Мақолалар

Замонасининг тенгсиз олими

Нуриддин Абулҳасан Али ибн Султонмуҳаммад ҳанафий қироат илмида моҳир, зукко ва замонасининг етук олими бўлган. У киши Ислом оламида Мулла Алийюл Қори номи билан танилган. Алломанинг туғилган йили тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Баъзи манбаларда темурийлар ҳукмронлиги даврида милодий XV асрда яшаб ижод қилгани қайд этилган[1]. 

Ҳанафий мазҳабининг забардаст олими Мул­ла Али қори Ҳиротда илм таҳсилини бошлаб, Қуръони каримни тўла ёд олади. Шайх Муҳиддин ибн Ҳофиз Зайниддин у кишининг илк устози. Алломанинг талабалик йиллари темурийлар салтанати гуллаб-яшнаган даврга тўғри келган. У замонасининг таниқли олимларидан илм ўрганиб, фақиҳ бўлиб етишади. Сафавийлардан Шоҳ Исмоил ибн Ҳайдар ҳукмронлиги пайтида кўпчилик уламолар каби Мулла Али Қори ҳам чорасизликдан мамлакатни тарк этади. Ҳижрий 952 йили Макка шаҳридан қўним топади. Бу эмин шаҳарда аллома яна илмга шўнғийди.

Шайх Шаҳобиддин Абул Аббос Маккий (ҳижрий 973 йили туғилган), Шайх Алоуддин ибн Ҳисомиддин Абдулмалик шофиъий Мисрий, Муҳаммад Саид ибн Мавлоно Хўжа ҳанафий Мисрий (ҳижрий 981 йили туғилган) ва Шайх Абу Исо Қутбиддин Муҳаммад ибн Алоуддин Аҳмад ҳанафий Маккий  каби олимлар унга  устозлик қилишган.

Тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларида ном қозонган Сулаймон ибн Сайфиддин Жоний, Шайх Муҳйиддин Абдулқодир ибн Муҳаммад шофиъий Маккий, қози Абдурраҳмон ибн Исо ҳанафий Маккий, Шайх Муҳаммад Абу Абдуллоҳ Муқаллиб (вафоти 1061 ҳижрийда) Саййид Муҳаммад Ҳусайний Балхий каби алломалар у зотнинг шогирдларидир.

Шайх Муҳаммад Зоҳид Кавсарий “Ироқ аҳлининг фақиҳлари ва уларнинг сўзлари” номли рисоласида: “Имом  Абу Ҳанифанинг издошларидан Мулла Алийюл Қори ҳофиз, беназир муҳаддис олим эди”, деб ёзади. Шайх Муҳаммад Идрис Кандеҳлавий эса “ат-Таъликус Сабиҳ” асарида уни: "Улуғ муҳаддис, ақли ўткир, фозил, замонасида тенгсиз, асрининг танҳо олими", дея таърифлайди. Замондош ва маслакдошлари у зотни "Хақиқатлар султони, нодир фиқхий масалалар билимдони, фақиҳ, муфассир, қорию мутакаллим, муҳаддис ҳамда балоғат ва фасоҳат, наҳв илмларининг муаллими" деб тан олишган.

Аллома саксондан ортиқ китоб ёзган. Баъзи асарлари неча асрлардан бери ўқув юртларида муҳим дарслик ва кўлланма бўлиб келмокда. Олимнинг «Анварул Қуръон фи асрорул Фурқон (Фурқон сирларида Қуръон нурлари)», «Ан-насиҳу вал-мансуҳу минал ҳадис (Ҳадисларнинг насх ва мансухлари)», «Адиллату мўътақади Аби Ҳанифа фи абавайи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам ота-оналарига доир ақидада Абу Ҳанифанинг далили)», «ал-Асмарул жанийяту фи асмаил ҳанафия (Ҳанафий олимларнинг исмлари ҳақида йиғилган мевалар)», «ал-Аҳадисуд қудсияту арбаъиния (Қирқ қудсий ҳадис)», «ал-Адаб фи ражаб (Ражаб ойи одоблари)» ва «Манакибу ал-Имоми Аъзам ва асҳобиҳи (Имоми Аъзам ва асҳобларининг маноқиблари)» каби китоблари машҳурдир.

Аллома мазҳабимиз фиқҳий масалаларига доир кўплаб рисолалар ҳам ёзган. «Рисала-ту фи ҳимаяти мазҳабил Имоми Аби Ҳанифа (Имом Абу Ҳанифа мазҳабини ҳимоя қилиш туғрисида рисола)», «Рисалату фир радди ала мин замми мазҳабил Имоми Аби ҳанифа (Имом Абу Ҳанифа мазҳабини ёмонловчиларга раддия рисоласи)» шулар жумласидан.

Аллома ўндан ортиқ китобларга шарҳ ёзган. «Шарҳи Саҳиҳи Муслим (Имом Мус­лим "Саҳиҳ"ининг шарҳи)», «Шарҳу Айнил илми ва зайнил ҳилми («Ҳилмнинг зийнати ва илмнинг булоғи» китобига шарҳ)», «Шарҳу ал-Фиқҳил акбар ("Фиқҳул акбар"нинг шарҳи)», «Шарҳу «Муснад ал-Имоми Аби Ҳанифа (Имом Абу Ҳанифанинг "Муснад"ига шарҳ)», «Шарҳу ал-Ҳидоя лил Марғиноний (Марғинонийнинг "Ҳидоя"сига шарҳ)», «Шарҳу ал-Виқоя фи масаилил Хидоя ("Ҳидоя" масалаларидаги "Викоя"га шарҳ)» ва «Мирқотил мафотиҳ шарҳи Мишкатил Масобиҳ («Миш-катул Масобиҳ»ни шарҳлашда очилган нозик ўринлар)» каби шарҳлари бутун Ислом оламида эътиборлидир.

Мазҳабимизнинг буюк алломаси Мулла Али Қори Имом Абу Ҳанифа, Суфён Саврий ва Фузайл ибн Иёз каби алломаларнинг йўлидан бориб, ҳаётда дуч келган масалаларга асосли жавоблар берган. Олим илм ва ибодатда собитқадам ва мўътадил бўлган.

Манбаларда у зотнинг моҳир ҳаттот бўлганлиги ҳам айтилади. Аллома мискин ва муҳтожларга кўп ёрдам берган, ҳалол ризқ истаб, таржима ишлари билан шуғулланган[2]. Аллома асарларини таржима қилган кишилар айтишича, у зот ҳар йили бир марта чиройли хат билан Мусҳафни тўлиғича кўчириб, тушган пулни рўзғорга ишлатар экан. Шайх Абдулҳалим Нўъмоний «ал-Имоми Алиюл Қори ва асариҳи фи илмил ҳадис» асарида: "Аллома Қуръони каримни ҳар олти ойда (бир йилда икки бор) тўла кўчирар, бирининг пулини Ҳарамдаги фақир-мискинларга садақа қилар, иккинчисиникини эҳтиёжларига сарфлар эди", деб ёзади.

Ҳазрат Мулла Али Қори ҳанафий ҳижрий 1014 йили шаввол ойининг 14 куни Макка шаҳрида вафот этади. Баъзи ривоятларда алломанинг Макка ҳудудидаги «Муаллат» деган жойга дафн килингани айтилади.

Абдувоҳид ЎРОЗОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

[1] “Хуласатул асар”. 3-ж., 185-б.; “Саматун нужум”. 4-ж.,393-б.

[2] “Мирқотул Мафотиҳ”. Байрут, 1971. 1-ж., 27-б.

Read 2168 times

Мақолалар

Top