Мақолалар

Ўзганинг дардини ҳис қилиш -  ҳақиқий инсонийлик

Ислом динининг асосий мақсадларидан бири шахс ва жамият манфаатларига эътибор қаратиш ҳисобланади. Комил шахс тарбиялаш орқали етук жамият шакллантириш назарда тутилади. Абу Мусо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин мўминга бино кабидир. Бир-бирини қувватлайди”, дедилар ва қўлларини бир-бирига киргаздилар. Инсон нафақат ўзи ҳақида ўйлаши, балки ўзгалар дарди билан ҳамнафас бўлиши керак.

Франциялик сиёсат ва давлат арбоби Франсуа Гизо: “Ўзининг дардини ҳис қилган инсон у тирикдир. Бошқанинг дардини ҳис қила олган эса ҳақиқий инсондир”, деган эди.

Немис файласуфи Эрих Фромм ҳавои истакларни иккига ажратади: рационал (севги, муҳаббат, тирик жонзотларга эътибор қаратиш каби оқилона фойдаланадиган ҳиссиётлар) ва иррационал (хасислик, лаганбардорлик, такаббурлик, ҳасад, рашк каби ҳиссиётлар). Рационал истаклар ҳаётбахш бўлиб, инсонда қувонч ҳиссини кучайтиради, ўзини намоён қилишга кўмакчи бўлади ва унинг ҳаётига маъно бағишлайди.

Иррационал истаклар эса аксинча инсон ҳаётий фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаётбаҳш кучини сўнгдириб ҳардамҳаёлликка, иккиюзламачиликка ва ниҳоят ҳаёт маъносини йўқотишга олиб келади. Агар инсон ўз ҳавои истакларини яхшиликка сафарбар қилса кўпроқ  ўсиш, ривожланиш ва шахсий комилликка эришади. Шу ҳолатга етиш жараёнида Фромм айтганидек ҳавои истакларни жиловлаш ва бўйсиндириш мумкин, аммо тузатиш асло мумкин эмас. Чунки инсон зоти биринчи навбатда ўзи учун эмоционал аҳамиятга эга бўлган нарсага эътибор қаратади. Бунга қуйидаги ҳикояни мисол қилиб келтириш мумкин.

Америкалик ҳинду ва унинг дўсти Нью-Йорк марказида, Манхэттендаги Тайм скверда сайр қилиб юришган эди. Тушлик вақти яқинлашгани сабаб кўчалар одамлар билан гавжум эди. Автомобиллар бир-бирига сигнал берар, йўловчи ташувчи автобус ва енгил машиналар товушлари ушбу шаҳар шовқинига шовқин қўшар эди. Бунинг натижасида ҳар қандай одамнинг қулоқлари том битарди. Тўсатдан ҳинду йигит: “Мен чигиртканинг овозини эшитяпман”, деди. Унинг дўсти : “Нима? Сен менимча ақлдан оздинг!? Бу шовқин-суронда чигиртканинг овозини эшитиб қолишинг мумкин эмас!?”, деди. “Йўқ мен бунга аминман, мен чигиртканинг овозини аниқ эшитаяпман”, деди ҳинду йигит. Ҳинду йигит бир дақиқа жим турди-да сўнг кўчанинг нариги тарафига ўтиб, атрофи буталар билан ўралаган катта хумни олдига келди. У буталар орасига кўз ташлади ва у ерда кичкина чигирткани кўрди.  Унинг дўсти бундан ҳайратдан: “Бу мўжиза-ку, менимча сенда ғайриоддий эшитиш қобилияти бўлса керак!?”, деди. Ҳинду: “Йўқ, менинг қулоқларим сеникидан умуман фарқ қилмайди. Ҳаммаси нимани эшитаётганингга боғлиқ”, деди. Дўсти: “Бу бўлиши мумкин эмас. Мен бу шовқин-суронда чигирткани умуман эшита олмасдим”, деди. Ҳинду: “Ҳа, бу ҳақиқат! Рухсат бер, мен сенга буни исботлаб бераман”, деди. Ҳинду қўлини чўнтагига тиқиб бир ҳовуч тангаларни олди ва уларни йўлакка улоқтирди. Шунда йигирма метр узоқликда кўчада кетаётган ҳар бир йўловчи шовқин-суронга қарамасдан: “Ерда менинг пулларим тушиб қолмадимикин?”, деб ўгирилди. Ҳинду: “Мени энди тушунгандирсан!? Ҳаммаси сен учун нима муҳим эканига боғлиқ”, деди.

Бир форс шоири: “Донишманд бўлиб  яшаш учун кўп нарсаларни билиш шарт”, дейди. Доно бўлиш учун чигиртканинг овозини ҳам, тангаларнинг жарангини ҳам ва ёрдам сўровчининг овозини ҳам эшитиш керак. Аммо инсонлар ўзлари учун келажакда аҳамиятга эга бўладиган нарсаларга эътибор бермайдилар. Инсон ўз ҳавои истаклари жиловида юриб ўзи учун аҳамиятли  бўлган ва ўзининг бахт саодатига ва ривожига муҳим бўлган нарсаларни инкор қилади.

 Инсон жамиятнинг бир бўлаги экан, кундалик ҳаётида қўни-қўшни, дўсту ёрлар ва турли инсонлар билан мулоқотда бўлади. Уларнинг орасида бошига мусибат тушган, қарзга ботган, бедаво дардга учраган ва бошқа қийинчиликларга дуч келгани бўлади. Бундай ҳолатдаги инсонларни дардини эшитиш ва имкон даражасида кўмак бериш барчанинг вазифаси ҳисобланади. Жорий йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” сифатида эълон қилиниши ҳам юртдошларимиз ҳақиқий инсонийлик ва халқпарварлик кўринишларини янада намоён қилишига туртки бўлса ажаб эмас. 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти тарбиячи-мударриси Ахунджонов Рустам

Read 5895 times

Мақолалар

Top