Мақолалар

Пайғамбарингизнинг буйруғини тарк этсангиз...

Холид ибн Абдуллоҳдан, у Муҳаммад ибн Амрдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилади: «Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу айтади: «Мусулмон аскарларига бошлиқ бўлиб йўлга чиқдим. Искандарияга етиб бордик. Уларнинг бошлиғи: «Менинг олдимга бир кишини чиқаринг, мен у билан гаплашай», деди. Мен: «Унинг олдига мендан бошқа одам чиқмайди», дедим.

Менинг ҳам, унинг ҳам таржимонимиз бор эди. Икковимиз учун бир минбар ўрнатишди. У: «Кимсизлар?» деб сўради. «Биз араблармиз, Байтуллоҳ аҳлиданмиз. Ер торлик қиладиган, одамлар ичида энг қийналиб яшайдиганлардан эдик. Ўлимтик ердик, қариндошлик ришталарини бузган эдик. Одамлар яшаган энг ёмон ҳаётда яшардик. Кейин ўша кунларда энг шарафлимиз ҳам бўлмаган, мол-давлати кўп ҳам бўлмаган одам чиқиб, «Мен Аллоҳнинг сизларга юборган Пайғамбариман», деди. У зот бизни билмаган нарсамизга буюрдилар, ёмон ишларимиздан қайтардилар. Аввалига у зотни менсимадик, ёлғончига чиқариб, рад қилдик. Кейин у зотнинг ёнларига биздан бошқалар чиқиб, «Биз сизни тасдиқлаймиз, сиз билан урушганларга қарши жанг қиламиз», дейишди. Улар ғалаба қозонишди. У зот бошқа араблар билан ҳам жанг қилиб, барчасини енгдилар.

Шаҳар бошлиғи бу гапларни эшитиб, кулди. Сўнг «Пайғамбарингиз рост сўзлабди. Бизга ҳам унга ўхшаш пайғамбарлар келган. Бизлар устимизга подшоҳлар бошлиқ бўлгунича уларнинг динида эдик. Подшоҳлар ичимизда ўз нафсу ҳаволари билан иш тутишди, пайғамбарларнинг буйруғини тарк қилишди. Сизлар ҳам Пайғамбарингизнинг буйруғини тутсангиз, ким билан жанг қилсангиз ҳам фақат ғалаба қозонасиз. Биз каби иш тутсангиз, Пайғамбарингизнинг буйруғини тарк этсангиз, биздан кўп ва биздан кучлироқ бўла олмайсиз», деди».

«Солиҳлар гулшани» китобидан

Read 1877 times

Мақолалар

Top