Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йиғлаган ҳоллари

Инсоннинг йиғлаши бир неча сабабдан бўлади. Гоҳо бир кишига раҳми келиб йиғласа, гоҳо қўрқиб йиғлайди, гоҳо соғиниб, гоҳо хурсандликдан, гоҳо оғриқдан, гоҳо хафаликдан, гоҳо мазлумликдан, гоҳо тавба қилиб, гоҳо мунофиқликдан ёлғон йиғлайди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йиғилари аксари бирор ўлган мусулмон ҳолига ачиниб, раҳмлари келиб, шафқатдан бўлар эди, ёки Аллоҳ таолодан қўрқиб ва Унинг муҳаббатидан йиғлар эдилар.

248. Абдуллоҳ ибн Шиххир розияллоҳу анҳу дедилар: Бир кун мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келдим. Жаноб намозга машғул эканлар. Ичларидан йиғлаганликларидан гўё мис қозон қайнаб турган каби овоз келар эди.

249. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дедилар: Бир кун менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қуръон ўқиб эшиттир” дедилар. Мен дедим: “Ё Расулаллоҳ, мен ўзларига ўқиб эшиттирайми, ҳолбуки, Қуръони карим ўзларига нозил бўлгандир”. Жаноб дедилар: “Мен Қуръонни бошқадан эшитишни яхши кўраман”. Абдуллоҳ ибн Масъуд дедилар: “Кейин мен “Нисо” сурасини бошладим. Ўқиб бориб, “Қачонки, биз ҳар уммат устига бир гувоҳни ҳозир қилсак ва сизни улар устига гувоҳ қилиб келтирсак, кофирларнинг ҳоллари қандай бўлади?” деган оятга етганда кўрдимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки муборак кўзларидан ёш оқиб турарди.

250. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замони муборакларида бир марта кун тутилди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, масжидга бордилар ва намоз бошладилар. Шу қадар узун қиём қилдиларки, рукуъ қилмас эканлар деб гумон қилинди. Кейин рукуъга бордилар. Шу қадар узун рукуъ қилдиларки, бош кўтармас эканлар, деб гумон қилинди. Кейин рукуъдан қиёмга турдилар. Унда ҳам шу қадар узун турдиларки, саждага бормас эканлар, деб гумон қилинди. Кейин саждага бордилар. Шу қадар узун сажда қилдиларки, саждадан бош кўтармас эканлар деб гумон қилинди. Кейин жалсага турдилар. Унда ҳам шу қадар узун турдилар. Кейин яна шундоқ узун сажда қилдилар. Сўнг иккинчи ракаатни ҳам шундай узун ўқидилар. Иккинчи ракаатнинг иккинчи саждасида оҳ тортиб, дам олар ва йиғлар эдилар ҳамда Аллоҳга нолалар қилиб, даргоҳига арз қилар эдилар: “Парвардигор, сен менга ваъда қилган эдингки, сенинг ҳаётингда мен умматларингга азоб юбормасман” ва ваъда қилган эдингки, мудом умматларинг истиғфорга машғул турсалар, уларга азоб юбормасман”. Энди биз ҳаммамиз истиғфорга берилдик”. Кейин Жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан фориғ бўлдилар, кун очилиб, равшан бўлиб кетди. Кейин Жаноб ваъз қилдилар. Худога ҳамду сано айтгандан кейин дедилар: «Офтоб билан ой Аллоҳ таолонинг оятларидандир. Бир кишининг ўлиши ёки тирилиши учун тутилмайди, қачон бу иккиси тутилса, сизлар Худога мутаважжиҳ бўлинглар, намоз ва истиғфорга машғул бўлинглар».

251. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қизлари (қизларининг қизлари) хаста бўлиб, ўлишга яқин борганда қучоқларига олдилар, яна олдиларига қўйдилар. Кейин у бола вафот қилди. Бу ҳолни кўриб, чўрилари Умму Айман розияллоҳу анҳо овоз билан йиғлаб юбордилар. Жаноб дедилар: Сен Расулуллоҳ ҳузурида ҳам овоз билан йиғлайсанми? Умму Айман дедилар: Ўзларининг йиғлаб турганларини кўрмай турибманми? Жаноб дедилар: Менинг йиғлашим мамнуъ йиғи эмас, бу Аллоҳ таоло мўмин бандасининг кунглига пайдо қилган раҳматдир. Кейин дедилар: Мўмин банда ҳар қандай ҳолда яхшиликда бўлади. Ҳатто унинг ўз жонини баданидан чиқарилур ҳолда ҳам Холиқига шукр ва сано айтади.

И з о ҳ. Уламолар дейдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир қизлари ёшлигида вафот қилмаган. Бу қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳонинг қизларидир. Лекин бу зот ҳам ўша беморликда ўлиб кетмай, шифо топиб кетгандилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин дунёда узоқ яшадилар. Ҳатто Али розияллоҳу анҳу у зотни ўз никоҳларига олдилар ва шаҳид бўлган вақтларида ҳам никоҳларида бор эдилар. Энди юқоридаги “вафот қилди ва Умму Айман йиғладилар” деган сўз маъноси, вафот қилишига яқин бордилар.

252. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг эмишган биродарлари Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу вафот қилганларида юзларидан ўпдилар. Ўша ҳолда икки кўзларидан ёшлари оқиб йиғлаб турардилар.

253. Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Умму Гулсум розияллоҳу анҳонинг жанозаларига ҳозир бўлдик ва қабристонга ҳам бордик. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўзлари қизларининг қабрлари устида ўтирган эдилар. Кўрдимки, у зотнинг икки кўзларидан ёшлари оқиб туриб дедилар: “Ораларингизда бу кеча хотинига яқинлашмаган киши борми?” Абу Талха розияллоҳу анҳо дедилар: “Мен, ё Расулаллоҳ”. “Сен бу қабрга тушгин”. Кейин у зот қабрга тушдилар.

И з о ҳ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Руқия розияллоҳу анҳо вафотларидан кейин иккинчи қизлари Умму Гулсум розияллоҳу анҳони Усмон розияллоҳу анҳога никоҳ қилиб берган эдилар. Бу зот вафотларида эрлари Усмон қабрга қўймоқ учун яқин келдилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кеча жимоъ қилмаган киши дафн қилсин деганларида ўзларини тортдилар. Чунки ўша кеча хотинлари ўлиб турсалар ҳам, бир чўри билан шаръий суҳбат қилган эдилар. Бу ҳол соллаллоҳу алайҳи васалламга маълум бўлиб эди. Шунинг учун Усмон розияллоҳу анҳуга енгил бир итоб мақомида шундай дедилар.

(Давоми бор)

“Шамойили Муҳаммадия” китобидан

azon.uz

Read 2136 times

Мақолалар

Top