Мақолалар

Рост ва ёлғон

 عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بنِ مَسعودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " عَلَيْكُمْ بِالصِّدْقِ فَإِنَّ الصِّدْقَ يَهْدِي إِلَى الْبِرِّ وَإِنَّ الْبِرَّ يَهْدِي إِلَى الْجَنَّةِ وَمَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَصْدُقُ وَيَتَحَرَّى الصِّدْقَ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللَّهِ صِدِّيقًا وَإِيَّاكُمْ وَالْكَذِبَ فَإِنَّ الْكَذِبَ يَهْدِي إِلَى الْفُجُورِ وَإِنَّ الْفُجُورَ يَهْدِي إِلَى النَّارِ وَمَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَكْذِبُ وَيَتَحَرَّى الْكَذِبَ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللَّهِ كَذَّابًا "

Абдуллоҳ ибн Масуъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ўзингизга росргўйликни лозим тутинг. Албатта ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Албатта яхшилик жаннатга олиб боради. Киши ростгўйликда ва тўғри сўзлашга ҳаракат қилишда бардавом бўлади. Ҳатто Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқ деб ёзиб қўйилади…”. )Бухорий ва Муслим ривояти).

Халқимиз азал-азалдан турли хил миллий ва умуминсоний фазилатлари билан дунё ҳамжамияти орасида алоҳида ажралиб турувчи халқ ҳисобланади. Бағрикенглик, меҳмондўстлик, ҳушмуомалалик, катталарга ҳурмат – буларнинг барчаси халқимизнинг олий фазилатларидандир. Шу жумладан ростгўйлик ҳам. Муқаддас динимиз ҳам инсонларни ростгўй бўлишга чақирувчи ва ростгўйликни тарғиб қилувчи дин ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳали нубувват келмасидан олдин ҳам халқ ичида “ал-Амийн” яъни “ишончли” дея ном чиқарганликлари эса бу гапимизга ёрқин далил бўла олади. Ростгўйлик борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.

Юқоридаги ҳадиси шарифда Набиий соллаллоҳу алайҳи васаллам барчани рост гапиришга ва ростгўй бўлишга чақирганлар. Шу билан бирга ростгўйларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақомини баён қилиб берганлар. Ростгўйликда бардавом бўлган инсон ростгўйлиги учун жаннатга киритилишини ва унга Аллоҳ таоло ҳузурида “Сиддиқ” деб ном берилишини эшитган ҳар бир мусулмон, шубҳасиз ростгўй бўлишга интилади. Ҳамма ростгўйликка интилса, инсонлар орасидаги тушунмовчиликларга ҳам барҳам берилади. Натижада, жамият ҳаёти ҳам ижобий томонга ўзгаради. Тўғрисўзликнинг Аллоҳ ҳузуридаги мақомининг боиси ҳам айни мана шунинг учун бўлса ажаб эмас.

Уламоларимиз: “Ростгўйлик бу – қалбингдаги ҳақиқатни тилингда зоҳир қилишингдир”, - дейишган.

Демак, зоҳиран қилган ишларимизнинг барчаси қалбимизда бўлмоқлиги керак. Ҳеч бир ҳаракатимизни ростгўйликдан йироқ ҳолда, хўжакўрсинга қилмаслигимиз лозим бўлади.

Ростгўйлик – Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қилишда, инсонлар билан муомала қилишда, ваъдада, олди-сотди масалаларида, никоҳ ва бошқа масалаларда  кишининг зоҳири  худди қалби каби бўлмоқлигидир. Киши инсонлар билан муомалада бир хил бўлиши, ваъдасига вафо қилиши, олди-берди масалаларида ва бошқаларида тили ва ҳаракатларини қалби ила мутаносиб қилиши лозим бўлади.

Ҳадиси шарифнинг давомида:

“…Ўзингизни ёлғончиликдан сақланг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик оловга олиб боради. Киши ёлғон сўзлашда ва ёлғон сўзлашга ҳаракат қилишда бардавом бўлади. Ҳатто Аллоҳнинг ҳузурида каззоб деб ёзиб қўйилади”,- дедилар. )Бухорий ва Муслим ривояти).

Бу ҳақида Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Эй иймон келтирганлар! Ростгўйлар билан бирга бўлинглар”. (Тавба,119)

Уламоларимиз: “Ёлғон бу – қалби тасдиқ қилмаган нарсани айтишдир. Омонатга хиёнат ҳамда бошқалар томонидан айтилган рост сўзни била туриб тасдиқламаслик ҳам ёлғондир” ,-деганлар.

Ёлғон гапириш динимиз ҳаром қилган амаллардандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни қай даражада ростгўйликка тарғиб қилсалар, ёлғончиликдан шу даражада қайтарганлар.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга икки лаби ва икки оёғи орасидагига кафолат беролса, мен у учун жаннатни кафолат бераман”, дедилар. (Бухорий ривояти).

Бу ҳадиси шарифдан ҳам маьлум бўлмоқдаки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким менга икки лаби орасидагига кафолат беролса, мен у учун жаннатни кафолат бераман”, демоқдалар. Агар жаннатга киришимиз учун тилимиз аҳамиятли бўлмаганида эди, У зот уни зикр қилмаган бўлар эдилар. У зот зикр қилдиларми! Демак унинг аҳамияти бор. Шунинг учун ҳам мўмин-мусулмон тилига жуда ҳам эьтиборли бўлмоғи лозим ва лобуддир.

Бир киши гапида битта ёлғон ишлатса, ўша гапи ростлигини  исботлаш учун яна бир ёлғон ишлатади. Натижада бир ёлғон кетидан ўнлаб ёлғонлар келиб чиқади. Ёлғон гапирувчи эса ҳар доим сири фош бўлиб қолишидан қўрқиб яшайди. Агар бир киши ёлғончи бўлса, жамиятда  чигалликлар  содир бўла бошлайди. Мабодо ўнлаб кишилар ёлғончи бўлса-чи?

У ҳолда жамиятда ўзаро ишонч йўқолади. Ҳеч ким бир-бирига ишонмай қўяди.

Ҳозирги глобаллашув даврида энг асосий муаммога айланган нарсалардан бири ҳам айнан ёлғон ахборотдир. Интернетда ўнлаб ёки юзлаб эмас, балки минглаб, миллионлаб киберқаллоблар ва экстремистик оқимлар айнан ёлғон ишлатиб, инсонларни алдашади. Ҳар хил қиёфаларга кириб олиб, ўша қиёфа орқали ишини қилаверади. Айни даврда бу киберқаллоблар муқаддас Ислом динимизнинг пок номини булғамоқдалар. Гўёки Исломга даъват қилмоқдалар-у, аслида ўзларининг бирор иши Исломга тўғри келмайди. Улар фақат динимизнинг пок номидан фойдаланадилар, холос. Ана шундай ғаламис кимсаларнинг қилган бузғунчиликлари сабабли муқаддас динимиз номига ҳар хил номаъқул гаплар айтилмоқда. Таъна тошлари ёғдирилмоқда.

Ўйлаб қаралса, буларнинг барчаси ёлғон ортидан келиб чиқмоқда. Ҳадиси шарифда ёлғоннинг қаттиқ қораланишининг сабаби мана шу жойда ҳам ойдинлашади.

Демак, биз динимиз софлигини сақлашни ва жамиятимиз гуллаб яшнашини истасак, ёлғонга йўл бермаслигимиз керак бўларкан. Ҳамма тўғрисўзликка интилган жамият эса ўсиш ва ривожланишда давом этаверади.

Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Қирқ ҳадис” асари асосида

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади

Read 6072 times
Tagged under

Мақолалар

Top