Мақолалар

Сериаллар томошабин хулқига қандай таъсир кўрсатмоқда?

«Huquq» газетасининг 42-сонида чоп этилган «Сериал – вақт кушандаси(ми)?» сарлавҳали мақолада бугунги куннинг долзарб муаммолари, жумладан, юртимиз телеканалларида намойиш этилаётган хориж сериаллари эфир соатининг кўплиги, улардаги қаҳрамонлар кийими хижолатомуз аҳволда эканлиги, ушбу ҳолатлар ҳамда қадаҳлар акс этган саҳналар хиралаштириб берилаётгани, бу эса томошабин онгига салбий таъсир кўрсатиши ёритилган.

Шу мавзуда устозимиз шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ ҳазратлари бундай деган эди: «Афсуски, бу ҳозир тўғриланиши керак бўлган долзарб мавзулардан бири. Буюк алломалар юрти бўлган жойларда одамлар аждодларимиздан эмас, балки улар қаттиқ қайтарган нарсалардан ибрат олиши ачинарли ҳол. Яъни одамлар динимиз қайтарган нарсалардан ибрат олишмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қавмга тақлид қилса, у ўшалардандир” деган» (Имом Абу Довуд ва Имом Насаий ривояти).

Шарҳ: ўз қавми, ўз дини ва урф-одати туриб, бошқаларнинг турмуш тарзини, кийиниш ва ҳаётдаги бошқа нарсаларини устун қўйиб, жон-жаҳди билан уларга ўхшашга ҳаракат қилиш одамга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Ўша одам «ҳар кимга ниятига яраша» қоидасига биноан ўзи тақлид қилган қавмдан бўлади. Кофирларга ўхшашни орзу қилиб уринган бўлса, кофирлардан бўлади. Фожирларга ўхшашга ҳаракат қилган бўлса, фожир бўлади ва ҳоказо…

Ислом уммати Аллоҳ таоло юборган таълимотларнинг энг мукаммалига, ҳар бир замон ва маконга муносиб таълимотга раво кўрилган. Ҳақ таоло бу умматни бошқа барча умматлар устидан шоҳид қилиб, ҳар бир нарсада ўзига хосликни бериб қўйган. Шу боис ҳам бу умматга ўзидан бошқаларга ўхшашга ҳаракат қилиш, Аллоҳ таоло осмондан туширган нарсани қўйиб, бошқа миллатлар ердан чиқарган нарсаларга ҳавас қилиши мутлақо тўғри келмайди.

Юқоридаги ҳадисда фақат кийим ҳақида эмас, балки умуман ташқи қиёфани қандай тутиш кераклиги ҳақида ҳам сўз кетмоқда. Демак, ташқи қиёфа маданиятида ҳам ҳар ким ўзлигини, яъни эркак эркаклигини, аёл аёллигини, мусулмон мусулмонлигини унутмаслиги керак. Худди шундай мусулмонлар бошқа миллатларга хос бўлган, уларни мусулмонлардан ажратиб турадиган нарсаларга тақлид қилмасликлари лозим».

Муновий розияллоҳу анҳу айтади: «Ҳаё икки хил бўлади: нафсоний ва иймоний. Биринчиси барча инсонларда яратилган бўлади. Унга авратни очишдан ёки одамлар ҳузурида жинсий яқинлик қилишдан ҳаё қилиш кабилар киради. Иккинчиси эса мусулмоннинг Аллоҳдан қўрқиб ҳаром ишлардан тийилишидир».

Гуноҳларнинг ёмонликларидан бири ҳаёни кетказишидир. Ҳаё – барча яхшиликларнинг асоси. Унинг кетиши барча яхшиликларнинг кетишидир. Гуноҳлар аста-секин ҳаёни заифлаштириб, бир йўла йўқ қилиб юбориши ҳам мумкин.

Ойнаи жаҳонда бериб борилаётган фильмларнинг баъзилари инсон психологияси, ақли ва қалбига салбий таъсир қилмоқда. Бу эса жамиятда янги жиноятлар содир бўлишига олиб келмоқда.

Маълумки, инсон икки, бир-бирига зид бўлган руҳ ва нафс жам қилинган ягона мавжудот ҳисобланади. Шундай экан, салбий оқибатларга етакловчи фильмлар инсонда ёмон оқибатларни келтириб чиқаради. Энг хатарлиси ёш йигит-қизлар бундай фильмларни ота-онаси билан кўриши ва фильм қаҳрамонларига ўхшашга ҳаракат қилишидир.

Менимча, инсон маънавий-руҳий озуқа оладиган тарихий, ёшларни ватанга муҳаббатли бўлишга чорловчи фильмларни кўпайтириш керак. Халқимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш лозим. Фильмлар оммага намойиш қилинишдан олдин уламолар ва турли соҳа вакиллари муҳокамасида тасдиқланиши зарур деб ўйлайман. Зеро, «Маслаҳатли тўй тарқамас» деб бежиз айтилмаган.

Жасур РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Read 1823 times

Мақолалар

Top