Мақолалар

Меҳрга ким ҳам тўяди?

Бугуннинг гапи 

Одамнинг қорни бир коса овқатга тўйиши мумкин. Жуда кўп эшитганмиз “қорним роса тўйиб кетди”, деган сўзларни. Айниқса, бугунги маъмурчилик даврида, тўқчилик замонида бу оддий ҳолатга айланиб улгурди. Раббимизга беҳисоб шукрлар бўлсин. Лекин “меҳрга тўйдим” деган сўзни ҳеч қачон эшитмаганмиз. Меҳрга ким ҳам тўяди?!

Бу сўзларни бежиз келтирмаяпман. Бугун шахсан мен меҳрга ташна, тинчликка зор, хотиржамликка интиқ юртдошларимизнинг юзу кўзларига боқиб, меҳр, тинчлик-хотиржамлик қанчалик улуғ неъматлар эканини яна бир карра ҳис этдим. Шу билан бирга, тинч юртда, фаровон ҳаётда танти халқ билан бирга яшаётганим учун Яратганга шукроналар келтирдим.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва бевосита топшириқлари билан бугун “Меҳр” операциясининг навбатдаги босқичи амалга оширилди: Суриянинг жанговар ҳаракатлар давом этаётган қисмидан жами 98 нафар юртдошимиз –  25 нафар аёл ва 73 нафар бола – Ватанимизга қайтарилди.

Қўли қонга ботган разил кимсаларнинг, инсонийлик қиёфасини йўқотган одам шаклидаги иблисларнинг тазйиқларини кўравериб дийдаси қотиб кетган, меҳрдан асар ҳам қолмаган айрим юртдошларимиз юртимиз заминига қадам босишлари билан дарҳол ерни ўпа бошладилар. Бир замонлар қаҳрга тўлган нигоҳларнинг ўрнини меҳр, ғазабга тўлган чеҳраларни қувонч эгаллади.

Бу ҳолни бевосита яқиндан кузата туриб, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Макка шаҳридан Мадинага кўчиб кетаётиб, Савр тоғи тепасида : “Эй она шаҳрим Макка! Агар қавмим мени бу шаҳардан ҳайдаб чиқармаганида, сени асло ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деган муборак сўзлари хаёлимда ғужғон айланди.

Расулуллоҳ-ку она-шаҳрини мажбурликдан тарк этганлар. Лекин ватандошимиз, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзга диёрларда ўз юртини соғиниб, ранжу алам ютган, Фурқат фироқида куйган бу азиз Ватанни айрим юртдошларимиз нима сабабдан ташлаб кетишган экан-а?!

Бугунги ҳолат бизга ҳазрат Алишер Навоийнинг:

Ватан таркини бир нафас айлама,

Яна ранжу ғурбат ҳавас айлама, деган сатрларини эслатиб, кўзларимиздан ҳам шукр, ҳам меҳр ёшлари қуйилди.   

Муқаддас Ислом – инсонпарвар, бағрикенг дин. Инсонни, ким бўлишидан қатъи назар, ардоқлаш зарур. Бежиз Энус Эмро махлуқни, яъни инсонни Холиқ туфайли яхши кўрамиз, демаган. Бугун юртимизда ана шу сўзнинг амалдаги инъикосини кўрдик.

Суриядан келтирилган юртдошларимиз орасида 14 нафар чин етимнинг ҳам борлиги юрак-бағримизни эзиб юборди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ва етимни кафиллигига олган киши жаннатда мана шундай бўлади”, дедилар ва кўрсаткич ҳамда ўрта бармоқларига ишора қилиб, бу бармоқлари орасини бир-бирига яқин тутдилар” (Имом Бухорий ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Бошқа бир ҳадисда: “Мусулмонларнинг уйи ичида энг яхшиси етимга яхши муносабатда бўлинган уйдир. Мусулмонларнинг уйи ичида энг ёмони етимга ёмон муносабатда бўлинган уйдир” (Имом Ибн Можа ривояти), дейилган.

Демак, шу ҳадиси шарифдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, 14 нафар маъсум болага бошпана бўлган жаннатмонанд Ўзбекистон, ҳеч шубҳасиз, Ер юзидаги энг яхши маъводир.

Одамларга яхшилик қиламан, меҳр кўрсатаман деб жонини ҳалокатга қўйиб бўлса ҳам уруш ўчоқларидан ўз юртдошларини суғуриб олиб келган қаҳрамонларимизни, бу хайрли ишга бош қўшган барча-барчани Аллоҳ таоло Ўз паноҳида асрасин. Қилган савобли ишларининг ажрларини кўпайтириб берсин.

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Read 2026 times

Мақолалар

Top