Мақолалар

Унутилаётган суннатлар (29-суннат): Шукр саждаси

 

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини хурсанд қилган бирор иш содир бўлса, Аллоҳга шукрона ўлароқ сажда қилар эдилар” (Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).

Шукр саждаси ҳам тиловат саждасига ўхшаш бўлади. Сажда қилиб, Аллоҳ таолога лойиқ ҳамду сано айтилади. Имом Моликдан бошқа ҳамма уламолар "Бир неъмат ҳосил бўлганда ёки бало-офат даф бўлганда, шукр саждаси қилиш суннатдир", деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳуни Яманга юборадилар, у ердан туриб Алий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Яманликларни Исломни қабул қилганлари ҳақида мактуб юборади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мактубни ўқигач Аллоҳга шукур қилиб саждага йиқиладилар (Имом Бухорий ривояти).

Бу каби неъмат етганида ёки мусибат ариганида шукур қилиш жоиз. Аммо ҳар намоздан кейин қўшимча битта сажда қилиб қўйиш шариатимизда йўқ. Бу бидъатдир. Уламолар: “Омма халқ намозни қўшимчаларидан деб тушуниб олмаслари учун уни тарк қилиш лозим” деганлар.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 3379 times
Tagged under

Мақолалар

Top