Мақолалар

Дунё севгиси ва зуҳд

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дабдабали, ҳашаматли, зийнатли, безакли, шоҳона ҳаёт кечирмади. Балки имкони бўла туриб, намунали, оддий, содда бир ҳаёт кечирди.

Имкони бўлмаган кишининг фақирона оддий ҳаёт кечириши табиий ҳолдир. Чунки у шундай яшашга мажбур. Аммо тўкин-сочин яшашга имкони бўла туриб, камтарона, оддий яшаб ўтган кишининг ҳаёти аҳамиятли, ибратли бир ҳодисадир...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай яшадилар.

Овқатланиши, ётиб туриши, ҳаракатлари ҳам одмигина эди. Содда, оддий ҳаёт кечирдилар ва шундай яшашни тавсия этдилар.

Саҳобаи киром ҳам шундай яшадилар. Баъзилари ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин халифа, давлат бошлиғи бўлдилар. Ўзларига белгиланган маошга қаноат қилиб, байтулмолга – давлат хазинасига қўл урмасдан, керакли жойга уни ҳисоб-китоб билан харажатлар эдилар. Имконлари бўла туриб оддий, камтарона ҳаётларини ўзгартирмадилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг қизлари, ҳазрати пайғамбаримизнинг завжалари – Ҳафса онамиз, амирул мўъминин бўлган халифа оталарининг дастурхондан жуда ғариб, жуда қуруқ, маза-матрасиз овқатлар еяётганларини кўриб:

“– Отажоним, иқтисодимиз яхшиланди. Ҳар кимнинг ўзига яраша маоши бор... Бироз ўзингга қарасанг, аҳволингни яхшиласанг. Ошқозонингга ёқадиган, мазали таомлардан истеъмол қилсанг!”, – деб отасига ичи ачиганидан шундай сўзларни айтибди. (Албатта, давлат қудратли бўлгандан кейин, тижорат ривожланади. Ҳар томондан турли хил моллар кириб чиқади. Иқтисоди бақувват бўлганлар ҳам бу вазиятдан фойдаланиб, бойиб кетадилар).

Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу розияллоҳу анҳу аччиғланиб:

– Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинисан, у зотнинг қандай яшаганини биласан; шундай экан, нега менга бошқачароқ яшашни таклиф қиласан?.. Мен у кишининг йўлидан чиқмайман!”, – деб рад жавобини берибдилар.

Бошқа асҳоби киромлар ҳам шундай яшаганлар. Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу ва бошқаларнинг ҳам ҳаётлари, таржимаи ҳоллари билан танишганимизда бунинг гувоҳи бўламиз.

Абдуллоҳ ибн Масъуд, Салмони Форсий розияллоҳу анҳум ҳам шаҳар ҳокими бўлганлар. Аммо яшаш тарзларини ўзгартирмаганлар. Ҳокимлик хонасида ётмаганлар, ранг-баранг, дабдабали либослар киймаганлар...

Буларнинг асосида бир туйғу бор эди. Дунёни кўзга илмаслик, аҳамият бермаслик... Унинг мол-мулкига, роҳат-фароғатига асир бўлиб қолмаслик... Охиратни исташ ва унга рағбат қилиш... Аллоҳнинг ризоси ҳақида ўйлаш ва ризосини қозониш учун ҳаракат қилиш... Тунларни ибодат ва кўз ёшлари билан ўтказиш, кундузлари елиб-югуриб халқ хизматини қилиш, бошқаларнинг дуосини олмоқ аммо мол-мулкини олмаслик... Қўл остида бошқаларнинг ҳақ ва ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятлари бўла туриб, ўз манфаати учун фойдаланмаслик ва содда ҳаётни давом эттиришни зуҳд, зоҳидлик дейдилар.

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Read 1722 times

Мақолалар

Top