Мақолалар

Қуръоннинг бўлак-бўлак бўлиб нозил қилинишининг ҳикмати

          Қуръони карим турли хил воқеа-ҳодисаларга жавобан бўлак-бўлак бўлиб нозил бўлишида давом этар эди. Гоҳида бир сура тўлалигича нозил бўларди. Масалан, “Фотиҳа”, “Муддассир” суралари ва “Анъом” сурасининг уч оятидан бошқа барча оятлари Маккада бирданига нозил бўлган. Гоҳида ўнта оят нозил бўлар эди. Масалан, “Мўминун” сурасининг аввалги ўн ояти ва “Нур” сурасидаги “ифк” воқеасини баён қилувчи ўнта оят шулар жумласидандир. Гоҳида эса, бешта оят нозил бўлар эди ва бундай тартибда нозил бўлиш кўпроқ учрар эди. Бундан ташқари оятнинг бир бўлаги нозил бўлганлиги ҳақида ҳам ишончли ривоятлар бор. Масалан, “Нисо” сурасидаги 95-оятнинг غَيْرُ أُولِي الضَّرَرِ  “шикаст етмаганлар” жумласи шу оятнинг لَا يَسْتَوِي الْقَاعِدُونَ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ ----- وَالْمُجَاهِدُونَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ بِأَمْوَالِهِمْ وَأَنْفُسِهِمْ

“Мўминлардан (жиҳодга чиқмай) ўтириб олган кишилар билан Аллоҳ йўлида мол ва жонлари ила курашган зотлар баробар бўлмайди...” жумласидан кейин нозил бўлган. Шунингдек, “Тавба” сурасидаги 28-оятнинг وَإِنْ خِفْتُمْ عَيْلَةً فَسَوْفَ يُغْنِيكُمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ إِنْ شَاءَ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ حَكِيمٌ “Агар сизлар камбағалликдан қўрқсангизлар, яқинда (Аллоҳ) хоҳласа, Ўз фазлу карами билан сизларни бой-бадавлат қилажак. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир” жумласи, айнан шу оятнинг يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنَّمَا الْمُشْرِكُونَ نَجَسٌ فَلَا يَقْرَبُوا الْمَسْجِدَ الْحَرَامَ بَعْدَ عَامِهِمْ هَذَا “Эй мўминлар, ҳеч шак-шубҳасиз, мушриклар нопок кимсалардир, бас, бу йилдан сўнг масжидул ҳаромга яқин келмасинлар!” жумласидан кейин нозил бўлган.

         Қуръоннинг нозил бўлиши ниҳоясига етгунича иш шу зайлда давом этди ва шу тариқа шариат аҳкомлари мукаммал бўлди.

         Қуръоннинг бўлак-бўлак бўлиб нозил бўлишининг ҳикмати ҳақида уламолар бир нечта фикрларни айтишган. Улар қуйидагича:

  1. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қалбларига таскин беришлик, у кишига Қуръон оятларини ёд олиш осон бўлиши учун бўлак-бўлак бўлиб нозил қилинди. Бунга ушбу оят ишора қилади:

وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لَوْلَا نُزِّلَ عَلَيْهِ الْقُرْآَنُ جُمْلَةً وَاحِدَةً كَذَلِكَ لِنُثَبِّتَ بِهِ فُؤَادَكَ وَرَتَّلْنَاهُ تَرْتِيلًا

яъни: “Кофир бўлган кимсалар: “Нега бу Қуръон унга (пайғамбарга) яхлит бир тўплам ҳолида нозил қилинмади?”, – дедилар. (Эй, Муҳаммад!) Биз у (Қуръон) билан сизнинг дилингизни устивор қилиш учун мана шундай (оз-оздан нозил қилдик) ва уни тартили билан (равон) ўқиб бердик” (Фурқон сураси, 32-оят).

         Пайғамбар алайҳиссалом ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайдиган бесавод киши эдилар. Аввал ўтган пайғамбарлар эса, ўқиш-ёзишни биладиган зотлар бўлиб, бирданига нозил бўлган китобни ёдлаб, эсда сақлаб қолишга имкониятлари бор эди.

  1. Аллоҳнинг ҳикмати азалийсида Қуръон оятларининг ичида носих ва мансухи ҳам бўлиши белгилаб қўйилган эди. Носих ва мансух эса, табиийки Қуръон фақат бўлак-бўлак ҳолда нозил бўлгандагина бўлиши мумкин.
  2. Ўша даврда яшаётган кишиларнинг қалбларига ўрнашиши учун, унга амал қилишлари осон бўлиши учун баъзи оятлар саволга жавоб тариқасида, баъзи оятлар эса воқеа-ҳодисага ойдинлик киритиш учун нозил бўлди. Бу ҳам Қуръоннинг парча-парча бўлиб нозил бўлишини тақозо қилади.
  3. Қуръоннинг парча-парча бўлиб нозил бўлиши бандалар учун Аллоҳнинг бир меҳрибончилиги. Ўша даврда яшаётган кишилар ҳеч қандай ҳаром ишлардан тийилмаган эдилар. Агар Қуръон уларга бир тўплам бўлиб нозил бўлганида, ундаги мажбуриятлар улар учун оғир бўлар эди. Натижада, улар Қуръонда келган буйруқ ва қайтариқларни бажаришдан бош тортган бўлар эдилар. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилган қуйидаги хабар ушбу сўзни тасдиқлайди.

إنَّما نَزَلَ أوَّلَ ما نَزَلَ منه سُورَةٌ مِنَ المُفَصَّلِ، فِيهَا ذِكْرُ الجَنَّةِ والنَّارِ، حتَّى إذَا ثَابَ النَّاسُ إلى الإسْلَامِ نَزَلَ الحَلَالُ والحَرَامُ، ولو نَزَلَ أوَّلَ شيءٍ: لا تَشْرَبُوا الخَمْرَ، لَقالوا: لا نَدَعُ الخَمْرَ أبَدًا، ولو نَزَلَ: لا تَزْنُوا، لَقالوا: لا نَدَعُ الزِّنَا أبَدًا،

яъни: “Энг аввало, жаннат ва дўзах зикри келган қисқа суралар нозил бўлди. Одамлар исломга бутун вужудлари билан кирганларидан кейин ҳалол ва ҳаром ҳақидаги оятлар нозил бўлди. Бордию, агар бошиданоқ: “ароқ ичманлар”, “зино қилманглар”, деган буйруқ нозил бўлганида, одамлар: “ароқ ичишни ташламаймиз”, “зино қилаверамиз”, деб айтган бўлар эдилар”.

         Шундай қилиб сиз юқорида Қуръоннинг парча-парча бўлиб нозил бўлганлиги ва унинг баъзи сабаблари билан танишдингиз. Энди эса, Қуръоннинг ушбу тартибда нозил бўлганлиги ҳақидаги ривоятлар билан “Қадр” сурасининг биринчи ояти:

إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ

яъни: “Албатта, Биз уни (Қуръонни) қадр кечасида нозил қилдик” ни мувофиқлаштириб олишимиз қолди. Бу икки ҳил тушунчани мувофиқлаштирувчи энг яхши фикр қуйидагича: Қуръоннинг қадр кечасида нозил бўлиши унинг нозил бўла бошлашидир. Қуръоннинг нозил бўлиши қадр кечасидан бошланганлиги билан эса, сиз кейинроқ танишасиз, иншааллоҳ. 

Сабаби нузул (Қуръоннинг нозил бўлиш сабаблари)ни билишнинг фойдаси 

         Юқорида сиз Қуръоннинг маълум воқеа ва ҳодисалар сабабли нозил бўлишлигини билдингиз. Ана шунинг номини “сабаби нузул” (Қуръоннинг нозил бўлиш сабаби) дейилади. Қуръонни тафсир қилишда, уни тўғри тушунишда ўша сабабларни билишнинг аҳамияти каттадир. Чунки, сабаби нузул Қуръон оятларини тўғри тушунишда, унинг сир-синоатларидан бохабар бўлишда қўл келадиган маънавий ишоралардир. Қуйида келтириладиган иккита мисолда бу яққол намоён бўлади:

  1. Марвон ибн Ҳакамдан ривоят қилинишича, у киши Оли Имрон сурасининг 188-ояти бўлмиш:

لَا تَحْسَبَنَّ الَّذِينَ يَفْرَحُونَ بِمَا أَتَوْا وَيُحِبُّونَ أَنْ يُحْمَدُوا بِمَا لَمْ يَفْعَلُوا فَلَا تَحْسَبَنَّهُمْ بِمَفَازَةٍ مِنَ الْعَذَابِ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ

яъни: “Ўз қилмишлари билан мағрурланадиган, қилмаган (яхши) ишлари учун мақталишни севадиганлар азобдан халос бўладилар деб, ҳисобламанг, асло! Уларга (охиратда) аламли азоб (бордир)ни нотўғри тушуниб: “Агар қилган иши билан хурсанд бўладиган ва қилмаган иши эвазига мақтов эшитишни ёқтирадиган ҳар бир киши азобланадиган бўлса, демак биз ҳаммамиз ҳам азобланар эканмизда”, деди. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу бу оятни аҳли китоблар ҳақида нозил бўлганлигини баён қилганларидан кейин, яъни Пайғамбар алайҳиссалом улардан бирор нарса ҳақида савол сўраганларида, улар сўралган нарса ўрнига бошқа гапни айтиб, ўзларини гўё саволларига жавоб бергандек тутишар эди, кейин бунинг эвазига у кишидан мақтов талаб қилишар эди. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу шу гапларни айтиб берганларидан кейингина Марвон ибн Ҳакам оятни нотўғри тушунганлигини англаб етди.

  1. Қудома ибн Мазъундан ривоят қилинишича, одамлар у кишини ароқ ичганликда айблаб ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг ҳузурларига олиб келишади ва сўзларини исботлаб ҳам беришади. Умар разияллоҳу анҳу унга: “Эй Қудома, энди мен сенга дарра урдираман”, дедилар. Қудома эса: Агар мен мана булар айтгандай ароқ ичган бўлганимда ҳам, сиз менга дарра ура олмайсиз, деди. Нима учун? – дедилар Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу. Шунда Қудома: “Аллоҳ таоло Қуръонда:

لَيْسَ عَلَى الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ جُنَاحٌ فِيمَا طَعِمُوا إِذَا مَا اتَّقَوْا وَآَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ ثُمَّ اتَّقَوْا وَآَمَنُوا ثُمَّ اتَّقَوْا وَأَحْسَنُوا وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ

яъни: “Имон келтирган ва савобли ишларни қилганлар учун – агар имонда ва савобли ишларда давом этсалар, сўнгра тақво қилиб, имон келтирсалар, сўнгра тақво қилиб, эзгулик қилсалар олдин еб-ичган нарсаларида гуноҳ йўқдир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади”, деган (Моида сураси, 93-оят). Мен ўша имон келтирган ва солиҳ амал қилган, сўнгра тақво қилган ва имон келтирган, сўнгра Аллоҳдан қўрқиб, чиройли амаллар қилган кишилар тоифасиданман. Мен Расулуллоҳ с.а.в. билан бирга Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бошқа ғазотларда қатнашганман”, деди. Шунда Умар р.а. одамларга қараб: “Бунинг гапига нима деб жавоб берасизлар?” – дедилар. Шунда Ибн Аббос р.а.: “Бу сен айтган оятлар ароқ ҳаром қилинишидан аввал ўтганлар учун узур тариқасида, кейингилар учун ҳужжат тариқасида нозил бўлган. Чунки, Аллоҳ таоло кейингилар учун:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ  إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُونَ

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?” (Моида сураси, 90-91-оятлар), деган. Агар сен имон келтирган ва яхши амал қилган, сўнгра тақво қилиб имон келтирган бўлсанг, дарҳақиқат Аллоҳ сени ароқ ичишдан қайтарган” – деди. Шунда Умар р.а.: “Тўғри жавоб бердингиз” – дедилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг

биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков.

https://t.me/tuhur

  


 

Read 2880 times

Мақолалар

Top