Мақолалар

Аҳилликка нима етсин!

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “...Аллоҳнинг бандалари, бир-бирингизга биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, ёрдамсиз ташлаб ҳам қўймайди ва таҳқирламайди ҳам”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Динимизда ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва оилавий тотувликка катта эътибор берилган. Аҳиллик аввало бир-бирларини тушунишдан бошланади. Парокандалик эса ўзини устун қўйиш, бошқаларни менсимаслик оқибатида келиб чиқади.

Мусулмон киши уч кундан ортиқ аразлашиб юрмаслиги ҳадиси шарифларда қаттиқ қораланган.

Абу Аюб Ансорий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмонга ўз биродаридан уч кечадан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Учрашиб қолсалар, бу ҳам юз ўгириб кетади, у ҳам юз ўгириб кетади. Иккисидан яхшиси, аввал салом берганидир”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Афсус билан айтишимиз мумкинки, бугунги кунда айрим эр-хотинлар, ака-ука, опа-сингил, қалин дўстлар ва ҳатто ота-болаларнинг бир-бирларини тушунмасдан орага совуқчилик тушаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу масъулиятни ҳис қилмай, ҳуда-беҳудага жанжал чиқаравериш натижасидир. Улардан сўрасангиз, ҳамма ўзининг ҳақ эканлигини исботлашга уринади. Бу айни хатодир. Бунинг учун икки тарафни тинглаш ва тўғри хулоса чиқариш ислом кўрсатмаси эканига ҳамма ҳам бирдек қулоқ солавермайди. Агар улар аразлаб юришнинг улкан гуноҳлигини билганларида борми, ўша заҳоти ярашишга интилармиди?!

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Ким ўшандан ортиқ аразлаб туриб ўлиб қолса, дўзахга киради”, дедилар» (Абу Довуд ривояти).

Абу Хирош Асламий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ким ўз биродари билан бир йил аразлашиб юрган бўлса, бу унинг қонини тўккан билан баробардир”, деганларини эшитдим» (Имом Бухорий ривояти).

Халқимизда “Бир кун уруш бўлган уйдан қирқ кун барака кўтарилади”, деган ибратли сўз бор. Адоват нафақат оилага, балки жамиятга салбий таъсир кўрсатиши ҳеч кимга сир эмас.

Бахтиёр ва комил инсон бўлишни истаган, аввало, бошқалар ҳақини адо этиш хислатини ўзида мужассам қилмоғи керак.

Ҳар ким яқинларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиши, уларга нисбатан марҳаматини аямаслиги муҳим вазифалардан биридир. Ўз навбатида бунинг аксини тутганлар асло обрў ололмайдилар.

Донишмандлар томонидан айтилган “Бирлашган – ўзар, бирлашмаган – тўзар”, мақоли ҳам асрлар оша ўз мавқеини сақлаб келмоқда.

Улуғлардан бири укасига: “Дўст жафо билан душманга айланади, душман эса яхшилик билан дўстга!” – деб насиҳат қилган экан.

Албатта, қариндошлардан, дўстлардан алоқа узиш дунё лаззатларидан, охират савобларидан кўз юмишдир. Шариатда ҳам, жамиятда ҳам ҳар кимнинг ҳақ-ҳуқуқлари белгилаб берилган. Киши ўз масъулиятини ҳис этиши ва бунинг учун жавобгар бўлиши тайин.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир-бирингизни ёмон кўрманглар. Ўзаро рақобат қилманглар. Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар”,  дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Демак, нафс амрига бўйсунмасдан, ўзига бино қўймасдан илоҳий оят ва ҳадиси шарифларда айтилган кўрсатмаларга амал қилсак, ота-боболаримизнинг сўзларига қулоқ тутсак, жамиятда фаровонлик, оилада осойишталик ҳукм сураверади.

 

Эркин ҚУДРАТОВ,

“Мир Араб” ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси

Read 4925 times

Мақолалар

Top