Мақолалар

Муслима аёлнинг ғайридинга турмушга чиқиши

511-CАВОЛ: Охирги пайтларда муслима аёл-қизлар ғайридин эркакларга турмушга чиқиб кетаётганини тез-тез эшитиб қоляпмиз. Бу иш шариатимизда мумкинми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Муслима аёлнинг мусулмон бўлмаганга турмушга чиқиши Қуръони карим, суннат, ижмоъ ва ақлий далиллар билан ҳаром ва ботил амалдир.
Қуръони каримдан далил: Аллоҳ таоло айтади:


وَلَا تُنْكِحُوا الْمُشْرِكِينَ حَتَّى يُؤْمِنُوا وَلَعَبْدٌ مُؤْمِنٌ خَيْرٌ مِنْ مُشْرِكٍ وَلَوْ أَعْجَبَكُمْ أُولَئِكَ يَدْعُونَ إِلَى النَّارِ وَاللَّهُ يَدْعُو إِلَى الْجَنَّةِ وَالْمَغْفِرَةِ بِإِذْنِهِ وَيُبَيِّنُ آَيَاتِهِ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَذَكَّرُونَ

(البقرة:221)

“Мушрик эркакларга, то имон келтирмагунларича, (мўмина қизларни) никоҳлаб бермангиз. Зеро, ҳур мушрикдан кўра имонли қул яхшироқдир, гарчи у (мушрик) сизларга манзур туюлса ҳам. Улар (мушриклар) дўзахга чорлайдилар. Аллоҳ (эса) ўз изни билан жаннатга ва мағфиратга чорлайди ва эслатма олишлари учун одамларга ўз оятларини баён этади” (Бақара, 221-оят).
Машҳур муфассир олим Абу Жаъфар Табарий айтадилар: “Аллоҳ таоло мўмина аёлларга мушрикка, у ким бўлишидан қатъий назар ва қандай ширкда бўлса ҳам турмушга чиқишини ҳаром қилди” (“Тафсири Табарий” китоби). Имом Қуртубий айтадилар: “Ушбу оятда “Муслима аёлни мушрикка турмушга берманг”, дейилмоқда. Ислом уммати мушрик эркак ҳеч қандай йўл билан мўмина аёлнинг эри бўла олмаслигига ижмо қилган. Зеро, мушрикнинг муслимага эрлик қилишида Исломни хорлаш бор!”. Аллоҳ таоло айтади:


فَإِنْ عَلِمْتُمُوهُنَّ مُؤْمِنَاتٍ فَلَا تَرْجِعُوهُنَّ إِلَى الْكُفَّارِ لَا هُنَّ حِلٌّ لَهُمْ وَلَاهُمْ يَحِلُّونَ لَهُنَّ

(الممتحنة:10)

“Эй, мўминлар! Қачонки, сизларга (Макка кофирлари томонидан) мўмина аёллар ҳижрат қилиб келсалар, уларни имтиҳон қилиб кўрингиз! Аллоҳ уларнинг имонларини (бор ёки йўқлигини) яхшироқ билувчидир. Бас, агар уларнинг (ҳақиқатан) мўмина аёллар эканини билсангиз, у ҳолда уларни кофирларга қайтармангиз! Булар (улар) учун ҳалол эмас ва улар булар учун ҳалол эмасдир”.
Мазкур оятдаги “Булар (улар) учун ҳалол эмас ва улар булар учун ҳалол эмасдир” жумласида ғайри дин эркак муслима аёлга ҳалол эмаслиги такрорланмоқда ва мўмина аёл ва мушрик эркак ўртасидаги алоқани узиш муҳимлиги эслатилмоқда. “Уларга сарфлаган маҳрларини эрларига (қайтариб) берингиз!” – деб кофир эр мусулмон бўлган аёлига сарфлаган нафақасини мусулмонлар қайтариб беришларини буюрмоқда. Аллоҳ таоло айтади:


وَلَنْ يَجْعَلَ اللَّهُ لِلْكَافِرِينَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ سَبِيلًا

(النساء:141)

“Аллоҳ кофирлар учун (қиёмат куни) мўминларга қарши сира йўл бермайди” (Нисо сураси 141-оят).
Эр учун хотин устида валийлик ва раҳбарлик ҳаққи бор. Лекин бу ҳақлар кофир эркак учун муслима аёлнинг устида мавжуд эмас. Ибн Қудома айтадилар: “Илм аҳлининг ижмоси (якдил фикри)га кўра кофир киши учун ҳеч қайси ҳолатда муслиманинг устида эгалик йўқдир”.
Суннатдан далил: Пайғамбаримиз алайҳиссалом барча эри мусулмон бўлмаган муслималарни турмушдан ажратганлар. Жумладан, қизлари Зайнабни эри Абул Ос ибн Рабиъдан ажратдилар. Кейинчалик у киши мусулмон бўлгач, яна қизларини қайтариб бердилар.
Ижмоъдан далил: Уламолар куфр аҳлининг муслима аёл билан никоҳи ботил эканига, никоҳ мутлақо боғланмаслигига ижмо қилганлар. Буни Ибн Мунзир, Ибн Абдулбар, Ибн Қудома, Шавконий ва бошқа уламоларимиз нақл қилишган.
Ақлий далил: Муслима аёл куфр аҳлига хотин бўлиш билан ғайридинга итоат қилиши, ўзини паст олиши вожиб бўлиб қолади. Кофир эр унинг хўжасига айланади. Қолаверса, ғайридин муслима аёлнинг динини ҳурмат қилмайди, балки дини сабабли аёлни хўрлайди.
Хулоса қилиб айтганда, Ислом шариатига кўра бирор аёл ғайри динга турмушга чиқиши ҳаром амалдир. Агар аёл буни билсаю, уни ўзига ҳалол санаб, ўзга дин вакилига турмушга чиқса, у муртад ҳисобланади (Аллоҳ сақласин). Агар ўзига ҳалол санамасдан турмушга чиққан бўлса, никоҳи ботил саналади ва ўша аёл бегона эркак билан зино қилаётган ҳукмида бўлади. Валлоҳу аълам.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar

Read 2972 times

Мақолалар

Top