Мақолалар

Олисларга саёҳат: Полшада ислом

 

Жойлашуви. Полша Марказий Европанинг шимолида жойлашган. Бу ер кенг текисликдан иборат бўлиб, қалин ўрмонзорлар, далалар ва ўтлоқлар оралиғида жуда кўп дарёлар оқади. Булардан энг серсувлари – Висла ва Одра. Шимолда пастқам қирғоқларни Болтиқ денгизининг сувлари ювиб туради, жанубда эса Карпат ва Судет ўрмонли тоғлари қад кўтарган.

Тарихи. Милоддан аввалги минг йиллик ва милодий минг йилликнинг биринчи ярмида Полша ҳудудида славян қабилаларининг шаклланиш жараёни содир бўлди. VIII–IX асрларда қабила князликлари вужудга келди. X асрда Одра, Висла ва Буг дарёлари оралиғида яшовчи полян (Полша, поляклар номи шундан келиб чиққан), мазовшан, вислян, поморян қабилаларининг князликлари бирлаштирилди ва ягона Полша давлати ташкил топди.

1989 йилда Полша Республикаси деб атала бошлади. 1997 йил 25 майда ўтказилган референдумда мамлакатнинг янги конституцияси қабул қилинди. Полша 1945 йилдан БМТ аъзоси. 1991 йилда Ўзбекистон Республикаси суверенитетини тан олган ва 1992 йил икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Конституция ва мустақиллик кунлари миллий байрам сифатида кенг нишонланади.

Иқтисоди. Полша индустриал-аграр мамлакат. Тошкўмир, олтингугурт, табиий газ, кумуш қазиб олишда, пўлат эритишда Европада олдинги ўринлардан бирида туради. Тўқимачилик (ип, зиғир, жун газлама, трикотаж), озиқ-овқат (қанд-шакар, гўшт, ёғ, балиқ) саноат тармоқлари ривожланган. Мамлакатда жавдар, буғдой, картошка, рапс кўп етиштирилади.

Таълим ва маданият. 15 ёшгача бўлган болалар учун мажбурий давлат таълими жорий қилинган. Ҳунар-техника мактаби бошланғич (1–3-синфлар) ва мунтазам (4–10-синфлар) таълимни ўз ичига олади. Мамлакатда бир қатор ихтисослашган лицейлар ҳам фаолият юритади. Сўнгги йилларда хусусий мактаблар тармоғи кенгаймоқда. Полшада 130 олий ўқув юрти фаолият кўрсатади. Европадаги энг қадимий университетлардан бири Краков университети (1364), шунингдек, Варшава университети (1816), политехника институтлари, олий қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт, педагогика мактаблари, тиббиёт ва рассомчилик академиялари шу жумлага киради.

Дини. Аҳолисининг 98,5 фоизини поляклар, қолган қисмини украин, белорус ва словаклар ташкил этади. Диндорларнинг кўпчилиги – католиклар. Мамлакатда 38 мингга яқин мусулмон истиқомат қилади. Полша мусулмонларининг аксарияти ўрта асрларда кўчиб келган қрим-татар авлодлари саналади. Шунингдек, араб давлатлари, Туркия, Покистон ва Чеченистон каби давлатлардан келганлар ҳам оз эмас.

Полшада эътиқод эркинлиги Конституция (1989 йил) билан кафолатланади. Мамлакатда 4 та масжид фаолият юритади. Уларнинг иккитаси XVII асрда қурилган қадимий масжидлардир. Келгусида Белосток шаҳрида эса яна бир масжид ва унинг ҳузурида мадраса очилиши режалаштирилган.

Варшавадаги ягона масжид 1992 йилда барпо этилган. Масжид шарқий ва анъанавий европа услубида қурилган. У ерда ҳар шанба кунлари араб тилидан машғулотлар олиб борилади.

Мусулмонлар сони ошиб бориши туфайли мамлакат пойтахтининг Охота туманида янги масжид қурилмоқда. Масжид 10 мингдан ортиқ мусулмонларни сиғдира олиш имкониятига эга бўлади. Масжид минораси баландлиги 18 метр бўлиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, масжидда замонавий технологиялар билан жиҳозланган кутубхона, кўргазмалар зали, ошхона ва дўкон ҳам фаолият юритади. Шунингдек, мусулмон ва мусулмон бўлмаганлар учун мўлжалланган диний-маданий марказ қуриш режалаштирилган. Бу ерда барча хоҳловчилар учун араб ва поляк тили дарслари ташкил этилади.

Полшанинг Крушинян қишлоғидаги масжид XVIII асрда барпо этилган. Ёғочдан қурилган, уй кўринишидаги бу масжид ён-атрофдаги уйлар билан уйғунлашиб кетган. Гумбазидаги ярим ой шаклигина унинг масжидлигини билдириб турган, холос.

Крушиняндан у қадар узоқ бўлмаган Бохоники қишлоғида узоқ йиллик тарихга эга бўлган икки минорали масжид бор. Масжид XIX аср бошларида қурилган. Кўринишидан оддийгина бу бинога ярим ой шаклидаги рамз ўрнатилган минора кўрк бағишлаб туради. Полшанинг турли чеккаларидан кўплаб мусулмонлар бу масканни зиёрат қилади.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2205 times

Мақолалар

Top