Мақолалар

Ажиб одатимиз бор. Бирор гап қизиқ туйилса, унинг аслида нима маънони ташиётганига эътибор қилиб ўтирмасдан эргашиб кетаверамиз. Фақат қизиқ бўлгани учун десак, бир оз муболаға бўлар. Инсоф билан айтганда, у биз эшитган вақтимизда қандайдир бир маънони ифодалаётгандек кўринади ҳам. Масалан, “Душанба – оғир кун” деган қаноли сўз бор. Буни ҳамма гапириб юради.

Ана шу иборанинг келиб чиқишини ёки илмийроқ қилиб айтсак, этимологиясини ўрганишдан олдин унинг психологик таъсири хусусида қурбимиз етгунча сўз юритсак.

Икки кун мириқиб дам олгандан сўнг янги иш ҳафтаси бошланади – душанба. Катталар ишга, болалар мактабга қараб олға! Аммо дам олишга ўрганиб олган эринчоқ томирларимиз ўрнидан қўзғалиб олиши бир оз қийинроқ бўлади. Буни оғир кунга йўямиз.

Британиялик олимларнинг фикрича, аксар одамлар душанба куни соат 11.00 га қадар кулмас экан; 50 фоиз ишчилар айнан шу куни ишга кеч қоларкан; ходимларнинг ишлаб чиқариш қобилияти душанбада атиги 3.5 фоизгина бўлар экан, холос. Инфарктга учраб вафот этганлар сони ҳафтанинг бошқа кунларига нисбатан 20 фоиз баланд бўлар экан.

Россияда душанба – ҳақиқатан оғир кун. Ҳатто 1963 йил собиқ Шўро давлатининг М.Горький номидаги киностудиясида шу номдаги кино ҳам ишланган. Албатта, бу кун жума куни кечқурун ичишни бошлаб, душанба тонгида аранг ўзига келиб олган одамга оғирлик қилади. Бунақа “дам олиш”дан кейин кўплар хийла вақт ўзига кела олмайди ва анча вақт ишлагиси келмасдан карахт бўлиб юраверади. Шунинг учун уларга душанба оғир кун бўлиб кўринади, ишида унум бўлмаслигини эса куннинг “хосиятсиз”лигига йўяди. 

Исломий ақидаларга амал қилиб яшайдиган мусулмонлар душанбанинг “оғир”лигини ҳис қилмайди. Улар учун бу кун енгил ва турли муаммоларсиз ўтади. Бу кун рўза тутиш, ибодат  қилиш ва бошқа диний тадбирлар учун қулай кун ҳисобланади. Бу куннинг фазилати шундаки, оламлар сарвари Муҳаммад алайҳиссалом айнан шу кунда таваллуд топганлар.

Расулуллоҳ туғилган душанба оқшомида ақл эгалари учун кўплаб белгилар зоҳир бўлганидан барча хабардор. Каъба қаттиқ силкиниб, унинг деворларига териб қўйилган бутларнинг ҳаммаси йиқилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абдулмуталибнинг ҳикоя қилишича, у шу вақтда Каъбанинг атрофини айланиб юрган ва Каъбанинг қандай силкинганини ва томи ерга теккунга қадар эгилиб сажда қилганини ўз кўзлари билан кўрган. Кейин эса Каъбанинг икки марта “Аллоҳу акбар” дея такбир айтганини эшитган (Пайғамбарлар тарихи, 2-жилд).  

Пайғамбар алайҳиссаломдан шу куннинг фазилати ҳақида сўраганларида “Душанба куни сафарга чиқ ва савдо қил”, деб жавоб берганлар. Душанба куни Шуайб алайҳиссалом йўлга чиққанлар ва айнан шу кунда савдо ишидан катта фойда олганлар (“Танбеҳ ал-авом ила даъват ил-Қуръон”).

Пайғамбар алайҳиссалом ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қурайшлик мушриклардан қочиб бориб яширинган ғордан душанба куни чиқишган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг айтишича, “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни туғилганлар, Маккадан душанба куни чиққанлар ва Мадинага душанба куни кириб борганлар, боқий дунёга ҳам душанба куни кўчганлар” («Фазоил ал-ҳабиб ва маноқиб ут-табиб»).

Абу Лаҳабнинг Сувайба дегани чўриси ундан Муҳаммад алайҳиссалом туғилганлари ҳақида суюнчи сўраганида Сувайбани қулликдан озод қилиб юборган экан. Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Аббоснинг тушида ҳар душанба куни Абу Лаҳабнинг қийноғи ана шу суюнчиси туфайли камайтирилиши аён бўлибди.

Бундан шуни умид қиламизки, Абу Лаҳабдек ашаддий мушрикка Пайғамбар алайҳиссаломнинг туғилган кунида суюнчи бергани шарофати билан душанба куни енгиллик берилар экан, Аллоҳ таолони севган, пайғамбарлар пайғамбарига уммат бўлиб туғилишни насиб айлаганидан севиниб, туну кун Унга ҳамду санолар, Пайғамбар алайҳиссаломга дуруду саловотлар айтадиган бандасига, албатта, раҳм қилади. 

Набий алайҳиссалом ўзлари дунёга келган душанба кунни қадрлаганлар ва Аллоҳ таоло ҳаёт ато қилган куннинг шукронасига рўза тутганлар.

Пайғамбар алайҳиссалом: “Менинг ҳаётим сиз учун баракали ва вафотим ҳам баракалидир”, дедилар. Саҳобийлар: “Ё Расулуллоҳ! Сизнинг ҳаётлигингиз биз учун фойдали. Аммо боқий дунёга кўчганингиздан кейин ҳам бизга фойда етказишда давом этасизми?”, деб сўрадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар ҳафта душанба ва пайшанба кунлари менга умматларимнинг яхши ва ёмон амаллари кўрсатилади. Менга уларнинг эзгу амаллар кўрсатилганда Аллоҳга ҳамд айтаман, ёмон амаллари кўрсатилганда эса Аллоҳдан уларнинг гуноҳларини кечишини сўраб илтижо қиламан”, дедилар (“Танбеҳ ул-авом ила даъват ил-Қуръон”). 

Пайғамбар алайҳиссалом роббиул-аввал ойининг ўн иккисида, душанба куни боқий дунёга кўчдилар. Фазилатли душанба куни туғилиши билан инсонларнинг қалбларига қувонч олиб кирган, шарқу ғарбдаги одамлар бир-биридан унинг таваллуд топгани билан суюнчи олган суюкли пайғамбаримиз душанба куни бутун оламни ғамга ботириб боқий дунёга кўчиб ўтганлар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам икки йилу уч ойу ўн кун халифалик қилганларидан сўнг 65 ёшларида душанба куни пешинга яқин Аллоҳнинг раҳматига борганлар.

Энди эса мазкур иборанинг тарихига эътибор қилайлик. “Ўн олтинчи аср ўртасида Қозон хонлиги (1552) Москва подшоси Иван Грозний (1530-1548) томонидан босиб олингандан сўнг татарларни мажбурлаб насронийлик динининг православ мазҳабига киритиш, яъни чўқинтириш бошланган. Бу маросим насронийлар учун муқаддас ҳисобланган якшанба кунлари ўтказилган. Бундан бош тортганларни эса душанба куни қаттиқ калтаклаб жазолашган. Ша муносабат билан “душанба оғир кун” ибораси келиб чиққан” (Жалолиддин Сафоев. Мангу ҳамроҳлар, Т., “Шарқ”, 58-бет).

Демак, муқаддас динимиздан қайтмаган, эътиқодида собит турган инсонлар душанба куни қийноққа солинган. Биз эса фаҳмига бормасдан “Душанба – оғир кун” деб юрибмиз. Бунинг ўрнига шу куни ибодатларни кўпайтирсак, суннатга эргашиб кўплаб савоб олар эканмиз.

Ҳа, дарвоқе, мусулмонларни ҳақ диндан қайтариб, ўзларининг мансух бўлган динига мажбурлашга уринган, уларни қийнаганларни Аллоҳ ўз ҳолига ташлаб қўйди. Натижада айнан ўзлари мусулмонларга  азоб берган кунлари ўзлари учун азобга айланиб бораётир. Аммо, ҳамма нарсага етган ақллари негадир шу масала ҳақиқатини билишга қолганда оқсаётир.   

                                                                                     Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

Read 7785 times

Мақолалар

Top