Мақолалар

Залолатга бошловчи ихтилофлардан асранайлик!

Ислом дини тарихи давомида ақида, шариат ва амалларни бажариш каби масалаларда турли ихтилофлар авж олган даврларни бошидан кечирган.

Имом Абу Лайс Самарқандий, Имом Мотуридий, Имом Насафий каби ўз даврининг етук алломалари бўлган аждодларимиз ўзларининг ақидавий мавзулардаги беқиёс илмий асарлари билан суннийлик эътиқодига зид бузғунчи ғояларга қарши туриб, “Аҳли сунна вал жамоа” ақидасини ҳимоя қилишган ва унинг ривожланишига улкан ҳисса қўшганлар.

Афсуски, бугунги кунда ҳам мусулмонлар бирлигига раҳна солувчи бузғунчи ғояларни тарғиб қилаётган тоифалар мавжуд эканини гувоҳи бўлмоқдамиз. Таассуф билан таъкидлаш жоизки, Интернетнинг ўзбек тилидаги майдонида Ўрта асрлардан бери Ислом динини ёт ғоялардан сақлашга хизмат қилиб келаётган Мотуридия таълимотига тош отаётган, муборак динимиз таълимотини сохта талқин этиш орқали низо, тортишув ва ихтилоф чиқаришга уринаётганлар кузатилмоқда.

 Юқоридаги қайд этилганларни, шунингдек, диний масалалардаги ихтилофлар ўта ҳассос эканини эътиборга олсак, диндошларимиз, айниқса, ёш диндорларимизни ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридия ақидаси таълимоти, аксар уламоларимизнинг илмий қарашлари асосида диний ихтилофлардан огоҳлантириш ва  улардан асраб-авайлаш борган сари долзарб аҳамият касб этаётганидан далолат қилади.

Умуман, ихтилоф ижтимоий ҳодиса сифатида муайян масалада ёндашув ва мақсадлари (фикрлари, баҳо беришлари ва ҳ.к.) бир-бирига мос тушмайдиган икки ёки ундан ортиқ томонлар (одамлар ва гуруҳлар) ўртасидаги муносабатни англатади.

Ҳар қандай ихтилоф ўзида бунёдкорлик ва вайрон қилувчи хусусиятга эга. Кўп уламоларимиз саҳобалар, олим тобеинлар, барча мусулмонларнинг эҳтиромига сазовор бўлган тўрт фиқҳий мазҳаб ихтилофи мисолларида табиий ихтилофлар яхши ният ва уриниш оқибатида келиб чиқиши ҳамда яхшилик билан тугашини таъкидлайдилар.

Аммо бузғунчи мақсадларда, сунъий равишда келтириб чиқарилган ихтилофларни ҳал этиш учун вақтида чора кўрилмаса, томонларнинг тажовузкорлигига сабаб бўлиши ва тўғридан тўғри зўравонлик даражасига етиши мумкин.

Диний асосдаги ихтилофларни шартли равишда муайян динга эътиқод қилувчи шахс ёки гуруҳлар ўртасида ақида, шариат, амалларни бажариш, муқаддас манбалардаги кўрсатмаларга таяниш ва бошқа масалаларда кескин мунозарали ҳолатларнинг юзага келиши деб таснифлаш мумкин.

Ислом динида ихтилоф чиқариш ўзларидан бошқа мусулмонларни хатокорликда, бидъат ва залолатда, Қуръон ва суннатни тарк этишда айблашда акс этмоқда. Жумҳур уламолар ихтилоф чиқараётган тоифаларнинг кўзга яққол ташланадиган белгиси бемазҳаблик эканини қайд этадилар. Уламолар ихтилоф  чиқараётганлар Абу Сулаймон ал-Асбаҳоний аз-Зоҳирий (883 й. в.э.) томонидан таъсис этилган, “Зоҳирия мазҳаби” номини олган ҳуқуқий мактаб тарафдорлари сингари Қуръон ва ҳадисларининг фақат зоҳирига (юзаки маъноларига) амал қилишларига эътибор қаратмоқда.

“Зоҳирийлар” ҳуқуқий амалиётда Қуръон ва суннатни айнан тушуниш ва талқин қилишни тан олганлар. Улар Қуръон матнидаги яширин (мажозий) маънони рад этиб, уни мажозий талқин этиб бўлмайди, деб ҳисоблаганлар. “Зоҳирийлар” усулул-фиқҳ (ҳуқуқ асослари) илмига оид масалаларда мантиқий усуллар (раъй, истиҳсон ва б.)дан фойдаланишга кескин қарши эдилар.

Юқоридаги сабабларга кўра, уламолар бугунги замонда ихтилоф чиқараётганларни “янги зоҳирийлар” деб ҳам аташади. Ихтилофчиларга хос асосий ҳусусиятлар қаторида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

- Қуръонда мажозий маъноларда келган оятларни қандай бўлса, шундай тушуниш ва риоя этиш, Қуръондаги умумий кўрсатма маъносида келган оятлар билан буйруқ сифатида келган оятларни бузиб талқин этиш, оят ва ҳадисларни тушунишда сиртқи маъноларига ёпишиб, ҳарфма-ҳарф таҳлил қилиш ҳамда матнларнинг ортидаги мақсад ва ҳикматларни эътиборга олмаслик;

- маънавий камолот, ота-онага ҳурмат, фарзанд тарбияси, билим олиш, муҳтожларга ёрдам бериш, олим-уламоларни ҳурмат қилиш каби асл исломий қадриятларга эътиборсизлик қилиш ва риоя этмаслик, асосий эътиборни шаклга, масалан, тартибсиз соқол қўйиш ва ўз наздларида гўёки исломий ҳисобланадиган либос кийишга, шунингдек суратга тушиш, телевизор кўриш, давлат ва халқ байрамларинини нишонлашни ман этиш кабиларга қаратиш;

- ўз фикрини ягона тўғри деб ҳисоблаб ғулувга кетиш ҳамда фикрларига қўшилмаганларга нисбатан ўзларининг “бидъат-залолат”, “залолат-дўзах” қоидалари асосида кескин муросасиз муносабатда бўлиш;

- ўзларидан бошқа барча мусулмонларни “фосиқ”, “бидъатчи” ёки “кофир”га чиқариш, дин, мазҳаб ва бошқа масалаларда бепарво бўлиш ҳамда ихтилоф, фитна чиқаришни ўзига касб қилиб олиш;

- ўтган улуғ уламоларни танқид қилиш орқали ўзларини уларнинг ўрнига қўйишга ҳаракат қилиш;

- бугунги кун воқелиги, тарихий ва объектив қонуниятларни тушунмаслик ва тан олмаслик, масалан, барча мусулмонларни бирлаштирувчи ягона халифалик қуриш каби хомхаёлни мутаассиблик билан илгари суриш.

Ихтилоф чиқараётганларнинг Марказий Осиё, хоссатан, Ўзбекистонда бузғунчилик ишлари қаторида қуйидагиларни келтириш мумкин:

- Имом Абу Ҳанифа ва Имом Мотуридий ҳақида танқидий фикрлар тарқатиш, расмий диний идора ва масжидларда ишлайдиган уламоларни “сарой муллалари” деб масхара қилишга ҳаракат қилиш;

- ҳанафийлик мазҳаби таълимотига зид равишда намозда “омин” лафзини овоз чиқариб айтиш, оёқларни кериб туриш, намозда рукуга бораётганда ва ундан қайтаётганда икки қўлни кўтариш орқали тафриқа чиқариш, суннат намозларни масжидда ўқимаслик, намоздан кейин жамоат билан дуо қилишни, қабристонда ёки ўтганларга атаб тиловат қилишни “бидъат” деб эълон қилиш;

- дунёвий ҳаёт кечираётган фуқароларни, айниқса, давлат бошқарув органи ходимларини оммавий равишда “куфр”да айблаш ва шу кабилар.

Исломда динни одамларга қийин қилиб тушунтириш ва оғир талаблар билан чеклаш, мазкур масалада ихтилоф чиқариш ман этилган. Анас ибн Моликдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича:”Жаноб Расулуллоҳ (с.а.в.): “Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар, хотиржам қилинглар, бездирманганлар”, дедилар” (Имом Бухорий, 6125-ҳадис)

Имом Таҳовий мусулмонлар орасидаги ихтилоф чиқарувчи тажовузкор шахсларни қоралаб, улар борасида Аҳли сунна вал-жамоани муносабатини қуйидагича баён қилган: “Ғайритабиий одатлар, хилоф, тафриқадан қочамиз. Адолатли, омонатли кишиларни дўст тутамиз. Зулм ва хиёнат аҳлини ёмон кўрамиз”.

Жумҳур уламоларнинг илмий манбаларида, жумладан, марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг асарларида  (“Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар”, 38-64, 227-293 бетлар) ихтилоф чиқараётганларнинг намоз ва бошқа масалалардаги даъволари ислом таълимотига зид экани муқаддас манбалар, “Аҳли сунна вал жамоа” ақидаси ҳамда ҳанафийлик таълимоти асосида мустаҳкам ҳужжат ва далиллар билан исботлаб берилган.

Ҳозирги замон уламоларимиз динда ихтилоф чиқараётганлардан сақланиш учун суннийлик ва ҳанафийлик мазҳаби аҳкомларида маҳкам туриш, мутаассиб ва экстремистик ғояларга берилмаслик зарурлигини таъкидлайдилар. Олим ва уламоларимиз  мусулмонларга ихтилофчиларнинг жамиятга бузғунчи таъсирининг олдини олишда қуйидагиларни тавсия қиладилар:

- ҳар бир мусулмон аҳли-суннат вал-жамоада бўлиши;

- динни ўрганишда солиҳ мусулмон авлодлар изидан бориш;

- уламоларни ҳурмат қилиш ва уларга эргашиш;

- фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш;

- турли тоифа, фирқа ва гуруҳлардан эҳтиёт бўлиш;

- кишилар ўртасида аҳил-иноқлик ва дўстликни мустаҳкамлаш;

- дин, Ватан ва халқ фойдаси учун хизмат қилиш;

- ихтилофлардан четда бўлиш.

Бугунги кунда ислом оламида кенг тарқалган, 20 дан зиёд мусулмон мамлакатлардаги диндошларимиз эътиқод билан риоя этиб келаётган мотуридийлик таълимотида тўғри йўлнинг калити илм экани эътироф этилади, алломанинг таъбирича, “динни илм билан ҳимоя қилиш” лозим ҳисобланади.

Тарихдан маълумки, қайси халқ ёки жамиятда ихтилоф ва ўзаро низолар авж олса, улар катта фитналарни келтириб чиқарган ҳамда ушбу ўлка заифлашиб, охир-оқибат муқаррар таназзулга йўл тутган. Аксинча, ошкора ва ботиний фитна ва ихтилофларга қарши илм, адолат ва бирдамлик билан қарши турган юртлар барқарор ривожланиб, дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаган.

Шу нуқтаи-назардан, мусулмонларимиз ақида, шариат ва диний амалларни бажариш масалаларида уламоларимизга эргашишлари, жамоадан ажралмаслиги, ўзларини бузғунчи тоифалар таъсирига тушиб, диний мавзуларда низо ва тортишув чиқаришдан асрашлари, ихтилофли масалаларнинг ечимини жумҳур олим-уламоларнинг Қуръон ва суннат, мотуридия ақидаси ва тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаблар асосида ёзилган асарлардаги таҳлил ва ҳужжат-далиллардан топишлари уларни ҳидоятга бошловчи йўл ҳисобланади.

Ўткир Ҳасанбаев,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 

Манбалар:

  1. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий: Ал-жомиъ ас-саҳиҳ (Ишонарли тўплам). 2-китоб. 6125-ҳадис. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2008. – 393 б.
  2. Имом Таҳовий. Ал-Ақидатут-таҳовия. Ақоид матнлари. А. Мансуров таржимаси. – Т.: Тошкент ислом университети, 2011. – 38 б.
  3. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Васатия – ҳаёт йўли. – Т.: “Hilol-Nashr”, 2019. – 87, 116, 117, 319, 333, 341-343 б.
  4. Абдулҳаким Шаръий Жузжоний. Ислом ҳуқуқшунослиги, ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари (масъул муҳарирлар: А.С.Саидов, А.Мансур. – Т.: “Тошкент ислом университети”, 2002. – 88 б.
  5. Э.Даминов. Ҳидоятга бошловчи олим эътирофи. “SurhonMuslimuz” сайти, 20.08.2020 й.
  6. “QOMUS.INFO” сайти, qomus.info/encyclopedia/cat-z/zohiriylar-uz/.

 

Read 2687 times

Мақолалар

Top