Мақолалар

Қуръоннинг ёзилиши ва сақланиши

Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таоло Қуръонда:

وَمَا كُنْتَ تَتْلُو مِنْ قَبْلِهِ مِنْ كِتَابٍ وَلَا تَخُطُّهُ بِيَمِينِكَ إِذًا لَارْتَابَ الْمُبْطِلُونَ

яъни: Сиз илгари бирор китобни тиловат қилувчи эмас эдингиз ва қўлингиз билан хат ҳам ёзган эмас эдингиз. Акс ҳолда бузғунчилар, албатта, шубҳага тушган бўлур эдилар (Анкабут сураси, 48-оят), деб гувоҳлик берганидек, ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайдиган бесавод бир киши эдилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу лайҳи саваллам ўзларига келган ваҳийни нозил бўлиш вақтидаёқ ёдлаб олишга ҳаракат қилар эдилар. Бунга қуйидаги оятда ишора қилинган:

لَا تُحَرِّكْ بِهِ لِسَانَكَ لِتَعْجَلَ بِهِ. إِنَّ عَلَيْنَا جَمْعَهُ وَقُرْآَنَهُ. فَإِذَا قَرَأْنَاهُ فَاتَّبِعْ قُرْآَنَهُ. ثُمَّ إِنَّ عَلَيْنَا بَيَانَهُ.

яъни: (Эй, Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан (кўп) ҳаракатлантираверманг. Зеро, уни (Сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингиздаги) қироати ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилида) уни ўқисак, Сиз ҳам уни ўқишга эргашинг! Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам, албатта, Бизнинг зиммамиздадир(Қиёмат сураси, 16-19-оятлар).

Расулуллоҳ саллаллоҳу лайҳи савалламнинг бир нечта котиблари бўлиб, улар Қуръон оятларини суяк, ҳурмо барглари, япалоқ тош ва шунга ўхшаш нарсаларга ёзиб борар эдилар. Ёзилган оятлар Расулуллоҳ саллаллоҳу лайҳи савалламнинг уйларида турар, котиблар ҳам ўзлари ёдлашлари учун ундан кўчирма олар эдилар. Пайғамбар алайҳиссалом уларга ҳар бир оятни суранинг қайси жойига қўйилишини кўрсатиб берар эдилар.

Уламолар ўртасида суралардаги оятларнинг жойлашиш тартиби тавқифий (яъни, Расулуллоҳ саллаллоҳу лайҳи саваллам томонидан белгиланган) эканлиги ҳақида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Бунга Усмон ибн Ос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис далил бўлади. У киши шундай деганлар: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу лайҳи савалламнинг ҳузурларида ўтирган эдим. Шу пайт У зот кўзларини бир юмиб очдилар ва шундай дедилар: “Ҳозир ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келиб мана бу оятни мана бу сурага қўйишимни буюрдилар”:

إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالْإِحْسَانِ وَإِيتَاءِ ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

яъни: Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур(Наҳл сураси, 90-оят).

Сураларнинг жойлашиши тартиби ҳақида эса, уламолар бир нечта фикрлар билдиришган. Баъзилари, уни саҳобаларнинг ижтиҳодлари орқали тартиб қилинган деса, бошқалар, тавқифий деб айтишган. Бу фикрларнинг тавқифий дегани қувватлироқ. Дарҳақиқат, Қуръонни тўлиқ ёдлаган Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу каби баъзи саҳобалар Пайғамбар алайҳиссалом билан Жаброил алайҳиссалом ўрталарида бўладиган Қуръон дарсларида ҳозир бўлишган. Ўшанда Қуръоннинг сура ва оятлари ана шу тартибда қироат қилинар эди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу лайҳи савалламнинг энг машҳур котиблари тўрт халифа, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Муовия ибн Абу Суфён, Язид ибн Абу Суфён, Муғира ибн Шуъба, Зубайр ибн Аввом, Холид ибн Валид разияллоҳу анҳумлардир. Абдуллоҳ ибн Масъуд, Солим ибн Маъқал, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳумлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида Қуръонни мукаммал ёдлаган саҳобалар жумласидандир.

Қуръондаги Маккий ва Маданий суралар

Юқорида айтиб ўтилдики, Қуръони карим қарийиб йигирма уч йил давомида нозил бўлди. Бу муддат икки қисмга бўлинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу лайҳи саваллам Маккада ҳижратдан олдин яшаган ўн уч йил ва ҳижратдан кейин Мадинада яшаган ўн йил. Айнан мана шу жиҳатдан Қуръон суралари Маккий ва Маданийга ажратилади. Қуръони каримни тушунишда сураларнинг Маккий ва Маданийга ажратиш катта аҳамият касб қилади. Оятнинг носих (бекор қилувчи) ва мансух (бекор қилинган) эканлиги уни Маккий ёки Маданий эканлигини билишга боғлиқдир.

Уламолар ўртасида Маккий ва Маданий суралар ҳақида уч хил атама мавжуд:

Биринчи, Маккий деб Маккада нозил бўлган сурага айтилади, гарчи у ҳижратдан кейин нозил бўлган бўлса ҳам. Маданий деб, Мадинада нозил бўлган сурага айтилади. Бу фикрга биноан сафар вақтида (Макка ва Мадинадан ташқарида) нозил бўлган суралар Маккий ҳам эмас, Маданий ҳам эмас, балки у алоҳида учинчи қисмдир.

Иккинчи, Маккий – Макка аҳолисига қарата хитоб қилинган оятлар, Маданий – Мадина аҳолисига қарата хитоб қилинган оятлар.

Учинчи, энг машҳур фикр, Маккий – ҳижратдан олдин нозил бўлган сура, Маданий – ҳижратдан кейин нозил бўлган сура, гарчи у Маккада нозил бўлган бўлса ҳам. Мисол учун, Нисо сураси, Моида сурасининг 3-оятидаги “Бугун мен сизларга динингизни комил қилиб бердим” жумласи. Яҳё ибн Саламдан шундай ривоят ҳам бор: Маккада ва Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага етиб бормай туриб йўлда нозил бўлган суралар Маккий, Мадинага келганларидан кейинги сафарлари давомида нозил бўлган суралар Маданийдир. Бундан ҳижрат сафари мобайнида нозил бўлган сурани ҳам Маккий деб аташ маълум бўлади.

Уламолар Қуръон сураларининг қайсилари Маккий ва қайсилари Маданий эканлиги устида тортишганлар. Баъзилар Қуръондаги 19та сура Маданий эканлигига уламолар иттифоқ қилганларини айтишган. Улар: Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анфол, Тавба, Нур, Аҳзоб, Қитол, Фатҳ, Ҳужурот, Мужодала, Ҳашр, Мумтаҳана, Жумъа, Мунафиқун, Талоқ, Таҳрим, Наср. Қолган суралар Маккий бўлиб, уларнинг баъзисига иттифоқ қилинган бўлиб, уларнинг сони 71та, баъзиси устида ихтилоф бор, улар 24та. Маккий эканлиги устида ихтилоф бўлган суралар қуйидагилар: Фотиҳа, Юнус, Раъд, Ҳаж, Фурқон, Ёсин, Ҳадид, Соф, Тағобун, Инсон, Мутаффифин, Балад, Валлайл, Қадр, Баййина, Залзала, Одиёт, Такосур, Маъун, Кавсар, Ихлос, Фалақ, Нос. Эҳтимол бу суралар устидаги ихтилофнинг асосий сабаби, бу сураларнинг кўпчилигининг баъзи оятлари Маккий, баъзилари Маданий бўлганлигидир.

Маккий ва Маданий сураларнинг бир-биридан фарқи

Уламолар сураларнинг Маккий ёки Маданий эканлигини ажратадиган белгиларни аниқлашган бўлиб, улар қуйидагича;

  • Фарз, вожиб, ҳад каби аҳкомларни баён қилувчи оятларнинг кўпчилиги Маданийдир. Маккий оятларда эса, диндаги бош мақсад, у ҳам бўлса Аллоҳнинг бирлиги, Унинг мавжудлигига ҳужжат ва далиллар келтириш, ширк пойдеворларини бузиш, қалбларни разолатдан поклашга, гўзал ахлоқли бўлишга ундаш баён қилинган. Маккий оятлар ичида бундай маъноларнинг бўлиши инсонларнинг ўша вақтдаги руҳий ҳолатларини тўғрилаш учун жуда-жуда зарур эди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида у ердаги кишиларнинг қалбига ширк ўрнашиб олган, улар бутларга, санамларга ибодат қилар эдилар. Охират ҳаёти ҳақида ҳеч қандай тушунчага эга эмас, у ердаги савоб ва азобдан бехабар эдилар. Шундай экан, уларга ўзларининг аҳволларига муносиб йўл кўрсатилиши, мерос, савдо-сотиқ ва бошқа қонунлар ҳаётларига киритилиши лозим эди. Шунинг учун ҳам Қуръон биринчи навбатда уларнинг қалбидаги ширкни илдизи билан қўпориб ташлашни, улар чўмиб юрган ифлосликларнинг гуноҳ ва зарарларини бартараф қилишни мақсад қилди. Сўнгра уларга, Аллоҳни, охират кунини эслатди, уларга қиёмат кунини, унда бўладиган қўрқинч ва дахшатларни тавсифлаб берди. Жаннат ва дўзах ҳақида ниҳоят даражада кенг баён қилди. Улардан олдин яшаб ўтган қавмлар ҳаётидан мисоллар келтирди, уларга қилмишлари оқибатидан етган балолар ҳақида баён қилди. Шунингдек, уларни ақллари орқали ҳидоят топишлари учун ўзлари ҳақида, уларни ўраб турган атроф-муҳит ҳақида тафаккур қилишга чақирди.
  • Маккий сураларда хитоб гоҳида “ياايهاالناس” (эй, инсонлар), гоҳида “يا بني آدم” (эй, Одам болалари) сийғасида келса, Маданий сураларда кўпинча “يا ايها الذين آمنوا” (эй, имон келтирганлар) сийғасида келади. Маданий сураларда хитоб “ياايهاالناس” (эй, инсонлар) сийғасида фақат еттита оятдагина келган. Улардан иккитаси Бақара сурасида бўлиб, улар 21-оятда “يَا أَيُّهَا النَّاسُ اعْبُدُوا رَبَّكُمُ” (эй, инсонлар раббингизга ибодат қилинг) ва 168-оятда “يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُوا مِمَّا فِي الْأَرْضِ حَلَالًا طَيِّبًا” (эй, инсонлар Ер юзидаги ҳалол пок нарсалардан енглар), тўрттаси Нисо сурасида бўлиб, улар 1-оятда “يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ” (эй, инсонлар Раббингизга тақво қилинг), 133-оятда “إِنْ يَشَأْ يُذْهِبْكُمْ أَيُّهَا النَّاسُ وَيَأْتِ بِآَخَرِينَ” (Агар хоҳласа, эй, инсонлар, сизларни йўқ қилиб, бошқаларни келтиради), 170-оятда “يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَكُمُ الرَّسُولُ بِالْحَقِّ مِنْ رَبِّكُمْ” (Эй, инсонлар! Пайғамбар сизларга Раббингиздан Ҳақни келтирди) ва 174-оятда “يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَكُمْ بُرْهَانٌ مِنْ رَبِّكُمْ” (Эй, инсонлар! Сизларга Раббингиздан ҳужжат (Пайғамбар ва мўъжизалар) келди). Биттаси, Ҳужурот сураси 13-оятда “يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى” (Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик).
  • Маккий оятлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ва бошқа мусулмонлар ёдлашлари осон бўлиши учун Маданий оятларга қараганда қисқароқ шаклда нозил бўлган. Масалан, Маданий сура бўлмиш Анфол сураси 75 оятдан иборат бўлса, Маккий сура бўлмиш Шуаро сураси 227 оятдан тошкил топган. Ваҳолангки, ҳар икки суранинг ҳажми ярим порадан иборат. 28-порадаги суралар Маданий – Соф ва Тағобун суралари устида ихтилоф бор – бўлиб, улар 137 оятдан иборат бўлса, 30-порадаги суралар Маккий бўлиб, ундаги оятлар миқдори 570тани ташкил этади.
  • Мунофиқлар ҳақида зикр қилинган суралар – Анкабутдан ташқари – Маданийдир. Чунки, Маккада мунофиқлар бўлмаган.
  • Сажда ояти келган сураларнинг барчаси Маккийдир, фақатгина Ҳаж сурасигина Маданийдир.
  • كَلَّا” (Йўқ (ундай эмас)) калимаси келган ҳар бир сура Маккийдир. Бундаги ҳикмат шуки, инкор, нафрат маъносидаги ибораларни фақатгина ўша вақтда Маккада яшаб турган зўравон-золимларгагина ишлатиш ўринли бўлган. Мадина аҳли бўлган яҳудийлар эса, заифҳол кишилар эдилар. Шунинг учун уларга нисбатан ўз ҳолатларига мос тарзда хитоб қилишга риоя қилинган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Ҳомиджон Ишматбеков

https://t.me/tuhur

Read 2417 times

Мақолалар

Top