Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорате имомға (Ўттизинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ

ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур

хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА

НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

Дин ишиға кўб эҳтиром керак,

Олам аҳли аро имом керак.

Лойиқ эрмас бу ишга ўзга киши,

Керак ушбу имомингиз Қураший.

Подшоҳдурки, шаръ имом деди,

Ушбу элга “халифа” ном деди.

Халқ аро кимки подшоҳдурур,

Тоъатин қилмасанг, гуноҳдурур.

Магар ул ишки маъсият бўлғай,

Қилмасиға анинг жиҳат бўлғай.

Подшоҳе агарчи золимдур,

Аҳли ислом ичра ҳокимдур;

Анга қилмоқ хуруж бўлди ҳаром,

Будурур шаръ ичра рабту низом.

Бу имом истамак шариъат аро,

Кимга вожиб бўлур экин, оё? –

Саркаш эл ушбуни ҳавас қилмас,

Сойир элнинг илгидин бу келмас.

Гар барийн бўлсалар мунга ҳукком,

Кимни қилсунлар ўзларига имом?

Ҳар кишиким, бу ишни қилмайдур,

Салтанат шевасин билмайдур,

Гар имом этсалар, не қилсун ул,

Салтанат шевасин не билсун ул?!

Мулк вайрон бўлуриға не шак,

Динға ҳам кўб халал бўлур, бешак.

 

 

НАСРИЙ БАЁН

Имом лозим эканига

ишорат

 

Дин ишига кўп эҳтиром сақлаш зарур, (бунинг учун) олам аҳли ичра  бир  имом  бўлиши  лозим.  Бу  ишга  ўзга  киши  лойиқ  эмас, балки  (Аҳли  суннат  вал-жамоат  эътиқодига  кўра,)  имомингиз Қурайш наслидан бўлиши лозим.

Бу  асли  подшоҳдирки,  шариъат  уни  имом  деб  атагандир; бу тоифа  халифа (ҳазрати  Расулуллоҳ  алайҳиссаломнинг ўринбосари)  деб номланди.  Халқ  ичида  кимки  подшоҳ  бўлса,  унга  итоат  қилмасанг, гуноҳдир.

Лекин агар у маъсият – гуноҳ ишларни буюрса, фақат ана шу иши унга итоат қилмасликка сабаб бўлади. Бир подшоҳ гарчи золим бўлса-да, лекин у аҳли ислом ичида ҳукм юритувчи – ҳукмрондир. Шунинг учун унга қарши хуруж қилмоқ ҳаром бўлди – манъ этилди, шариъатнинг рабту низоми – интизоми ва тартиб-қоидаси ана шудир.

Шариатда бу имомни истамоқ кимга вожиб бўлар экан? Саркаш, яъни тўғри йўлдан чиққан фосиқ, бебош инсонлар буни ҳавас қилиши мумкин эмас. Бошқа бир тоифа қавмнинг қўлидан ҳам бу иш келмайди.

Агар бунга ҳукм қилувчилар юқори (мавқели) ва аъло бўлсалар, кимни ўзларига  имом  қилишлари  мумкин?  Агар  бу  ишни  қилмайдиган  ва салтанат шевасини – ҳукмронлик одати, равиш ва услубини билмайдиган ҳар кишини имом қилиб қўйсалар, у нима қилади? У ҳукмронлик тартиб қоидасини қайдан билади?! У ҳолда мулк – мамлакат вайрон бўлишига нима шак-шубҳа бор? Унда динга ҳам кўп халал – нуқсон ва зарар етиши шубҳасиздир.

 

ИЗОҲ (40, 41, 42, 43-бетлар учун). Бу масала эътиқод китобларига кирган бўлса-да, дин номидан ўртага чиқаётган, аслида илм жиҳатидан ҳам, маънавий жиҳатдан ҳам лаёқати ва ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг ўз даъволари билан мусулмонлар ўртасига фитна солишга ҳақлари йўқ. Уларнинг фитнасидан сақланмоқ ҳар бир мўъмин-мусулмондан ҳушёрликни талаб этади. Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Аҳмад Ибн Ҳанбал, Абу Яъло, Байҳақий ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда: “Мендан кейин халифалик ўттиз йилдир, ундан кейин подшоҳлик келади”, дея бир мўъжиза ўлароқ хабар қилинган.

“Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди” китобида айтилади: “Ҳазрати Алининг (розияллоҳу анҳу) халифалик даври олти йил бўлиб, хилофат иши ҳазрати Али жанобимизда якун топди. “Мендан кейин халифалик ўттиз йилдир” деган ҳадиси шарифга кўра, халифалик ҳақиқатда тамом бўлган. Ундан кейинги Умавийлар, Аббосийлар ва Усмонийлар халифалиги комил ва ҳақиқий хилофатга йўйилган (“Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди”, 2-китоб, 37-боб). Бинобарин, илмдан йироқ ҳар хил даъвогарларнинг фитнасига алданмаслик керак.

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Read 1989 times
Tagged under

Мақолалар

Top