Мақолалар

Даврий нашрларда: Зайнаб бинти Муҳаммад алайҳиссалом

Зайнаб розийаллоҳу анҳо Набий алайҳиссалом ўттиз ёшга кирганларида, яъни, рисолатдан ўн йил олдин дунёга келдилар. Онаси: Хадича бинти Хувайлид розийаллоҳу анҳо. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Қосимдан кейин иккинчи, қизлардан энг катта фарзандидир.

Зайнаб розийаллоҳу анҳо ўн ёшдан ошганларида, ҳошимийлар уни кўз остиларига ола бошлашди. Маккаликлар Қурайшнинг энг муҳтарам хонадонига мансуб қизни келин қилишга ўзаро рақобатлаша бошлашди. Бу рақобатда Макканинг энг шарафли хонадонларидан бири, Хадича онамиз розийаллоҳу анҳонинг синглиси Ҳола бинти Хувайлиднинг ўғли Абул Ос ибн Робиа зафар қучди (“Сийратун Набавия”). Ушбу ҳодиса Набий алайҳиссаломга ваҳий келишидан олдин бўлиб ўтди. Ушбу никоҳдан Зайнаб розийаллоҳу анҳо Али ва Амома исмли фарзандларни дунёга келтирди. Абдуллоҳ кичиклигида вафот этди. Амома эса вояга етди. Ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом бир сафар бомдод намозини Амомани елкаларида кўтариб ўқиганлар (Ибн Ҳишом ривояти).

Зайнаб розийаллоҳу анҳо ота-онасидан вафодорлик, ихлос ва муҳаббатни ўрганди. Шу боис турмуш ўртоғининг энг суюкли ёрига айланди. Шунингдек, Абул Ос ибн Робиа ҳам вафодорлик, ихлос ва муҳаббат борасида завжасидан қолишмасди.

Зайнаб розийаллоҳу анҳо Набий алайҳиссаломга биринчи имон келтирганлардан. Бу йўлда қурайшнинг озорларига бардош берди. Лекин турмуш ўртоғи ўз динида қолди. Шундай бўлса-да, эр-хотиннинг аҳиллигига путур етмади. Қурайшликлар: “Муҳаммаднинг қизини қайтариб юбор. Ўзинг истаган қизга никоҳлаб қўямиз”, деб талаб қўйишганда, Абул Ос ибн Робиа: “Йўқ, умр йўлдошимдан ҳаргиз ажрашмайман. Аёлим эвазига келадиган ҳеч бир хотиннинг менга кераги йўқ”, деб рад жавобини берди (“Сийратун Набавия”).

Хадича онамиз розийаллоҳу анҳо ҳамда Абу Толибнинг вафотидан кейин қурайшнинг зулми кучайди. Маҳзунлик устига маҳзунлик ортди. Лекин Зайнаб сингиллари билан отасига елкадош бўлди.

 

Зайнаб розийаллоҳу анҳонинг тимсолида собира аёлни кўрамиз. Набий алайҳиссаломнинг Мадинага ҳижрат қилганларига қарамасдан, Зайнаб Маккада қолди. Қурайшнинг жабр-ситамларига сабр қилиб, эрининг ҳақ динга эргашишини умид қилди.

 

Зайнаб вафодор, муҳаббатли аёл эди. Эри Абул Ос Қурайш билан мусулмонларга қарши Бадрга чиққанида, у Маккада қолди. Жанг асносида Абул Ос мусулмонларга асир тушди. Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо бундай ривоят қилади: “Макка аҳли асирларнинг озод бўлишлари учун бадалларини юборишганда, Зайнаб розийаллоҳу анҳо Абул Ос учун мол билан бирга тўйи куни онаси таққан шода марваридни ҳам юборди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марваридни кўриб, Хадича онамиз билан ўтган саодатли кунларини эсладилар. Қизлари Зайнабга раҳмлари келди. Сўнг: “Агар маъқул кўрсангиз, Зайнабга асири билан молини ҳам қайтариб юборамиз”, дедилар. Саҳобалар рози бўлишди. Шундан кейин Набий алайҳиссалом Абул Ос ибн Робиа билан Зайнабни Мадинага юбориши ҳақида ваъдалашдилар.

Абул Ос Маккага қайтгач, ваъдасига вафо қилиб, аёлига рухсат берди (Ибн Касир ривояти). Шундан кейин Зайнаб сафарга тайёргарлик кўрди. Бу вақт Ҳинд бинти Утба унга кўмаклашмоқчи эканини айтди. Зайнаб розийаллоҳу анҳо унга зиён етказишидан хавфсираб, рад этди.

 

Сафарга тайёр бўлгач, қайниси Кинона ибн Робиа туя келтирди. Улар кундузи йўлга чиқишди. Кинона Зайнабни қўриқлаш учун ўзи билан камонини ҳам олди. Зайнаб розийаллоҳу анҳонинг ҳижратидан Қурайш хабар топиб, йўлини тўсгани чиқишди ва Зу Туво деган жойда унга етиб олишди.

 

Зайнабга биринчи бўлиб Ҳаббор ибн Асвад, кейин Нофеъ ибн Абду Қайс етиб олди. Ҳаббор найза отди. Кажавада ўтирган Зайнаб розийаллоҳу анҳони зарб билан отилган найза чўчитиб юборди. Қаттиқ қўрқиш натижасида Зайнаб ҳомиласидан айрилди (“Сийратун Набавия”).

 

Кинона ва Абу Суфён Зайнабга ёрдамга шошилди. Уни Маккага қайтаришди. Сўнг қурайшликлар қайта ҳужум қилишидан қўрқиб, тунда йўлга чиқди. Бу вақтда Набий алайҳиссалом Зайд ибн Ҳориса билан ансорийни Зайнабни Мадинага олиб келишлари учун юборгандилар. Кинона йўлда Зайнаб розийаллоҳу анҳони иккаласига топширди (“Сийратун Набавия”).

Набий алайҳиссалом Ҳаббор ва Нофеъни ўлдириш учун сария жўнатар эканлар: “Агар Зайнабга биринчи бўлиб ҳужум уюштирган Ҳаббор ибн Асвад ёки Нофеъ ибн Абду Қайслардан устунликни қўлга киритсангиз, иккаласини ҳам ёқиб юборинглар”, деб амр қилдилар. Эртаси куни сарияга одам юбориб: “Тутишга қодир бўлсангиз, иккисини ёқиб юборишга амр қилгандим. Кейин билдимки, олов билан азоблашга фақат Аллоҳ таоло ҳақли экан. Иккаласи устидан зафар қучсангиз, уларни ўлдирингиз”, деб буюрдилар (“Сийратун Набавия”).

 

Зайнаб розийаллоҳу анҳонинг эри Абул Ос Маккада қолди. Ҳижратнинг 8 йили, Макка фатҳидан олдин Абул Ос қурайшдан мол қарзга олиб, Шомга сафарга чиқди. У ердан қайтишда Набий алайҳиссаломнинг сарияларидан бири уни тўхтатиб, молини олди. Кейин Абул Ос тунда Мадинага кириб, Зайнаб розийаллоҳу анҳодан ҳимоя сўради. Ўша куни тонгда одамлар намоз ўқишаётганида, Зайнаб розийаллоҳу анҳо барчага эшиттириб: “Эй одамлар, мен Абул Ос ибн Робиани ҳимоямга олдим”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом унинг гапини тасдиқлаб: “Мусулмонлардан ҳар бири ўзи истаган одамни ҳимояга олишга ҳақли”, дедилар. Кейин саҳобалардан Абул Осдан олганларини қайтариб беришларини талаб қилдилар.

 

Абул Ос Маккага қайтди. Қурайшга молларини топшириб, мусулмон бўлганини эълон қилди. Сўнг Мадинага ҳижрат қилди. Набий алайҳиссалом Зайнабни унга аввалги никоҳини сақлаган ҳолда қайтардилар (Ибн Ҳишом ривояти).

Ҳижратнинг 7 ёки 8 йили, ҳали 29 ёшга кирмасидан Зайнаб розийаллоҳу анҳо оламни тарк этди. Вафотининг сабаби Мадинага ҳижратида ҳомиласидан айрилгани, деган ривоятлар ҳам бор. Бетоблик уни тарк этмай, оламдан ўтди (Ибн Абдул Бар ривояти). Набий алайҳиссалом: “Зайнаб мен туфайли энг кўп мусибатга гирифтор бўлган қизимдир”, деганлар (“Бидоя ван ниҳоя”).

Зайнаб розийаллоҳу анҳони Умму Айман, Савда бинти Замъа, Умму Салама розияллоҳу анҳунна ювишди. Набий алайҳиссалом жаноза намозини ўқиб, эри Абул Ос ёрдамида қабрга қўйдилар.

 

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Зайнаб бинти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганида, Набий алайҳиссалом қабр оғзида турдилар. Бу вақт Фотима розийаллоҳу анҳо йиғларди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса унинг кўз ёшини кийимлари билан артиб турардилар. Шунда аёллар ҳам йиғлашди. Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу йиғини бас қилишлари учун аёлларни қамчилари билан туртди. Набий алайҳиссалом: “Эй Умар, уларни ўз ҳолига қўй. Кўз ёш тўкади, нафс жафо чекади. Сизлар ҳам, улар ҳам йиғлаверинглар. Шайтонга йўлиқишдан сақланинглар. Албатта, қалбдан ва кўздан келгани Аллоҳдан, аммо қўл ва тилдан келгани шайтондандир”, деб таълим бердилар (Имом Табарий ривояти).

Манбалар асосида Иқбола НАРИМОНОВА тайёрлади.

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 5-сонидан

Read 1861 times

Мақолалар

Top