Мақолалар

Ёшлар таълим-тарбияси — энг устувор вазифа

Бугун бутун Ўзбекистон халқининг нигоҳи бир нуқтага: муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тинглаш учун ойнаи жаҳонга қадалди.

Икки соату 40 дақиқадан кўпроқ давом этган Мурожаатномани жон қулоғимиз билан эшитиб, барчамиз янги йилга қандай ном берилишини интиқлик билан кутдик. Эзгу анъанага айланган бу одатни ҳеч иккиланмай бугунги тараққиётимизнинг муҳим асоси десак, бўлади. Чунончи, мамлакатимизда ҳар сана йил номидан келиб чиқиб, жуда катта ислоҳотлар, ўзгаришлар амалга оширилаётганини жаҳон эътироф этмоқда.

Давлатимиз Раҳбари 2021 йилни «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш» йили деб эълон қилиши муносабати билан бутун Ўзбекистонни олқишлар тутиб кетди, десак муболаға бўлмайди.

Дарҳақиқат, бугун дунё кўзда ҳалқаланган ёшдек қалқиб турган бир пайтда ёшларни чалғитувчи, уларни ўз домига тортишни истовчи турли кучлар кўпайиб боряпти. Энг ачинарлиси, дунёнинг қайси бурчагида бирор жиноят содир этилса, албатта, бу жараёнда ёшларнинг «қўлидан» фойдаланиляпти.

Ёшлар тарбияси ҳар бир даврнинг ўта долзарб масаласи бўлиб келгани айни ҳақиқат. Муаррихларнинг ёзишича, Геродот Шарққа қилган сафарлари чоғида Миср эҳромларидаги бир битикка ажабланган: «Ёшларнинг тарбияси бузилиб кетяпти. Нима қилиш керак?!”

Муаррих бу ёзувни ўқиганига ҳам икки минг йилдан ошиб кетди. Ёзувнинг битилганига эса, ким билсин қанча вақт бўлган? Демак, ёшлар масаласи ҳамиша ўз долзарблигини йўқотмаган, бунга ҳамма даврларда ҳам турли даражада муносабат билдирилган экан-да.

Ислом таълимотида ёшлар тарбияси жуда муҳим ўрин тутади. Исломнинг дастлабки ўн уч йилида, яъни Макка даврида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларнинг онгу шуурига Аллоҳнинг яккаю ягоналигини сингдириш баробарида уларга одоб-ахлоқ масалаларини ўргатишга алоҳида эътибор қаратганлар. Бу борада ўз ёнларига 8–16 ёшли (Али, Талҳа, Зубайр) каби кўплаб ёшларни олиб, аввало, уларнинг таълим-тарбиясига алоҳида аҳамият берганлар.

Ҳадиси шарифда: «Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар», дейилган (Имом Муслим ривояти).

Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд дин» китобида бундай дейилади: «Бола – ота-она қўлидаги омонат. Унинг қалби турли нақш ва расмлардан холи. Қандай нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, саодатли бўлади. Ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берган устозлар унинг савобига шерик бўлди. Агар ёмонликка ундалса, ҳалок бўлади».

Буюк ватандошимиз шайхурраис Абу Али ибн Сино ёш авлод тарбиясининг ибтидоси қандай ва нималар билан бўлиши ҳақида қуйидагиларни айтган эди: «Ёш бола бошланғич таълим ва тилга доир қоидаларни ёд олганидан кейин у машғул бўлиши мумкин бўлган касб-ҳунар ва санъатга мойиллигига қараб, уни шунга йўллаймиз. Агар у котибликни хоҳласа, тил, хат ёзиш, нутқ сўзлаш ва одамлар билан муомала қилиш кабиларга далолат қиламиз. Албатта, бу ўринда, боланинг майли аҳамиятга эга» («Исломий тарбия ва унинг фалсафаси». Муҳаммад Атия, 197-бет).

Бундан роппа-роса бир аср олдин маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний тарбия ҳақида куйиниб бундай деган: «Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур? деган савол келадур. Бу саволга жавобан: биринчи – уй тарбиясидур. Бу Оналарнинг вазифасидур. Иккинчи – мактаб ва мадраса тарбиясидур. Бу Оталар, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидур.

Менга савол берурлар: Қайси оналарни айтурсиз? Билимсиз, боши пахмоқ, қўли тўқмоқ оналарниму? Ўзларида бўлмаган тарбияни қандай берурлар? Қайси ота? Тўйчи, улоқчи, базмчи, дўмбирачи, карнайчи, сурнайчи, илм қадрини билмаган, илм учун бир пулни кўзи қиймаган, замондан хабарсиз оталарними айтурсиз? Аввал уларни ўзларини ўқутмаклик керакдур.Бу сўзлар кишини юрагини эзар, бағрини ёндирур...»

Ёшлар тарбиясини – ҳаёт-мамот масаласи, деб таърифлаган мутафаккир нақадар ҳақ эканини барчамиз яхши биламиз. Чунки тарбияси мўрт ёшлардан жамият, маҳалла ёки оила учун ҳеч қандай наф йўқ. Ёшларнинг ҳаётда адашиши, тузатиб бўлмас хатолари тарбияда йўл қўйилган хато ёки бефарқликнинг аччиқ инъикосидир.

Бу борада олиб борилган изланишларнинг аксари шуни кўрсатмоқдаки, тарбияда, аввало, ота-онанинг ҳиссаси катта. Бежиз Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳеч бир ота-она фарзандига гўзал тарбиядан кўра қимматлироқ мерос қолдира олмайди», демаган.

Мухтасар айтганда, мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади. Уларнинг улғайиб, комил инсон бўлишлари учун янги 2021 йилда улкан имкониятлар эшиклари очилишига шубҳа йўқ. Зеро, муҳтарам Юртбошимиз Мурожаатномада буни ҳар жиҳатдан баён қилиб берди.

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Read 1887 times

Мақолалар

Top