Мақолалар

Урушнинг номи ўчсин

Бир пайтлар Қарши шаҳар телевидениесида “Афғон юртда қолган армонлар” рукни остида теленовеллалар ёзганман. Бесамар, мақсадсиз урушда қурбон бўлган навниҳол йигитлар оиласида бўлганман. Ўшанда бир онаизор ҳақида қизи айтиб берган воқеани ҳеч унутолмайман. 19 ёшли боласининг жасади темир тобутда  келганида волида зор йиғлаб, ўша соатдан бошлаб тўшакда михланиб қолган. Падари бузруквори эса ўғлининг вафотидан сўнг ҳеч қанча яшамай оламдан ўтган. Фарзанд доғи оғир, унга ҳатто тоғ ҳам бардош беролмай емирилади. Онаизор ҳеч нарса емай, ичмай турмуш ўртоғидан сўнг кўп ўтмай қазо қилади. Гапирмай тилдан қолган она жон чиқар онида: “Ўғлим, жоним болам, Рамазоним, қаердасан? Нега ёнимга бир бор келмадинг? Дийдорингни кўрмай қандай жон берай, болажоним!” – дея йиғлаган экан. Тилдан қолган онамиз бу гапларни қандай айтганига ҳайрон қолгандик, – дея эслайди Рамазоннинг опаси Ҳикоят опа.

Урушнинг номи ўчсин. Тинчликнинг қадрига етиш керак. У – улуғ неъмат. Бу неъматни улуғлаб, шукрини қилишимиз лозим, – дейди байналмилал жангчи Қоржов Жўраев. – Қандаҳор тоғларида жанг қиляпмиз. Ҳар лаҳзада кутилмаганда жон олувчи снаряд парчаларидан бири учиб келиб сафдошимнинг оёғини юлиб кетди. Оғриқнинг зўридан аскар додлаб йиғлаяпти. Санитарлар йўқ, ўзимиз унга оғриқ қолдириш учун промидол қилдик. Яраланган дўстимиз: “Отам Иккинчи жаҳон урушидан оёқсиз қайтган эдилар, энди мен ҳам оёқсиз қайтаманми? Севган қизимнинг, ота-онамнинг ёнига оёқсиз қайтганимдан ўлганим яхши эди”, дея ўксиниб йиғлагани ҳали-ҳануз қулоқларим остида жаранглайди...

Ҳа, уруш ваҳшийлик. Уни келтириб чиқараётганлар ваҳшийлардир. Қуръони каримда: “Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо, 93), дея марҳамат қилинган. Ўзларини Ислом дини вакиллари қилиб кўрсатишга уринаётган, қанчадан-қанча бегуноҳ ёшу қарининг қонини тўкаётган террорчи гуруҳларни қандай қилиб Ислом дини дўсти, дейиш мумкин? Мусулмон мусулмоннинг қонини тўкмайди. ИШИДчилар мусулмон аҳлининг душманлари, Аллоҳ таолонинг лаънатига учраган кимсалардир. Улар тинч аҳолининг ғоявий, мафкуравий душманлари. Йўқса, тинч яшаётган халқлар ҳаётига таҳдид солиб, фаровон турмушига рахна солмасдилар. Бутун дунё ғазабига учраган террорчи гуруҳлар ҳар хил фитна йўллар билан ёшлар онгини заҳарлашга уринаётганлари бор гап. Биз лоқайд, бепарво бўлмаслигимиз, фарзандларимизни маънавий манқуртлик таҳдидларидан ҳимоя қилишимиз лозим. Доруломон кунларимиз учун ота-боболаримиз жон олиб жон беришгани, ҳар хил қурол-яроғларга кўксиларини тутиб бизга шу кунларни инъом этганларини бир лаҳза бўлса-да унутишга ҳақимиз йўқ.

ИШИД террорчилари гўёки осий Од қавмига ўхшайди. Улар Аллоҳ таолонинг марҳаматларини кўриб-билиб туриб Олам Сарварига ширк келтирадилар ва натижада уларга қирон келади. «Бас, қачонки, улар ўша (азоб)ни ўз водийларига қараб келаётган бир қора булут ҳолида кўришгач: “Бу бизларга ёмғир келтирувчи булутдир”, дедилар. Йўқ, у ўзларингиз қистаган нарса бўрондирки, унда (сизларга аталган) аламли азоб бордир. У Парвардигорининг амри билан барча нарсани вайрон қилур. Бас, (у бўрон келиб) тонг отганида фақат уларнинг (қолдиқ) масканларигина кўзга ташланар эди. Биз жиноятчи кишиларни мана шундай жазолаймиз» (Аҳқоф, 24-25). Халқ душмани бўлган террорчилар албатта Яратган Эгамнинг жазосига мустаҳиқдирлар. Биз эса улардан огоҳ бўлиб, тинчлигимиз, осуда ҳаётимизни бир тутам ёлғонларга, фитналарга бой бериб қўймайлик. Мустақил Ватанимизни, мусаффо осмонимизни шу ҳолича келгуси авлодларга етказиш бизнинг бурчимиздир. 

Зебо ОМОНОВА

Read 5339 times

Мақолалар

Top