигини асосли қилиб халққа етказилди.

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг  карантин шароитида Қурбон ҳайитини қай тарзда нишонлаш, нималарга эътибор бериш кераклиги  бўйича баёнотини эълон қилди.

Баёнотда бу йилги йилги пандемия шароитида Қурбон ҳайити намозини ўқиш мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлиши, Қурбон ҳайити куни мўмин-мусулмонлар ўз хонадонларида бомдод намозини ўқиб, қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин Қурбон ҳайити намози ўрнига тўрт ракатли нафл намози ўқишлари, сўнг  имкони бор юртдошларимиз қурбонлик қилишлари мақсадга мувофиқ эканлиги айтилди. Баёнотда яна Қурбонлик гўшти учга тақсимланиб, бир қисми – яқин қариндошларга, яна бир қисми – камбағал ва муҳтожларга тарқатиш, қолганини – оила аҳлига олиб қолишлари мустаҳаб эканлиги, Қурбонлик қилгувчининг имкони бўлса қурбонлик гўштини ҳаммасини фақирларга беришлари, агар ўзлари  оилада кўпчилик бўлсалар, қурбонлик гўштини  ўзлари учун  захира қилиб уйда қолдиришлари  ҳам жоизлиги айтилди.

Халқимиз Ҳайит байрамини карантин талабларига қатъй амал қилган ҳолда ўтказишлари, одамлар жамланишларига сабаб бўладиган урф-одатларни ташкил этмасликлари, уйма-уй юриб, турли хил азахонликлар, маърака ва маросимларни ўтказмасликлари ҳамда қабристонлар зиёратидан сақланишларин лозимлиги, улар ўз  Хонадонларида, оила-аъзолари билан бирга Ҳайит байрамини ибодату дуолар , Қуръони карийм тиловатлари ила кўтаринки руҳда ўтказишлари, савобларидан ўтганларни руҳи покларига бахшида этишларини тавсия этилди.

Шунингдек баёнотда, Бунингдек фатволар берилиши фақатгина бизнинг юртимизда эмас балки баъзи мусулмон ва қўшни давлатларда ҳам вазиятни эътиборга олган ҳолда  уламолар томонидан Қурбон ҳайити намозини жамоат бўлиб ўқишнинг иложи йўқлиги ҳақида фатволар эълон қилинганлиги айтилди.

Шаръий далилар асосида, халқни манфаътини ўйлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши томонидан эълон қилинган баёнотни ҳар бир мўмин мусулмон киши тўғри тушиниб амал қилмоқлигимиз зарур. Зеро Ислом дини инсонпарвар диндир. Динимиз инсонларни, дини, жони, насли, моли ва ақлини сақлашга чақиради.

Ҳурматли юртдошлар. Энг асосийси тушкинликка тушииб ноумид бўлмаслик. Ҳайит байрами мусулмонлар учун энг улуғ  байрамдир. Бу кун ҳурсандчилик қиладиган, тоза ва чиройли кийимлар кийиб, хушбўйлар сепиб, яқинларига ҳадялар улашиб, кўгиллар овланиб, савобли ишларни кўпайтирадиган, дуолар қилиб, камчиликлар  кечириладиган  кундир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида уларнинг ўйин-кулги қиладиган икки кунлари бор эди.

– Бу икки кун қандай кун? – деб сўрадилар.

– Жоҳилиятда ўйнайдиган кунимиз эди, – дедилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

– Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхши Азҳо ва Фитр кунларини берди, – дедилар.

Шундай экан барчаларимиз Ҳайит байрамини кўтаринки руҳда , хурсандчилик билан нишонлашимиз, динимизнинг бу борадаги кўрсатмаларига амал қилиб, ўзаро меҳр-оқибат, мурувватнинг юксак намунасини кӯрсатишимиз мақсадга мувофиқ.

Аллоҳ таоло қурбонлик қилишга қодир қилган юртдошларимизнинг қурбонликларини қабул айласин. Арафа, ҳайит кунлари дуолар ижобат экан, Аллоҳ таолодан юртимиз ва олам аҳлидан бало офатларни йироқ қилишини сўрайлик!

Барчаларимизга Қурбон ҳайити байрамлари муборак бўлсин!

 

Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
“Бўта бува” жоме масжиди имом хатиби

Read 2614 times

Мақолалар

Top