Мақолалар

Қуръондаги Ислом қонунчилиги асослари

Ислом қонунчилиги учта асосга барпо қилинган:

А- машаққатнинг йўқлиги,

Б-мажбуриятларнинг озлиги,

В- қонунчиликни босқичма-босқич жорий қилиш.

А) Машаққатнинг йўқлиги:

Исломий мажбуриятларда ҳеч қандай машаққат ва оғирлик йўқ. Қуръон аҳкомларида инсонларга қийин бўлган ва уларнинг кўнгилларига оғир ботадиган ҳеч қандай нарса йўқ. Биз исломда қийинчилик йўқ деганда, унда умуман машаққат йўқ деган фикрдан йироқмиз. Дарвоқе, машаққат икки ҳил бўлади:

Биринчи, одатий машаққат бўлиб, урфда бундайлар машаққат деб саналмайди. Бу каби машаққатларни шариатдан олиб ташлашнинг имкони йўқ. Чунки, ҳаётдаги ҳар бир амал қисман бўлса ҳам машаққатдан ҳоли эмас. Ҳаттоки, инсон учун зарур бўлган ейиш, ичиш, кийиш каби ишлар ҳам ўзига яраша машаққат ва таклиф талаб этади. Демак, бундай одатий машаққатларнинг шаръий мажбуриятларда мавжуд бўлишига монеълик йўқ, балки бўлмаслигининг иложи ҳам йўқ.

Иккинчи, ортиқча машаққат бўлиб, бундан қалблар эзилар, тоқатлар тоқ бўлар, кишининг жисмига ва молига салбий таъсир қилиб, натижада кўпгина фойдали амалларни қилишдан бездириб қўяди. Айнан мана шу хилдаги машаққатларни Аллоҳ таоло ўз фазли ва марҳамати билан бандалардан кўтарди ва уларга енгил қилиб берди. Бунга ушбу оятлар далилдир:

يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ

яъни: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” (Бақара сураси, 185-оят).

يُرِيدُ اللَّهُ أَنْ يُخَفِّفَ عَنْكُمْ

яъни: Аллоҳ сизларга (шариат аҳкомларини) енгиллатишни хоҳлайди(Нисо сураси, 28-оят).

مَا يُرِيدُ اللَّهُ لِيَجْعَلَ عَلَيْكُمْ مِنْ حَرَجٍ

яъни: Аллоҳ сизларга бирор қийинчилик (пайдо) қилишни раво кўрмайди(Моида сураси, 6-оят).

وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ

яъни: (Аллоҳ) динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади(Ҳаж сураси, 78-оят).

وَيَضَعُ عَنْهُمْ إِصْرَهُمْ وَالْأَغْلَالَ الَّتِي كَانَتْ عَلَيْهِمْ

яъни: “У (пайғамбар) уларнинг юкларини ва устиларидаги кишан (қийинчилик)ларини олиб ташлайди” (Аъроф сураси, 157-оят).

         Шу жумладан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам:

بُعثتُ بالحنيفيةِ السمحةِ

яъни: “Мен олийжаноб (бағрикенг) дин билан юборилганман”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ривоятларга кўра Пайғамбар алайҳиссалом агар иккита ишга тўғри келиб қолсалар уларнинг енгилроғини танлар эканлар, модомики у гуноҳ иш бўлмаса.

Дарҳақиқат, агар сиз ислом шариати аҳкомларини бирма-бир кўздан кечириб чиқсангиз унда машаққатларнинг йўқлигига амин бўласиз, барча мажбуриятларнинг бошидан охиригача бандаларга енгил ва қулай бўлишлигига риоя қилинганлигини кўрасиз. Масалан, Аллоҳ таоло намозни мукаллафга бир кунда беш маҳал ўқишни фарз қилди. Намозни тик туриб ўқишга буюрди. Бунда ҳеч қандай машаққат йўқ аслида. Лекин шунга қарамай, агар тик туришга қодир бўлмаса уни ўтириб ёки қандай имкони бўлса шундай ўқишга рухсат берди.

Худди шунингдек, рўза ҳам йилда бир ой фарз қилинди. Бундаги мавжуд машаққат инсоннинг тоқати етмайдиган даражада эмас. Шундоқ бўлса ҳам, Аллоҳ таоло машаққат ортиши мумкин бўлган ҳолатларда рўзани очиб юборишликка ёки тутмасликка изн берди. Масалан, мусофирга, касалга, ҳомиладор ва эмизикли аёлга.

Аллоҳ таоло ўлимтик ҳайвон гўштини ейишни ҳаром қилган бўлса ҳам, очарчилик вақтида мажбур ҳолатда омон қолиш учун ейишни мубоҳ қилди.

Таҳоратга сув топилмаганда таяммум қилишни, сафарда намозни қаср қилиб ўқишни жорий қилган бўлса, каффоратларни гуноҳларни ўчириш учун жорий қилди. Буларнинг барчаси инсонларнинг ўз зиммаларидаги вазифаларини адо этишда қийналмасликлари ҳамда шариат аҳкомларига нисбатан ҳурмат ва эътиборлари сусаймаслиги учун кўзланган мақсаддир.

Фуқаҳолар шариатда енгиллик киритилган ўринларни етти хил деб белгилашган. Улар:

  1. Узр ҳолатида ибодатнинг соқит бўлиши. Масалан, эминлик бўлмаганда ҳажнинг соқит бўлиши.
  2. Фарз ибодатларни қисқартирилиши. Масалан, сафарда намозни қаср қилиб ўқиш.
  3. Ибодатларнинг ўрнини алмаштириш. Масалан, таҳоратни таяммум билан алмаштириш.
  4. Ибодатнинг вақтини олдинга суриш. Масалан, Арафот водийсида пешин билан аср намозини пешин вақтида жам қилиб ўқиш.
  5. Ибодатнинг вақтини кечиктириш. Масалан, Муздалифада шом билан хуфтон намозини хуфтон вақтида жам қилиб ўқиш.
  6. Ибодатнинг тартибини ўзгартириш. Масалан, намоз ўқиш тартибини хавф (қўрқув) вақтида ўзгартириш.
  7. Ман қилинган нарсага рухсат бериш. Масалан, очарчилик вақтида ўлимтик гўштини ейиш, томоққа нарса тиқилганда ютиб юбориш учун сув топилмаганда ароқ ичиб юбориш.

Б) Мажбуриятларнинг озлиги.

Ислом шариати ўзидан олдинги ўтган шариатлардан ундаги мажбуриятларнинг озлиги билан ажралиб туради. Ислом кишиларининг елкаси ундаги амр (буйруқ) ва наҳий (қайтариқ)ларнинг оғирлигини сезган эмас. Балки, Ислом уларга ўрта (мўтадил) йўлни кўрсатиб берган. Қуръони каримда баён қилинган вожиб амалларга бир назар ташласангиз, уларнинг озлигини кўрасиз. Шунчалик оз эканлигидан уларнинг ҳаммасини бир зумда билиб олиш ҳам мумкин, уларга амал қилиш ҳам енгил. Бунга қуйидаги оят ҳам далилдир:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَسْأَلُوا عَنْ أَشْيَاءَ إِنْ تُبْدَ لَكُمْ تَسُؤْكُمْ وَإِنْ تَسْأَلُوا عَنْهَا حِينَ يُنَزَّلُ الْقُرْآَنُ تُبْدَ لَكُمْ عَفَا اللَّهُ عَنْهَا وَاللَّهُ غَفُورٌ حَلِيمٌ. قَدْ سَأَلَهَا قَوْمٌ مِنْ قَبْلِكُمْ ثُمَّ أَصْبَحُوا بِهَا كَافِرِينَ

яъни: Эй, имон келтирганлар! Сизларга (жавоби) аён қилинса, сизларга хуш келмайдиган нарсалар ҳақида (савол) сўрамангиз! Қуръон (оятлари) нозил бўлиб турган кезларда улар ҳақида сўрасангиз, (жавоби) албатта, аён қилинади. Уларни (олдинги сўраганларингизни) Аллоҳ кечирди. Аллоҳ кечиримли ва ҳалимдир. У нарсалар ҳақида сизлардан олдинги қавм ҳам сўраган эди. Сўнгра ўша нарсаларга (нисбатан) кофир бўлиб қолган эдилар(Моида сураси, 101-102-оятлар). Кўриб турибсизки, Аллоҳ таоло зиммамизга янги-янги аҳкомлар фарз бўлиб қолмаслиги, уни адо қилаолмай ҳалокатга учраб қолмаслигимиз учун бизларни масалага чуқур киришишдан қайтармоқда. Оятнинг таъбирига қараганда бизларга амал қилиш осон бўлишлиги ҳамда машаққат ва танг ҳолатга тушиб қолмаслигимиз учун Аллоҳ таоло мажбуриятларнинг оз бўлишлигига риоя қилган.

         Бунга суннатдан далил Пайғамбар алайҳиссаломнинг Ақраъ ибн Ҳобис разияллоҳу анҳуга айтган гапларидир. Ҳадиснинг матни қуйидагича:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، قَالَ خَطَبَنَا رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ ‏"‏ أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ فَرَضَ اللَّهُ عَلَيْكُمُ الْحَجَّ فَحُجُّوا ‏"‏ ‏.‏ فَقَالَ رَجُلٌ أَكُلَّ عَامٍ يَا رَسُولَ اللَّهِ فَسَكَتَ حَتَّى قَالَهَا ثَلاَثًا فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ‏"‏ لَوْ قُلْتُ نَعَمْ لَوَجَبَتْ وَلَمَا اسْتَطَعْتُمْ - ثُمَّ قَالَ - ذَرُونِي مَا تَرَكْتُكُمْ فَإِنَّمَا هَلَكَ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ بِكَثْرَةِ سُؤَالِهِمْ وَاخْتِلاَفِهِمْ عَلَى أَنْبِيَائِهِمْ فَإِذَا أَمَرْتُكُمْ بِشَىْءٍ فَأْتُوا مِنْهُ مَا اسْتَطَعْتُمْ وَإِذَا نَهَيْتُكُمْ عَنْ شَىْءٍ فَدَعُوهُ ‏

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга хутба қилиб: “Эй инсонлар! Аллоҳ таоло сизларга ҳажни фарз қилди, ҳаж қилинглар” дедилар. Шунда бир киши - Ақраъ ибн Ҳобис разияллоҳу анҳу -:  Ё Расулуллоҳ! Ҳажни ҳар йили қилишимиз фарзми? – деб сўради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бермадилар. У саволни яна қайтарди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яна индамадилар. Учинчи марта яна сўраганида: “Агар “ҳа” деб жавоб берсам ҳар йили ҳаж қилишингиз фарз бўлиб қолар эди ва сизларнинг бунга тоқатингиз етмас эди. Шунинг учун сизлар мен айтган нарсанигини қилинглар. Дарҳақиқат, сизлардан олдин ўтган қавмлар кўп савол берганлари ва пайғамбарлари айтганига хилоф қилганлари учунгина ҳалок қилинган эдилар. Шундай экан, қачон сизларни бир амалга буюрсам тоқатингиз етганича қилинг. Агар бирор ишдан қайтарсам, уни тарк этинг”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Қуйидаги ҳадис ҳам бунга далил бўлади: “Мусулмонларнинг ичида энг гуноҳи кўп киши – мусулмонларга ҳаром қилинмаган нарса ҳақида савол сўраб, шунинг саволи туфайли ўша нарса мусулмонларга ҳаром қилиб қўйилган кишидир”. Бундан ташқари Расулуллоҳ алайҳиссаломдан шундай ҳадис ворид бўлган:

عن أبي ثعلبة الخشني جرثوم بن ناشرٍ رضي الله عنه، عن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: ((إن الله تعالى فرض فرائض فلا تضيعوها، وحد حدودًا فلا تعتدوها، وحرم أشياء فلا تنتهكوها، وسكت عن أشياء - رحمةً لكم غير نسيانٍ - فلا تبحثوا عنها))؛ حديث حسن،

رواه الدارقطني

яъни: Абу Саълаба ал-Хушаний Жарсум ибн Ношиз разияллоҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, Аллоҳ таоло бир қанча фарз амалларга буюрди, уларни зое қилманглар. Ҳадларни белгиларб берди, уларни бузманглар. Бир қанча нарсаларни ҳаром қилди, улардан сақланинглар. Яна бир қанча нарсаларнинг ҳукмини эсдан чиқармаган ҳолда, сизларга раҳм-шафқат қилганлиги учун зикр қилмай сукут сақлади. Сизлар ҳам у нарсалар устида баҳс юритманглар” (Имом Дора Қутний ривояти).

Ушбу мавзуга тегишли бунга ўхшаган яна кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд.

В) Шариат қонунларини босқичма-босқич жорий қилиниши.

Ислом дини янги келган вақтда араблар ҳаддан ташқари хоҳиш истакларига эрк берган, уларнинг эркинликларини чегаралайдиган ишларни, шаҳвоний туйғуларини тўсадиган нарсаларни ёқтирмайдиган халқ эдилар. Турли одамлар, ҳилма ҳил табиатлар уларнинг қон-қонларигача сингиб кетган эдики, ҳатто улар бундан бирданига қутула олмас эдилар. Шунинг учун ҳам, уларга шариат аҳкомлари бирданига нозил қилиниши мумкин эмас эди. Чунки, улар бу аҳкомлардан гангиб қолиб, натижада оғирлик қилиб, улардан безиб қолар эдилар. Шу сабабдан Қуръон бўлак-бўлак бўлиб нозил бўлди. Аҳкомлар секин асталик билан, олдинги келган ҳукм кейинги келадиганига шароит яратиб берадиган, инсонларнинг кўнглига ўрнашадиган тарзда ворид бўлди. Бу ҳукмларнинг аксари маълум бир воқеалар сабабли нозил бўлар эди. Бу эса, одамларнинг кўнглига мос келиши ва унга амал қилиш осон бўлишини таъминлар эди.

Мана шундай ҳукмлардан бири ароқнинг ҳаром қилиниши ҳақидаги ҳукмдир. Ароқ ичишлик араблар орасида жуда ҳам кенг тарқалган, уларнинг ҳаётларининг ажралмас бир қисмидек эди. Илоҳий ҳикмат ила бунинг ҳаромлиги ҳақидаги ҳукм босқичма-босқич нозил қилинди. Аввал бошда унинг ҳаромлиги очиқдан очиқ айтилмади, балки:

يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ قُلْ فِيهِمَا إِثْمٌ كَبِيرٌ وَمَنَافِعُ لِلنَّاسِ وَإِثْمُهُمَا أَكْبَرُ مِنْ نَفْعِهِمَا

яъни: Сиздан май (маст қилувчи ичимлик) ва қимор ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: У иккисида катта гуноҳ ва одамлар учун (айрим) фойдалар ҳам бор. Иккисининг гуноҳи фойдасидан каттароқдир, деган (Бақара сураси, 219-оят).

         Ушбу оятдан ароқдан тийилиш талаб қилинаётганлигини фақатгина шариатнинг сир асрорларидан хабардор кишигина фаҳмлаши мумкин. Чунки, оятда ароқнинг ҳаромлиги очиқ ойдин айтилаётгани йўқ. Албатта, гуноҳи катта бўлган нарсани тарк қилиш лозим. Одатда, кўпинча амаллар фақат ёмонликдан иборат бўлмайди. Лекин ўша амалнинг ҳалол ёки ҳаромлиги ундаги фойда ёки зиённинг кўп ёки озлигига қараб аниқланади.

         Ароқ ичишда гуноҳнинг кўплиги туфайли уни тарк қилиш лозимлигига ишора қилинганидан сўнг, маст ҳолатда намоз ўқишдан қайтарилди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَقْرَبُوا الصَّلَاةَ وَأَنْتُمْ سُكَارَى حَتَّى تَعْلَمُوا مَا تَقُولُونَ

яъни: Эй, имон келтирганлар! Токи гапираётган гапингизни (ўзингиз) биладиган бўлгунингизгача, маст ҳолларингизда намозга яқинлашмангиз!(Нисо сураси, 43-оят).

Шундан сўнггина ароқ ичишдан қатъий тарзда очиқ ойдин қайтарди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ  إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُونَ

яъни: Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?(Моида сураси, 90-91-оятлар).

         Ислом аввалида зинокорга бериладиган жазо уни уйга қамаб қўйиш, гап сўз билан азият беришдан нарига ўтмас эди:

وَاللَّاتِي يَأْتِينَ الْفَاحِشَةَ مِنْ نِسَائِكُمْ فَاسْتَشْهِدُوا عَلَيْهِنَّ أَرْبَعَةً مِنْكُمْ فَإِنْ شَهِدُوا فَأَمْسِكُوهُنَّ فِي الْبُيُوتِ حَتَّى يَتَوَفَّاهُنَّ الْمَوْتُ أَوْ يَجْعَلَ اللَّهُ لَهُنَّ سَبِيلًا

яъни: Хотинларингиздан фоҳишалик қилганларига ўзларингиздан (эркаклардан) тўрт кишини гувоҳ қилингиз. Агар улар гувоҳлик берсалар (ва зино қилганлари ўз исботини топса), то уларга (хотинларга) ўлим келгунга қадар ёки Аллоҳ бирор йўл қилгунча, уларни (ўзлари яшаётган) уйларда сақлаб турингиз(Нисо сураси, 15-оят).

         Кейинчалик, Аллоҳ оила қурган зинокорни тошбўрон (ражм)га, турмуш кўрмаган зинокорни дарра уришга ҳукм қилди:

الزَّانِيَةُ وَالزَّانِي فَاجْلِدُوا كُلَّ وَاحِدٍ مِنْهُمَا مِئَةَ جَلْدَةٍ

яъни: “Зинокор аёл ва зинокор эркакнинг ҳар бирига юз дарра урингиз!” (Нур сураси, 2-оят). Ражм қилиш ҳақида ҳам оят нозил қилинган бўлиб, кейинчалик бу оятнинг Қуръон оятлари қатори тиловат қилиниши бекор (мансух) қилинган, аммо унинг ҳукми боқийдир.

         Ислом аввалида намоз ҳам одамларга меҳрибончилик юзасидан эрталаб икки ракъат, кечқурун икки ракъат қилиб ўқиш жорий қилинган. Чунки, у даврдаги кишилар Ислом динига эндигина кирган, намоз ўқишлик ҳаловатини ҳали тотиб улгурмаган, Аллоҳга муножот қилишнинг лаззатини яхши англамаган эдилар. Вақти келиб, мусулмонларнинг қалби имон ва ибодатдан таскин топа бошлагандан кейингина намозга қўшимча қилишга имкон туғилди.

         Аввал бошда мусулмонларнинг сони озчилик, заифҳол, мушрикларга қарши бош кўтаришга, улар билан жанг қилишга қувватлари етарли бўлмагани учун, душманларнинг азиятларига сабр қилишга, кечиримли бўлишга, улардан юз ўгиришга, уларга қарши уруш қилмасликка буюрилдилар:

اتَّبِعْ مَا أُوحِيَ إِلَيْكَ مِنْ رَبِّكَ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَأَعْرِضْ عَنِ الْمُشْرِكِينَ

яъни: Раббингиздан Сизга ваҳий этилган нарса (оят)ларга эргашинг. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Мушриклардан (эса) четланинг! (Анъом сураси, 106-оят).

خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ

яъни: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят).

وَإِنَّ السَّاعَةَ لَآَتِيَةٌ فَاصْفَحِ الصَّفْحَ الْجَمِيلَ

яъни: Қиёмат ҳам, шаксиз, келувчидир. Бас, (шундай экан, жоҳилларнинг азиятларига сабр қилинг ва уларни) чиройли юз ўгириш билан тарк этинг!(Ҳижр сураси, 85-оят).

Мусулмонларнинг қуввати ортиб, Аллоҳнинг динига одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб кира бошлаганидан сўнг, ўзларини ҳимоя қилишлари учун жанг қилишга изн берилди:

أُذِنَ لِلَّذِينَ يُقَاتَلُونَ بِأَنَّهُمْ ظُلِمُوا وَإِنَّ اللَّهَ عَلَى نَصْرِهِمْ لَقَدِيرٌ

яъни: “(Мушриклар томонидан) ҳужумга учраётган (мусулмон)ларга, мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилишга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир (Ҳаж сураси, 39-оят).

         Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилиб борганларида Аллоҳ таоло у кишини Мадинадаги аҳли китоб қавмлари Бани Исроил пайғамбарларидан таълим олган нарсалари асосида қилаётган амалларига хилоф иш тутишга буюрмади. Масалан, Мадина аҳли китоблари намозларида Байтул Мақдис томонга юзланар эдилар. Аллоҳ таоло аввал бошда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам намозда ўша томонга юзланишга буюрди. Чунки, у ердаги қавмларнинг ҳурматини қозониш, бу кишининг ҳам ҳақиқий пайғамбар эканликларига уларни ишонтириш лозим эди. Бу зот ўтган пайғамбарларнинг келтирган динларини тасдиқловчи, улар даъват қилган динга даъват қилувчи, уларнинг йўлларига чақирувчи киши эканликларини баён қилиш учун шундай қилинди. Бу ҳолат токи уларнинг қалбларига имон ўрнашгунча ва келажакда қибла Байтул Мақдисдан Масжидул Ҳаром томонга ўзгартирилганда ҳеч қандай иккиланиш ёки шубҳаланиш содир бўлмайдиган вақт келгунча давом этди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:

وَمَا جَعَلْنَا الْقِبْلَةَ الَّتِي كُنْتَ عَلَيْهَا إِلَّا لِنَعْلَمَ مَنْ يَتَّبِعُ الرَّسُولَ مِمَّنْ يَنْقَلِبُ عَلَى عَقِبَيْهِ وَإِنْ كَانَتْ لَكَبِيرَةً إِلَّا عَلَى الَّذِينَ هَدَى اللَّهُ وَمَا كَانَ اللَّهُ لِيُضِيعَ إِيمَانَكُمْ إِنَّ اللَّهَ بِالنَّاسِ لَرَءُوفٌ رَحِيمٌ قَدْ نَرَى تَقَلُّبَ وَجْهِكَ فِي السَّمَاءِ فَلَنُوَلِّيَنَّكَ قِبْلَةً تَرْضَاهَا فَوَلِّ وَجْهَكَ شَطْرَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَحَيْثُ مَا كُنْتُمْ فَوَلُّوا وُجُوهَكُمْ شَطْرَهُ

яъни: “Сиз юзланган олдинги қиблани Биз фақат орқага қайтиб кетаётганлар ичида ким пайғамбарга эргашар экан, деб қилдик (қайта тикладик). Албатта, бу (ўз қибласини ўзгартириш) Аллоҳ ҳидоят этган кишилардан ўзгалар учун оғир ишдир. Аллоҳ имонларингизни (Байтул-Мақдисга қараб ўқиган олдинги намозларингиз ажрини) зое кеткизмас. Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир. Гоҳо юзингизни (ваҳий кутиб) осмон бўйлаб ўгириб туришингизни кўраяпмиз. (Хотиржам бўлинг) Сизни ўзингиз рози бўладиган қиблага (Каъбага) юзингизни ўгиртирамиз. Юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонга буринг! (Эй, мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангиз, юзларингизни ўша тарафга бурингиз!” (Бақара сураси, 143-144-оятлар).

         Шуларга ўхшаш ҳукмлар жуда ҳам кўп. Дарҳақиқат, Ислом шариати инсонларнинг манфаатларига асосланган. Шунга кўра аҳкомлар аввал мужмал, сўнгра муфассал тартибда келган. Бу асосан Маккадаги қонунчилик билан Мадинадаги қонунчиликни солиштирганда яққолроқ намоён бўлади. Маккий оятлар мужмал, ундаги ҳукмларга камдан-кам ҳолларда тафсилот берилади. Маданий оятларда эса, Қуръон кўплаб тафсилотларга ўрин беради. Хусусан, муомалот масалаларига тааллуқли ишларда. Шунинг учун ҳам аксар аҳком оятлари Мадинада нозил бўлгандир. Маккий оятларда эса фақат ақиданинг софлигини асрашга тааллуқли бўлган ҳукмларгина келтирилган, масалан, Аллоҳдан ўзганинг номи айтиб сўйилган ҳайвоннинг гўштининг ҳаромлиги ва ҳоказо.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари 

Ҳомиджон Ишматбеков

https://t.me/tuhur

 

Read 2443 times

Мақолалар

Top