Мақолалар

 Амаллар қачон қабул бўлади? 

Мусулмон киши борки қилган амалларидан савоб умид қилади. Яхши амаллари туфайли Аллоҳнинг розилигини топмоқни истайди. Шу сабаб ҳар ким ўз билимидан, дунёқараши ва савиясидан келиб чиқиб амалларни яхши ёки ёмонга, савоб ёки гуноҳга ажратади. Лекин, яхши ва ёмонни, савоб ёки гуноҳни ажратишда кишининг савияси, билим ёки фаросати мезон бўла олмайди. Бунда асосий мезон шариъатдир. Яъни, Аллоҳ ва Унинг росули яхши деган амаллар яхши, Аллоҳ ва Унинг росули қайтарган амаллар эса ёмон ҳисобланади. Бу мезонларни ҳеч  ким ўз ҳохишига, билими ва савиясига, манзил ва  маконига қараб ўзгартиришга ҳақли эмас. 

Ислом дини бандаларнинг қилган амали Аллоҳнинг даргоҳида қабул қилиниб, уларга ажр –савоб берилиши учун иккита нарсани шарт қилади: 

  1. Ихлос. Яъни, қилинаётган ҳар бир амални ёлғиз Аллоҳ таолонинг розилиги учун, риё ва сумъадан холи тарзда амалга ошириш зарур.
  2. Қилинаётган амал албатта шариъат манбааларига зид бўлмаслиги керак. Яъни, Қуръон ва Суннат билан мувофиқ бўлишлиги, уламоларнинг ижмосига қарши амал бўлмаслиги зарур. 

Мана шу икки сифатдан бири топилмаган тақдирда кишининг амали Аллоҳнинг ҳузурида қабул қилинмайди. Уларга ажр - мукофот берилмайди. Балки, аксар ҳолларда банда илмсизлик туфайли қилган амали учун машаққат ва оворагарчиликдан бошқа нарса топмайди. Балки, қайтанга гуноҳкор бўлиб қолиши ҳам мумкин. 

Минг афсуслар бўлсинки, бугун мусулмонлар савоб умидида қилаётган амалларининг аксарида мана шу икки сифатдан бири топилмай қоляпти. Шундай инсонлар борки, уларнинг қилаётган амаллари айнан Ислом динининг таълимотига, Қуръон ва Суннатнинг талабларига тўлиқ мос тушади. Уларни кўрган киши бу инсон айнан жаннат аҳлининг амалини қилмоқда дея ўйлайди. Бироқ, ушбу амалларни қилувчиларнинг аксарида ихлос йўқ. Кимдир вазият тақозо қилгани учун, яна кимдир хизмат юзасидан ва яна кимлардир эса кишиларнинг назарига тушишлик учун қилади. Бу эса албатта, риё учун қилинган амал бўлиб, кишининг охирати учун фойда эмас, балки, зарар келтиради.

Яна шундай кишилар борки, улар бир касбни танлаган. Ёки қайсидир амални қилмоқда. Ҳаттоки, ушбу ишини чин юракдан, ихлос ва муҳаббат билан бажаради. Қилаётган иши туфайли кўпчиликка манфаат келтирмоқчи, кимнидир хурсанд қилмоқчи,кайфиятини кўтариб ўзича савоб иш қилмоқчи бўлади. Бироқ, уларнинг танлаган йўли Ислом таълимотларига зид, балки, шаъриат қаттиқ қайтарган амаллардан иборат бўлади. Бундай кишилар ҳам гарчи ниятлари яхши бўлсада, қилаётган ишига ихлос ва муҳаббати бўлса ҳам савобга эга бўлмайдилар. Балки, қайтарилган амалларни қилаётганликлари сабабли гуноҳкор бўлиб қолаверадилар.

Хулоса шуки, умримизни, вақтимизни молу дунёимизни сарфлаб қилаётган амалларимиз мана шу икки тамойилга асосланиши керак. Аллоҳнинг розилиги учун намоз, садақа, ҳаж каби амалларни қилаётганда риё ва сумъадан эҳтиёт бўлайлик. Мажбурликдан ёки эътиборсизлик билан бажармайлик. Ихлос ва муҳаббатимиз билиниб турсин. Агар кишиларни кайфиятини кўтариш учун ҳар хил масхарабозликлар, ўйин кулгулар ва томошалар кўрсатаётган бўлсак, динимизда бу амаллар ҳақида нима дейилгани билан қизиқиб кўрайлик. Агар Ислом динининг ривожи учун ҳисса қўшмоқчи бўлсак, кишиларга соф таълимотни етказмоқчи бўлсак, бу амалимиз кимнидир камситиш, ҳақорат қилиш, обрўсини тўкиш ва изза қилиш эвазига бўлмаслиги керак. Чунки, динимиз бу амалларнинг барчасидан қайтарган. 

Аллоҳ таоло барчамизга илм ва фаросат берсин. Қилаётган амалларимизда ихлос ва муҳаббатимизни зиёда қилсин. Оқ ва қорани, яхши ва ёмонни ажратишда ўз фикримиз билан эмас, балки шариъат мезонлари билан белгилашликка тавфиқ берсин.

 

Олмазор туманидаги

“Мевазор” масжиди имом ноиби:

Ёрбек Исломов

Read 2899 times

Мақолалар

Top