Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат номайи аъмолға (Ўттиз бешинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

 

Ушбулардин кейин будур аҳвол,

Келгуси элга номайи аъмол.

Суъадонинг ўнг илгидин келгай,

Анда ул эл саъодатин билгай.

Ашқиё  номасинки тергайлар,

Орқадин, сўл иликка бергайлар.

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Номаи аъмол баёни

 

Бу воқелардан кейин аҳвол шундай бўлади: инсонларнинг қўлларига номаи аъмоллари – амаллар китоби тарқатилади.

(Номаи аъмол) саъодатли кишиларнинг ўнг қўлига берилади, шунда у инсонлар саъодатга эришганларини биладилар. Шақоват аҳли бўмиш бадбахт кимсаларнинг номасини эса териб-танлаб, орқадан ёки чапдан – чап қўлга берадилар.

 

ИЗОҲ. Қуръони каримда ўз китоби – номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган кишининг хурсандчилиги (Ал-Ҳаққа сураси, 19-оят); китоби чап қўлидан берилган кимсанинг надомати (Ал-ҳаққа, 25-оят); номаи аъмоли орқа  тарафидан  бериладиган  кимсанинг  ҳалокати  (Иншиқоқ  сураси, 10-11-оятлар) баён қилинади. Далиллар:

 

Ал-Ҳаққа сураси, 19–24-оятлари маъноси: “Бас, ул кун китоби ўнг қўлидан берилган киши айтур: «Олинглар, менинг китобимни ўқинглар! Албатта, мен ҳисобимга рўбарў бўлишимни аниқ билар эдим». (Қр: 84:9.) Бас, у ўзи рози бўладиган бир ҳаёт ичрадир. Олий бир боғдадирки, мевалари (олувчига) эгилиб тургандир. «Ўтган кунларда тақдим этган (яхши) амалларингиз сабабли, эмин-эркин енглар ва ичинглар!» (дейилур)”.

 

Ал-ҳаққа сураси, 25–35-оятлари маъноси: “Аммо китоби чап томонидан берилган киши эса дерки: «Эҳ, кошки менга китобим берилмаса эди! - Ҳисобим не эканин ҳеч билмасам эдим! Кошки  (дунёдаги) ўша (ўлим) ҳамма ишни тугатган бўлса эди!  Мол-мулким менга ҳеч бир фойда бермади. (Бутун) салтанатим ҳам йўқ бўлиб мендан кетди». (Аллоҳ вазифадор забония фаришталарига амр қилур:) «Тутинглар уни, (қўлларини бўйнига) боғланглар; Сўнг уни (даҳшатли) оловга солинглар! Сўнг узунлиги етмиш газ бўлган занжирга боғлаб қўйинглар (дўзахга ташланглар)! Чунки у улуғ Аллоҳга иймон келтирмас эди. Мискинга таом беришга интилмас – тарғиб ҳам қилмас эди». Бас, бу кун бу ерда у (кофир – инкорчи кимса)нинг ҳеч бир яқин (қариндош ва) дўсти йўқ”.

 

Иншиқоқ  сураси, 10-15-оятлар маъноси: “Аммо кимнинг китоби орқасидан берилса: («Эй ўлим, қайдасан!» деб) ўлимни чақириб қолур ва алангали дўзахга кирур. Чунки у (ҳаёти дунёда иймон келтирмай) аҳли-оиласи (ва қавми) ичида масрур (молу мулки сабабли сархуш) эди. Дарҳақиқат, у ҳеч қачон (тирилиб, ҳисоб учун Раббига) қайтмасман деб ўйлаган эди. Йўқ! (У Раббига қайтур! Чунки) Албатта, Рабби уни ўта кўриб тургувчидир”.

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Read 2039 times
Tagged under

Мақолалар

Top