Мақолалар

Чортоқда сақланаётган Қуръони Каримнинг ҳижрий қадимий қўлёзма нусхаси ҳақида биласизми?
Наманган вилояти Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қароний зиёратгоҳидаги музейда Қуръони Каримнинг ҳижрий 1291 йил (милодий 1874 йил)да ёзиб тугатилган қўлёзма нусхаси сақланади. 

Қуръони Каримнинг ушбу қўлёзма нусхаси ҳажми жиҳатдан Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг китоблар хазинасида сақланаётган, куфий хатида кўчирилган Қуръони Усмоний нусхасидан кейин иккинчи ўринда туради. Узунлиги 74 см, эни 51 см, қалинлиги 12 см, умумий оғирлиги 21,5 килограммни ташкил этадиган мазкур қўлёзманинг ҳар бир саҳифасида 13 қатордан оятлар битилган.
 
photo_2020-10-31_13-09-51.jpg
 
photo_2020-10-31_13-09-54.jpg

Бу қўлёзма авлоддан авлодга мерос қолган бўлиб, шу ҳақда китобнинг биринчи саҳифаси остидаги сатрларда шундай дейилган: “... ҳижрий 1329 йилда (милодий 1911 йил) эрдики, мен Мулло Ҳакимжон, бу каломуллоҳ отам Муҳаммад Холдорбой марҳум, укам Мулла Азимбой марҳумдан менга қолди”. 
 
Ундан кейинги сатрлар йиртилиб йўқолганлиги сабабли яна кимларга ўтганлиги номаълум бўлиб қолмоқда. Аммо сақланиб қолган ёзувларнинг бир қисмида мазкур Қуръони Карим Ҳазрати Мавлоно Хўжа Лутфуллоҳ Чустий хонақоҳи ва мозорига дахлдор эканлиги таъкидланган. 
 
photo_2020-10-31_13-09-57.jpg
 
photo_2020-10-31_13-10-00.jpg
 
Бу ҳақда қуйидаги маълумотлар бор “... қабрларни мунаввар қилгур Ҳазрати Мавлоно Хўжа Лутфуллоҳ ҳузурларида ўқитувчилардан ва толиби илмлардан дуо умид этамиз”. 

Ушбу қўлёзма нусхаси 1994 йил 6 сентябрь куни Наманган вилояти “Мерос” илмий марказига топширилган. Айни пайтда Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қароний зиёратгоҳидаги музейда махсус вакумли қутида сақланмоқда. Ушбу нусха Наманганда ва унинг ҳудудларида хаттотлик санъатининг тараққий этганлигини исботловчи бир намуна сифатида ҳам қимматлидир. 
 

 

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА
Read 2460 times

Мақолалар

Top