Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Иродат сифатиға ишоратдур (Ўн учинчи мавзу)

НАЗМ

Иродат сифатиға ишоратдур

Бил, учунчи сифат иродатдур,

Билмагай улки, бесаъодатдур.

Ўт куяр, сув оқар иродатдин,

Сарбасар ҳар не бор – иродатдин.

Хостсиз ўт аро момуқ қуймас,

Оч ебон олам ошини, тўймас.

 

НАСРИЙ БАЁН

 

  1. Ирода сифатига ишорат

 

Учинчи  сифат  ирода  сифатидир,  буни  саъодатсиз  киши  билмайди.  Олов  Унинг  хоҳиш-иродаси  билан  ёнади  ва  куйдиради, сув Унинг иродаси билан оқади (ва қондиради). Дунёда нимаики бор бўлса, бошдан-охир Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан бўлади.

 

Унинг хоҳиши бўлмаса, момуқ – чигитсиз пахта оловда куймайди, оч киши оламнинг овқатини еб, тўймайди.

 

ИРОДА  СИФАТИГА  ИЗОҲ.  Аллоҳ  таъоло  Ўз  иродаси  билан  ҳодисотни тадвир  этади  –  узлуксиз  жараён  эттириб  туради.  Борлиқ  оламида  оз-кўп, катта-кичик, хайр-шарр (яхшилик-ёмонлик), фойда-зарар, иймон-куфр, эътироф-инкор, муваффақият-муваффақиятсизлик, ортиш-камайиш, итоат-исён Унинг илми, иродаси, тақдири, ҳукми ва хоҳиш-истаги билан жараён этади. Хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди. Унинг амрини, ҳукмини асло ҳеч ким рад этолмайди («Жомиъ ул-мутун»).

 

ШАРҲ. Сувга қондириш хусусиятини, таъомга тўйдириш, оловга куйдириш, уйқуга чарчоқни кетказиб ором бериш хусусиятини берган зот Удир. Унинг хоҳиш-иродаси бўлмаса, ҳеч бири ҳеч нарсага қодир  эмас.  Бунга  далил  кўп,  чунончи,  истисқо  касалига  йўлиққан киши дарёлар сувини ичса ҳам, чанқоғи қонмайди, летаргия уйқусига  чалинган  киши,  олти  ой,  бир  йил  ва  ундан  кўп  ухлайди,  уйқуга тўймайди  ва  чарчоғи  кетмайди. Оловнинг  ўз  хоҳиш-иродаси  бўлса эди,  ҳазрати  Иброҳим  алайҳиссаломни  куйдирган  бўлар  эди,  лекин Аллоҳнинг иродаси билан у зотни куйдирмади. шунингдек, еб тўймас кимсалар бор, чунки овқат ўз ҳолича тўйдиришга қодир эмас.

 

«Бутун инсоният тўпланиб, бир заррани  ҳаракат қилдирмоққа ва ёки ҳаракат этаётган нарсани тўхтатмоққа уринса, Аллоҳнинг ирода сифати тажаллий этмагунича, бунга асло кучлари етмайди.

 

Аллоҳ таъолонинг ирода сифати азалийдир. У азалдан нарсаларнинг вужудга  келишини  ирода  қилган  ва  ирода  қилган  нарсаларини  ҳам тақдим, таъхир, табдил ва тағйир этмасдан – олдинга олмасдан, кечиктирмасдан,  алмаштирмасдан  ва  ўзгартирмасдан,  вақтида яратгандир.

 

Аллоҳ  қилинмоғини  ирода  этган  ишларни  тадвир  этишда  –  узлуксиз жараён эттириб туришда фикрий тартибга ва вақт белгилашга муҳтож эмас. шунинг учун ҳам, ҳеч бир иш Унинг бошқа бир ишни қилишига монеъ бўла олмайди» («Жомиъ ул-мутун»).

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК.

Read 2229 times
Tagged under

Мақолалар

Top