Мақолалар

Заҳри қотилдан эҳтиёт бўлайлик!

Сўнгги йилларда бутун дунё ҳамжамиятини қаттиқ ташвишга солаётган, мамлакатларнинг келажагига, қолаверса, ёшларнинг умрига завол бўлаётган, инсонни инсонийлик қиёфасидан чиқариб, ҳайвондан ҳам тубан ҳолатга тушишига сабаб бўлаётган иллат – бу гиёҳвандликдир.

Ўз навбатида инсоният келажаги ва саломатлиги учун қайғураётган кишилар дунё бу масалада ҳалокат жари томон одимлаб кетаётгани ҳақида ўз ташвишларини баён қилмоқдалар.

Кундан кунга кўплаб кишилар, айниқса, ёшлар ва аёлллар гиёҳвандлик иллатининг ҳалокатли тўрига илинмоқдалар. Гиёҳвандликнинг кишилар соғлигига, оилалар мустаҳкамлиги ва иқтисодига, фарзандлар одоб-ахлоқига, умуман, инсон ҳаётининг барча соҳаларига солаётган таҳдиди соат сайин ортиб бормоқда. Мутахассислар томонидан эндиликда дунёни ҳалокатга солувчи нарса, “героин бомбаси” эканлиги таькидланмоқда.

Гапнинг хулосасини айтадиган бўлсак, гиёҳвандлик балоси бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг долзарб муаммосига айланди. Бангилик ва унинг муаммолари бўйича халқаро ва умумжаҳон ташкилотлар тузилди. Гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 26 июнь кунининг “Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни” деб номланиши ҳам бу иллатнинг нақадар хавфли ва унга қарши курашиш бутун дунё ҳамжамиятининг муаммоси эканига далолат қилади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар бир инсоннинг муҳим бурчларидан бирига айланган десак муболаға бўлмайди.

Таъкидлаш жоизки, тадқиқотчилар фикрича гиёҳвандликка қарши курашда энг самарали йўл ислом дини таълимотларида белгиланган экан.

Маълумки, ислом динининг асосий таълимот манбаи бўлмиш Қуpъони каримда тоза-пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок нарсаларнинг ҳаромлиги ҳақида очиқ баён қилинган.

Илоҳий кўрсатмаларга асосланиб, Пайғaмбаримиз Муҳам­мад алайҳиссалом: Ҳар бир маст қuлувчи нарса ҳаромдир” , дедилар.

Бошқа бир ҳадисда: “Кимда  ким заҳар билан ўз жонига қасд қилса, қиёмат куни унга жаҳаннамда заҳар ичириш билан азоб берилади”, - деб таъкидланган. Гиёҳванд моддаларнинг заҳри қотил деб аталиши ҳам бежиз эмас. Унинг ўлдирувчи заҳардан ҳеч қандай фарқи йўқлигини эътироф этиш лозим.

Яна бир ҳадиси шарифда: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаp қaн­дай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусай­тирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан ман эт­ганлар”, - дейилади.

Қуръон оятлари ва Расул акрам ҳадисларида гиёҳванд моддаларнинг номи келтирилмаган-ку? деган савол туғилиши мумкин. Тўғри, Пайғамбаримиз даврларида, ҳатто Аббосий­лар халифалигининг дастлабки йилларигача ҳам гиёҳвандликнинг ўзи ҳам, номлари ҳам ислом ола­мида номаълум эди. Лекин ўзларидан кейинги даврларда инсониятга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар келтирувчи нопок нарсаларнинг турлари ва номлари кўпайиб кетишини олдиндан билиб, ўз умматларини огoҳлантириб кетдилар. Хақиқаттан ҳам, ҳозирги кунда маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи, заифлаштирувчи ва соғликка жиддий зарар етказувчи заҳри қотил мод­даларнинг турлари кўпайиб бормоқда. Шунинг учун Расул алайҳиссалом умумий қилиб:

“Ҳар қандaй маст қилув­чи ва баданни бўшаштирувчи нарсалар ҳаромдир”, - деб асо­сий қоидалардан бирини баён қилиб бердилар.

Гиёҳванд моддаларнинг бўшаштирувчи, заифлаштирувчи эканлиги, ўз навбатида инсон соғлигига жиддий зарар етказишига эса шубҳа бўлмаса керак.

Буюк алломалардан бири Имом Абу Бакр Қасталоний гиёҳванд моддаларнинг турлари ва уларнинг ҳаромлигига бағишлaб aлоҳида бир китоб ёзганлар ва номини "Нашани ҳаpом қилиш билан турмуш­ни икром этиш" деб атаганлар. Шунингдек, Имомиддин ибн Абу Шариф каби бошқа забардаст алломалар ҳам гиёҳвандликка оид бир қанча китоблар таълиф этганлар.

Асримиз уламоларидан ҳам жуда кўплари бу заҳри қотилнинг зарарли оқибатларига оид китоб ва рисолалар ёзишган. Ислом оламида унинг ҳаромлиги ҳақида махсус фатволар ва мақолалар эълон қилиниб келинмоқда. Ислом дини инсонга зарар келтирувчи нарса­ларни, айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи ёки уни заифлaштирувчи ҳаp қандай нарсани ҳаpoм деб ҳисоблаб, соғлиқнинг кетишига ёки унинг ҳалокатига сабаб бўлувчи воситалардан чекланишга буюради.

Ил­мий текшириш натижаларига кўра, гиёҳванд моддалардан бири бўлмиш қора дори оғиз ёки бурун орқали инсон танасининг ичкарисига киргач, у аввало ичакларга сўрилади ҳамда қориндаги қон айланиш йўли билан жигарга етиб боради. Жигар уни оксидлаб ҳарорат, сув ва карбо­нат ангидридга айлантиради ҳамда умумий қон айла­ниш жараёнига қўшилиб кетишига ёрдам беради. Натижада жигарнинг ҳужaйралари ундан таъсирланиб цирроз касаллигига йўлиқади. Аллоҳнинг марҳамати билан жигар ҳужайралари яна қайта тикла­нади. Лекин, қopa дорининг қайта-қайта истеъмол қилиниши оқибатида "жигар циррози" кучая боради. Жигар кичрайиб қотиб қолгач, унинг фаолияти сусаяди. Унинг ҳужайралари атрофида жигар ҳазм қилолмаган ёғлиқ моддалар чўкиб қолади. Гиёҳ­ванд моддаларнинг оксидлари халақит бергани учун йиғилиб қолган зарарли моддалар қон айла­ниши билан муҳим марказий асаб системасига қадар етиб боради, натижада асаб ҳужайралари ишдан чиқиб яроқсиз ҳолатга келгач, инсонда кўриш, эшитиш, ҳид билиш, фикр юритиш, иссиқ-­совуқ, қаттиқ-юмшоқ ва ширин-аччиқни сезиш хусусиятлари йўқолади.

Ҳукуматимиз томонидан гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича самарали ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, ёшлар ўртасида бу каби жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ қилинди.

Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан 2014 йилга “Соғлом бола йили” ва 2016 йилга “Соғлом она ва бола йили” деб ном берилиши ҳам юртимизда вояга етаётган ёш авлоднинг жисмонан соғлом бўлиб ўсишига муҳим замин яратди.

Айни пайтда эса, Давлатимизнинг сайланган Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев ҳам бу борада кенг қамровли ишларни изчиллик билан давом эттирмоқдалар. Шундай экан, албатта, ҳар биримиз оилада, маҳаллада, мактаб, лицей, ўрта махсус ва олий ўқув билим юртларида келажагимиз бўлган фарзандларимиз, ёшларимиз таълим тарбияси, одоб-ахлоқига жиддий эътибор қаратишимиз долзарб аҳамият касб этади.

 

Муҳаммадназар Қаюмов,

ЎМИ Масжидлар бўлими мудири

Read 4841 times

Мақолалар

Top