Мақолалар

Рашк имондандир

 قال رسول الله صلى الله عليه وسلم إن الله يَغَارُ وإن المؤمن يغار وغيرةُ الله أن يأتيَ المؤمنُ ما حرم اللهُ.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Албатта, Аллоҳ таоло рашк қилади. Мўмин ҳам рашк қилади. Мўмин банда Аллоҳ унга ҳаром қилган нарсани қилишига Аллоҳ таолонинг рашки келади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Рашк Аллоҳ таоло яратган инсоний табиат ва ҳис-туйғудир.

Киши ўз аҳлини ва яқин маҳрамларини бегоналардан ҳимоя қилиши ва уларнинг турли назаридан сақлаши ҳам рашк ҳисобланади. Ўз аҳлини ва яқин маҳрамларини бегоналардан қизғанмайдиган ва рашк қилмайдиган кимса даюс дейилади. Даюслик эса улкан гуноҳ бўлиб, у ҳақда қаттиқ ваъид ва огоҳлантиришлар бордир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч кишига Аллоҳ таоло қиёмат куни назар қилмайди: ота-онасига оқ бўлган; ўзини эркакларга ўхшатган аёл (кийиниш, юриш-туриш ва муомалада); даюс”, деганлар.

Аммор ибн Ёсир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Жаннатга уч киши кирмайди:

  1. даюс;
  2. ўзларини эркакка ўхшатадиган аёллар;
  3. ароқ ичишда муккасидан кетган киши”.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, ароқ ичишда муккасидан кетган кимсани биламиз, аммо даюс ким?”

Даюс шундай кишики, ўз аҳлининг олдига кимлар кириб чиқади, парво қилмайди, – дедилар.

Ва яна сўрадилар: Эркакка ўхшатадиган аёллар қайси?

Шундай аёлки кийинишда ўзини эркакларга ўхшатади, – деб марҳамат қилдилар (Имом Суютий ривояти).

  • عن زيد بن أسلم قال قال النبي صلى الله عليه وسلم إن الغيرة من الإيمان وإن البَذَاءٌ من النفاق والبذاء الديوث

Зайд ибн Аслам (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рашк иймондандир. Беномуслик, шармандалик, уятсизлик мунофиқликдир. Оиласидаги фаҳш ишларга рози бўлиш эса, даюсликдир”, дедилар”.

Эркакларнинг аёлларга ўхшашга уриниши юриш-туришда, гап-сўзда ва кийимда бўлади. Аёлларнинг эркакларга ўхшашга уринишлари ҳам худди шундоқ. Бу ишни қилганлар Исломда қораланади.

Паҳлавон Маҳмуд ўзининг байтларида айтади:

Эрлик ғуруринг бўлса, эй Аллоҳ суйган,

Аҳли аёлинг безатиб чиқарма уйдан.

Мевали шох агар чиқса кўчага,

Тама қилар ўтган йўловчи ундан.

Сен дарахт эккан бўлсанг ва дарахтингнинг шохлари кўчага чиқиб мева солса, ўтган ҳар бир киши ўша мевани ейиш орзусида ўтади, дейилган. Энди сен ҳам хотинингни ёки қизингни безатиб кўчага олиб чиқсанг, улардан ҳам ўтганлар бир орзу қилиб ўтишади.

Рашк ва қизғаниш ҳатто ҳайвонларда ҳам бўлиб, фақатгина тўнғиз бундан ғайридир.

Жами жониворлар тушса кўзга,

Ҳамиятли бўлур, тўнғиздин ўзга.

Аллоҳ таоло “Ғошия” сурасининг 21, 22-оятларида марҳамат қилади: “Бас, (эй, Муҳаммад! Умматингизга) эслатинг! Зотан, Сиз (ҳозирча) фақат эслатувчидирсиз. Уларнинг устидан зўравонлик билан ҳукм юргизувчи эмассиз.

Ана шу икки ояти каримага мувофиқ биз ҳам эслатмоқчимиз, холос. Аллоҳ таоло бизларни турли хил иллатлардан Ўзи халос қилсин ва асрасин. Юртимизни тинч ва осмонимизни мусаффо қилсин.

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

 Тожиддинов Абдуссамад Абдулбосит ўғли

Read 11676 times

Мақолалар

Top