Мақолалар

Биз ухласак, улар уйғонади…

Оила – ота, она ва фарзанддан иборат учта тиргакка қурилади. Оиланинг бахти саодати ҳам, унинг камоли ва фаровонлиги ҳам, тинчлиги ва осойишталиги ҳам ана шу уч устуннинг бир-бирига бўлган  муносабатига, аҳиллигига, яхши тарбиясига боғлиқ. Булар бўлмас экан, оила таназзулга юз тутаверади. Бу инқироз эса, ўз навбатида жамиятни ларзага келтираверади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди» - деганлар. (Термизий ривоят қилган).
«Ҳеч бир ота ўзининг фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди» -деганлар бошқа бир хадисларида (Имом Бухорий ривоят қилган.) Пайғамбаримиз алайҳис салом ўзлари фарзандларига, набираларига, умуман ёш болаларга жуда эътиборли бўлганлар. Пайғамбаримиз алайҳис саломни тарбияларини олган издошлари, саҳобалар ҳам фарзанд тарбияси борасида ул зотни йўлларини тутардилар.
Биз болажон миллатмиз. Фарзандларимиз учун ўзимизни ўтга-чўққа урамиз. Тиним билмаймиз. Ўзимиз емасак ҳам уларни оғзига тутамиз. Лекин,  тарбиядаги жуда нозик жиҳатларга боламизнинг қалбига киришга, у билан чинакамига дўстлашишга, тиллашишга, диллашишга интиляпмизми? Ота фарзанди учун ҳамма нарсани муҳайё қилиб қўйган, бироқ энг муҳим нарсани унутган. Ҳа, одам боласи учун қорин тўқлигию усти бутликнинг ўзи кифоя қилмайди. Унда кўнгил бор. Кўнгил эса доимий эътиборни, меҳрни тусайди. Ҳар бир фарзанд отадан меҳр кўришни ҳоҳлайди, эътибор ҳоҳлайди.
Агар биз ўша меҳри бера олмасак, бошқалардан олса тўғри бўладими? Эртага ўзларини ғаразли мақсадларига йўғрилган, ватанига, динига ва ота-онасига қарши борадиган миссионер ва турли оқимлардан ота-онасидан ололмаган меҳр-тарбияни олса, бу ҳаммамиз учун фожеа бўлади. 
Имом Ғаззолий бундай дейди: “Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунёю охиратда саодатга эришади. Унинг савобига ота-онаси ҳам, ҳар бир муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади”.
Ҳозирги кунда баъзи тоифа ва гуруҳлар манфур мақсадлари йўлида Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифларнинг маъноларини ҳам бузиб, ўз ғояларига мослаштиришмоқда. Шунингдек, улар солиҳ аждодларимиз ва ўтган азиз уламоларимиз айтган сўзларни ҳам бутунлай нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланишмоқда. Масалан, “Ҳижрат”, “Жиҳод” ва “Шаҳид” сўзларини нотўғри талқин қилиб, ёшларимизни чалғитмоқдалар.
Биз ёшларимизга, мўмин-мусулмонларга, ҳали Ислом динимиз борасида оз билимга эга бўлган кишиларга юқоридаги сўзларни асл маъносини тушунтириб беришимиз лозим. Шунда ёшлар xавф-хатар юқоридаги сўзларда эмас, балки бу сўзларни ниқоб, қурол қилиб олган тоифа, гуруҳ ва адашган жамоаларда эканини англаб олади.
Ўшандай тоифалар ҳақида Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасининг 179-оятида шундай  айтади-ки: “ ... Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан англамайдилар. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан кўрмайдилар. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан эшитмайдилар. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”.
Биз фазандларимизни баъзи тоифа ва гуруҳларнинг манфур ғояларига учуб юртини ташлаб ватан-гадо бўлиб, юртдошларига қарши бориб, ватан хоини бўлишлигини олдини олишимиз лозим. 
Хулоса қилиб айтсак, барча мусулмонлар учун муқаддас бўлган тушунчалар ва атамаларни ғаразли мақсади йўлида суиистеъмол қилаётган бузғунчи тоифаларга қарши курашиш, уларнинг сохта даъволарига ўз вақтида асосли раддиялар бериш ҳар биримизнинг энг муҳим вазифамиздир. Агар биз ухласак, бепарво бўлсак, эртага улар, яъни бузғунчилар уйғонади.

Пискент туман бош имом-хатиби в.в.б: 

Зайнилобиддинхон Қудратов

Read 5706 times
Tagged under

Мақолалар

Top