Мақолалар

Яхши сўзнинг гадоси

Юрт тинчлиги, осмон мусаффолиги, турмуш фаравон, қут-баракали эканлиги ва турли табиий офатлар, кўнгилсиз ҳодисаларнинг йўқлиги, ушбу юртдаги оилаларнинг тинчлиги, ўзаро меҳр-муҳаббатли ва улар ўртасидаги силаи-раҳмнинг борлигида десак, асло муболаға бўлмайди.

Аммо баъзи бир оилаларни кўрамиз ёки эшитамиз-ки арзимас сабаб ила ажралиш ёки хотинига “талоқ” қўйиш ҳолатлари учраб турибди. Энг афсусланарлиси, бу ҳолат кейинги вақтларда кўпайиб бормоқда.

Эр-хотин орасидаги муомала аввало, муҳаббат, севги, раҳм-шафқат асосида бўлиши талаб этилади. Шунинг учун ҳам, баъзи тушунмовчилик туфайли дарҳол бир-бирига зулм қилишга ўтиш керак эмас. Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) хотинига муҳаббати йўқ бўлиб қолгани учун уни талоқ қилмоқчи бўлган одамга: “Шўринг қурсин! Оила муҳаббат учун қурилмаганми? Риоя қани? Масъулият қани? деб қаттиқ танбеҳ берган эканлар.

Исломда никоҳ Аллоҳ таолонинг исми ва Пайғамбаримизнинг суннатлари ила қурилган муқаддас риштадир. Шундай экан, уни шунчаки ёки арзимас сабаб ила бузиб бўлмайди.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин ва аёлларга доимо яхшилик  қилинг! Чунки улар қовурғадан яратилгандирлар. Албатта, қовурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир. Агар уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан. Агар уни тек қўйсанг, эгрилиги бўйича қолур. Бас, аёлларга доимо яхшилик қилинг!” дедилар (Имом Термизий ривояти).

Айбсиз инсон, жумладан, хато қилмайдиган аёл киши ҳам йўқ. Беайб ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Аллоҳ таоло аёл кишини ўзига хос табиат билан яратган. Аёл киши хотин бўлиши, она бўлиши ва бу заифаларга тегишли масъулиятларни адо этиши лозим. Шунинг учун ҳам, аёл кишида тез ва таъсирли меҳр кўрсатиш қобилияти бўлиши зарур. Бунинг акси ўлароқ, унда тез аччиқ чиқиш ва оғир нарсани кўтара олмаслик сифати ҳам юзага келган. Аёл киши ўз жинсига мос келадиган машаққатлардан юз ва ундан ҳам ортиқ эркак киши кўтара олмайдиган нарсани кўтариши мумкин, аммо ўзига хос бўлмаган қийинчилик, салгина қўпол муомала, бир оғиз ноқулай сўзни кўтара олмаслиги аниқ. Эр ушбу ҳолатларнинг ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда хотинига яхши муомалада бўлиши лозим.

Шунинг учун юқорида келтирилган ҳадисда аёлларга доимо яхшилик қилинг дейилмоқда. Халқимизда ушбу маъно “аёл киши яхши сўзнинг гадоси” деган ҳикматли сўз билан ифода қилинган. Бундан аёл кишига нисбатан унинг муомаласига қараб эмас, балки, доимо яхши муносабатта бўлиш кераклиги келиб чиқади.

Шунинг учун, аёлдан содир бўладиган ҳар бир нарсани тафтиш қилиб, унинг бошқача бўлиши учун уриниш маслаҳат берилмайди. Балки аёл табиатига мансуб нарсаларни ўз ҳолида қолдириб, сабр қилиш афзал бўлади. Ана шунда уриш-жанжаллар камаяди, оиланинг бузилиш хавфи йўқолади. Акс ҳолда: “уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан”, дейилмоқда. Аёл кишидан содир бўлган ҳар бир эгриликни тўғрилаш учун уриниш яхши натижага олиб келмайди, балки оила бузилиши мумкин.

Демак, аёл кишидан содир бўлган, бўладиган камчиликларга сабр қилиб, у билан яхши яшашга уриниш эрнинг вазифасидир.

Аёл кишига доимо яхшилик қилиш, унга гўзал муомала қилиш ҳақида динимизда тавсиялар жуда кўпдир. Муқаддас манбаларда эрларга хитоб қилиб, аёлларингиз билан доимо яхшиликда яшангиз, деган амр маъносидаги оятлар бор. Бу эса, яхши муомала, озор бермаслик, ҳаққини поймол қилмаслик, ширинсўзлик, қилган яхшиликларни миннат қилмаслик кабиларда намоён бўлади.

 

Ў. МАҲМУДОВ,

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари.  

                       

 

Read 4816 times

Мақолалар

Top