Мақолалар

Кутилмаган яхшиликлардан хурсанд бўлинг

Шу кунларда жудаям кўп кишиларни, хусусан, мўмин мусулмон ва илм аҳлларини тушкунликка тушираётган, ҳафа қилаётган амаллардан бири бу – кишилар уларни ортидан гапириши, ғийбат қилиши, ҳар хал бўҳтон ёки туҳматлар билан обрўсига тажовуз қилишларидир. Кўпчилик бу каби ҳолатлардан юраги сиқилиб, асабийлашиш оқибатида турли хил касалликларга ҳам мубтало бўлмоқда.

Бу каби ҳолатлар дунё яралибдики, ҳар қайси замон ва маконда бўлиб келган. Не не зотларни гапиришмади, ғийбат ва туҳматлар ила озор беришмади дейсиз. Инсонларнинг энг афзалларини гапиришди. Аллоҳ таолонинг элчиларига озорлар беришди. Кишиларнинг гап сўзларидан кимдир омон қолганда Пайғамбарларни гапиришмасди. Пайғамбарлар имоми Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни гапиришмасди.  Ваҳоланки, у кишига берилган озорлар, туҳмат ва ҳақоратли гаплар бисёр бўлди.

Баъзилар айтиши мумкин: ахир бекорга гапиришмайдику, бирор айби бордирда, камчилиги бордирда. Бу гапда жон бор. Албатта уларнинг айби, камчилиги бўлиши табиий. Чунки, инсон фарзанди борки, хатодан, гуноҳ ва камчиликдан холи эмас. Лекин, шуни унутмаслик керакки, гапирадиган киши барибир гапираверади. Камчилиги ва хатоси бўлмаса ҳам. Агар фақатгина камчилиги, хатоси ва гуноҳи сабабли гапирилганда Пайғамбарларни ортидан гапиришмасди. Уларни маъломат ва ҳақоратларга кўмиб ташлашмасди. Бироқ, уларнинг гуноҳ ва маъсиятлардан омонда эканликлари ҳам кишиларнинг гап сўзларидан четда қолишларига сабаб бўлолмади.    

Росулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васалламга   “Мажнун”, “Сеҳргар”,  “Ёлғончи” каби лақаблар билан озор бергандилар. Ҳаттоки, амакилари Абу Лаҳабнинг хотини Умму жамил “Муҳаммад” (Мақталган) исмларини ўрнига “Музаммам” (Мазаммат қилинган) деб чақирарди. Ўша пайтда Росули акрам алайҳиссалом ҳафа ғамгин бўлардилар. Бироқ, уларга қарши раддиялар бермадилар. Уларни ёмонламадилар. Чиройли сабр ила улардан юз ўгирдилар.  Айнан мана шу нарса, шу ҳислат Росулуллоҳнинг умматларига ҳам ўрнак бўлиши керак.

Ибни Қойюм роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Риё ва сумъадан ҳоли, холис Аллоҳ  учун бўлгани ҳолда мен қилмаган яхшиликлар хуш келибсизлар”, дер эдилар. Яъни, қиёмат куни бўлганда банданинг тарозисида ўзи бажармаган, лекин тарозининг савоб палласини тўлдириб турган яхшиликларга ишора қилмоқдалар. Бу яхшиликлар эса, дунёда кимдир уни ғийбат қилган, туҳмат қилган, озорлар бериб турли туман ҳақоратлар қилгани эвазига ўша кишига жавоб қайтармасдан юз ўгирганлиги, сабр қилганлиги сабабли берилган савоблардир.

Шунинг учун азизлар, кимдир сизни гапирса, ғийбат ва туҳматлар билан шаънингизни булғаса, обрўйингизга тажовуз қилса, ҳаргиз кайфиятингизни туширманг. Бу каби амаллар ортидан келадиган савоблардан умид қилган ҳолда, уларни Аллоҳга топширинг. Гуноҳ ва хатолар учун истиғфор айтинг. Айбларни беркитиб турувчи Саттор исмли Зотнинг ҳузурига илтижо билан юзланинг. Ҳаргиз номардлар, пасткашлар билан тенг бўлманг. Ахир уларнинг ота боболари Пайғамбарларни масхара қилган кишилардир. Аллоҳ уларни ҳам аждодлари каби  хорлаб қўйган. Улар умрини, вақтини, мол дунёсини ўзгалар айбини қидиришга, кишиларниг гуноҳини ошкор қилиш учун бир бири билан мусобақа ўйнашга сарфлаб юбораётганининг ўзи қанчалар разил ва пасткаш эканига далолат қилади. Тўсатдан ўлим фариштаси келган маҳалда ҳам кимларнидир хатосини қидириб, ўз гуноҳларини унутган ҳолда тавбасиз кетиб қолишларини ўйламайдилар.

Уларга ҳам тавфиқ сўранг. Покиза қалб сўранг. Ҳаргиз тушкунликка тушманг. Уларга қарши раддия излаб умрингизни совурманг. Уни ўрнига бир марта “Субҳаналлоҳ” денг. Аллоҳга қасамки, ушбу айтилган бир оғиз калима, Ўзгалар хатосини қидириб, гуноҳини ошкор қилиш эвазига “жамият ва дин ислоҳи” учун қилинаётган амалларинг “савоби”дан афзалроқдир.

 

Олмазор туманидаги  “Мевазор” масжиди имом ноиби: 

Ёрбек Исломов

 

 

Read 2167 times

Мақолалар

Top