Мақолалар

Қорбобони хайрия тадбирига жалб этилгани – “Вақф” фондининг ташаббуси эмас!

 

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан юртимизда истиқомат қилаётган ёрдамга муҳтож оилаларга улашилган хайрия маҳсулотлари олдида қорбобо сурати тасвирланган фотолавҳалар турли изоҳлар билан тарқатилмоқда.

Қатъий таъкидлаймизки, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ташкил этилган меҳр-мурувват тадбирлари бирор-бир сана ёки ижтимоий байрамларга алоқаси ҳам, қорбобони таклиф этишда Фонднинг ўрни ҳам йўқ.

Жойлардаги тадбирларнинг шакли ва мазмуни ҳудудлардаги ташкилотлар томонидан уюштирилган бўлиб, бундай фаросатсизликка йўл қўйган маҳаллий мутасаддиларни мутлақо оқлаб бўлмайди. Хусусан мана шу ҳолатга сабабчи бўлган Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокимлиги вакиллари узр сўрашлари керак.

Шундай экан, тарқатилган суратлардаги қорбоболарнинг “Вақф” хайрия жамоат фондига ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Бу ҳолат учун Фонд ва унинг ходимларини обрўсизлантириш, ҳақорат ва адолатсизликдир. Ҳар қандай тўғри ва ишончли маълумотни исталган вақтда Фонднинг ўзидан олиш мумкинлигини яна бир бор таъкидлаймиз.

“Вақф” фондини обрўсизлантириш орқали шуҳрат орттиришга уринадиганлар ҳам борлиги ҳар қандай мўмин кишини хавотирга солади. Аслида, бу ҳам нафсдаги касаллик бўлиб, шайтоний қутқу туртки бўлади. Мўмин банда бунга ҳушёр бўлиши керак.

Сўз исботи билан деганларидек, мўмин киши, аввало, каломларнинг энг улуғи – Қуръони каримга мурожаат қилади. Каломуллоҳда: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!», деб марҳамат қилинган (Ҳужурот, 6).

Муфассирлар ояти каримани шарҳлаб, келтирилган ҳар қандай хабарга ишонавермасликни, агар фосиқ киши (фосиқ “фисқ” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “қобиқни тешиб чиқиш” маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса Аллоҳ таолонинг тоатидан чиқиб, маъсиятларни яширмай, уялмасдан, очиқ-ойдин қиладиган одамга “фосиқ” дейилади) бирор гап олиб келса, уни яхшилаб текшириб кўриш зарурлигини таъкидлашади.

Ҳадиси шарифларда: “Эшитган нарсасини гапиравериш кишининг ёлғончилигига кифоя қилади” (Имом Муслим ривояти), “Мусулмон шундай кишики, унинг на қўлидан, на тилидан мусулмонлар озор кўрмайди” (Имом Бухорий ривояти), “Бировга зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ” (Имом Байҳақий ривояти) дейилган.

Шундай экан, кенг кўламли хайрия ишларига раҳна солиш мақсадида, тарқатилган хабарлардан кимга нима наф? Нима мақсадда шундай қилинди? Ояти каримага кўра, хабар текширилиб кўрилдими, “Вақф” фондининг бирор масъулидан сўралдими? Ҳадиси шарифга биноан эшитган нарсасини аниқлаштирмасдан туриб, ўзининг ижтимоий тармоқ саҳифаларига қўйиб юборган кишилар Фондга зиён-заҳмат етказган, обрўсизлантирган бўлиб қолмадиларми?!

Қайд этиш керакки, синовлар кетидан синовлар бўлган жорий йилда юртимиздаги эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш, уларнинг кўнгилларига рўшнолик олиб кириш ва дарду ташвишларини аритиш йўлида Фонд томонидан йил давомида жуда кўп хайрия ишлари амалга ошириб келинмоқда. Мана шундай меҳр-мурувват тадбирлари шу йилнинг декабрь ойида ҳам кенг кўламда бажарилди.

Мухтасар айтганда, ҳар бир маҳалладан 10 нафардан жами 91550 нафар кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди.

Мазкур хайрия маҳсулотлари жойлардаги мутасадди ташкилотлар вакиллари, маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари ҳамда кўнгиллилар иштирокида тайёрланди ва эҳтиёжманд оилаларга етказилди.

Шунингдек, 56 та “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларидаги мавжуд эҳтиёжларни ўрганган ҳолда, уларга фойдаланиш учун телевизор, кир ювиш машинаси, тикув машинаси, компьютер ва принтер, совутгич, генератор, видеокамера, чангютгич, печь, дазмол каби зарур техник жиҳозлар олиб берилди.

Синовли кунларда янада жипслашиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаш, йиқилганни суяш ўрнига, мана шундай 100 мингдан зиёд оилалар ва бир неча юз минг инсоннинг дардига малҳам бўлган савобли ишларга соя солиш ва нохолис талқин этиш чин мўминлик сифати эмас.

Сўзимиз якунида қуйидаги ривоятни келтирамиз. Тамим ибн Авс Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Дин самимий хайрихоҳликдир», дедилар. Биз: «Ким учун?» дедик. У зот: «Аллоҳ учун, Унинг Китоби учун, Расули учун ҳамда мусулмонларнинг имом-раҳбарлари ва ҳаммалари учун», дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Хайрихоҳлик – панд-насиҳат қилиш, тойилса турғизиш, адашса шафқат ила йўл кўрсатиш, бошига иш тушганда далда бўлиш, тўғри юрганида ёнига кириш, қўллаб-қувватлаш каби ишлар билан рўёбга чиқади.

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Read 4783 times
Tagged under

Мақолалар

Top