Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат ангаким, зоҳиду фосиқ ва  яхшию ямон орқасида намоз жойиздур (Ўттиз иккинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

 

Фосиқе бўлса, бўлса ё зоҳид,

Золиме бўлса, бўлса ё обид,

Жоиз ўлдики, ул имом ўлғай,

Муқтадонинг иши тамом ўлғай.

Қайсидур бу имом, эшитинг роз,

Бу имом ўлди элга беш намоз.

 

 

НАСРИЙ БАЁН

Зоҳид (тақволи) ёки фосиқ (гуноҳкор), яхши ёки ёмон имомлар орқасида намоз ўқиш жоиз экани ҳақида

 

Хоҳ фосиқ – саркаш гуноҳкор бўлсин, хоҳ зоҳид – тақволи  зот  бўлсин,  хоҳ  золим  бўлсин,  хоҳ  ибодатли  обид бўлсин, агар имом бўлса, эргашувчининг иши тамом бўлади  –  дуруст  ва  тўлиқ  бўлади  (яъни,  унга  эргашиб  намоз ўқиши жоиз бўлаверади). Лекин бу қандай имомдир? Сирни эшитингки, бу халққа беш вақт намозни ўқиб берадиган имомдир.

 

ИЗОҲ. Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавий айтадилар “Ҳар қандай солиҳ ва фожир имомга иқтидо этиб намоз ўқишни жоиз деб билмоқ керак.

Рофизийларга ўхшаманг, чунки улар ҳар кимга иқтидо этиб намоз ўқимайдилар.

Маҳмуд Аш-Шомий вафот этаётиб, асҳобига дебдилар: «Мен ушбу тўрт нарсани сизларга айтмаган эдим. Бу ҳадисни энди айтаман. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат этдиларки:

  1. Аҳли қиблани, ҳар қанча катта гуноҳ қилсалар ҳам, куфрда айбламангизлар, кофир бўлди, деб айтмангиз.
  2. Ҳар қайси ўлган кишининг (мўъминнинг) жаноза намозини ўқингиз.
  3. Ҳар қандай имомнинг орқасида иқтидо этиб намоз ўқингиз.
  4. Ҳар қандай (муттақий ва Исломда собитқадам) бошлиқ билан бирга Аллоҳ йўлида кураш этингиз» (“Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди”, 1-жилд, 3-масала).

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК.

 

Read 1754 times

Мақолалар

Top