Мақолалар

Ҳаромда шифо йўқ

Аллоҳ таоло бандасига бир дард берар экан, ўша дарднинг шифосини ҳам беради. Аммо унга кимнидир ёки ниманидир сабабчи қилади. Шунинг учун ҳам касалликка шифо ахтариш ҳар бир мусулмонга вожиб. Лекин касалликларни даволаш шариатда рухсат этилган, ҳалол дори-дармонлар воситасида амага оширилмоғи лозим. Таассуфки, кейинги вақтларда нодонлик оқибатида ҳаром нарсаларни шифо бўлади дея турли касалликларга тавсия қилувчилар кўп учрамоқда. Улар ўзларининг адашгани камдек шифоталаб кишиларни  хам адаштирмоқда. Бир томчиси ҳам ҳаром бўлган ароқни ошқозонга ёки винони камқонликка тавсия қилувчи тиббиёт бўйича билими ҳаминқадар бўлган саводсиз табиблар бор. Яна чўчқа гўшти ва унинг ёғини эритиб ичиш ёки баданга суркаш, айниқса, ёш болаларга яхши фойда беради дея ташвиқ қилгувчилар ҳам топилади. Бундан ташқари, айрим кимсалар инсоннинг пешобини кўп касалликка даво сифатида тавсия қилади. Ахир унинг  томчиси кийимга тегса, нажас бўлади. Қандай қилиб шифо сифатида истеъмол қилиш мумкин?!

Шунингдек ит, илон, типратикон гўштини ҳам шифо сифатида буюрувчи чала табиблар учрайди.

Абу Бакр Сиддиқ р.а. дан ривоят қилинади: “Расулуллох с.а.в. айтдилар: “Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди” (Абу Аъло Базор ва бошқалар ривояти).

Абу Ҳурайра р.а. айтадилар: “Кишининг оғзига тупроқ солиши ҳаром луқма солишидан яхшироқдир”.

Расулуллоҳ с.а.в. айтдилар: “Қиёмат кунида айрим кишиларни олиб келишади. Уларнинг Тухома тоғига тенг келадиган яхшиликлари бўлади. Улар кетишгач Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзғиган ғуборга айлантириб қўяди-да, ўзлари дўзахга улоқтирилади”. Расулуллоҳдан сўрашди: “Бундай бўлишининг боиси нима?” Расулуллоҳ жавоб бердилар: “Улар намоз ўқирдилар, рўза тутардилар, закот берардилар. Бироқ дуч келган ҳаром нарсани ердилар. Шу боис Аллоҳ уларнинг амалларини беҳуда қилади”.

Мўмин мусулмоннинг ейдиган  таоми пок бўлмоғи, даволаниш учун истеъмол қиладиган дорилари шубҳадан холи бўлмоғи лозим.

Раҳмати кенг Аллоҳ таоло бандаларига ўзининг шариатига эргашиш йўлларини ҳам осон қилиб қўйган ва бу борада зарурат туғилганда баъзи бир нарсаларнинг риояси эътиборга олинишини шариатга киритган. Масалан, ҳозиқ табиб ана шу  нарсадан шифо бўлишини тажрибасида кўрган бўлса, тиббиёт фанида ҳам шифо бўлишига оид аниқ маълумот бўлса, ўша нарсани шифо учун ишлатиш мубоҳ  бўлади. Яъни, ихтиёри шифо истовчининг ўзида бўлади.

Аллоҳ барчамизнинг дори-дармонимиз ҳалолу пок бўлишини насиб айласин!

Х.ХОЛБОЕВ,

Бекобод туманидаги Улуғбек жомъе масжиди имом-хатиби

Read 11732 times
Tagged under

Мақолалар

Top