Мақолалар

Унутилаётган суннатлар (2-суннат): Таомни учта бармоқ билан тановул қилиш

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учта бормоқлари билан ер эдилар ва қўлларини артишдан олдин уларни ялар эдилар" (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).

Қўл билан ейдиган таомни уч бармоқ: бош, кўрсатгич ва ўрта бармоқлар билан ейиш суннатдир. Бундан кўп бармоғини ишга солиш очкўзликдир.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик.

Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Келинг, биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига таомни учта бармоқ билан тановул қилишга одатланайлик.

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

 

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2244 times
Tagged under

Мақолалар

Top