Мақолалар

Жаннатга биринчи бўлиб кирадиганлар

Улуғ тобеин Абу Абдуллоҳ Саид ибн Жубайр ибн Ҳишом Асадий Волибий ҳижрий 46 йил (милодий 665 йил)да Куфада туғилган. Одамлар Ибн Жубайрни “кўринишлари қора бўлса ҳам, хислатлари оппоқ эди”, деб таърифлашган. Абдуллоҳ, Муҳаммад ва Абдулмалик исмли уч нафар фарзанди бўлган.

Дастлаб бир муддат Куфада Абдуллоҳ ибн Утбанинг котиби бўлган. Сўнгра бутун умрини илмга бағишлаган. Ибн Аббос, Ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Муғаффал, Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳум каби йирик саҳобалардан таълим олган. Макка тафсир мактабининг устози, “Қуръон таржимони” Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан тафсир ва бошқа илмлардан сабоқ олди. Ибн Жубайр худди инсонга соя эргашиб юргандек, доимо Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу билан бирга юрарди. Шу сабаб, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу шогирдининг илмига қаттиқ ишонар, масала сўраб келганларни унга йўллаб: “Ахир орангизда Саид ибн Жубайр борку!” деб танбеҳ берардилар.

Ибн Жубайр роҳматуллоҳи алайҳи Макка мадрасасининг олд талабаларидан, тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмлари имомларидан бўлиб етишди. Ҳаммод ибн Абу Сулаймон, Амр ибн Дийнор, Муҳаммад ибн Восеъ, Ҳишом ибн Ҳассон, Ҳилол ибн Ҳиббон, Сулаймон Аъмаш роҳматуллоҳи анҳум каби зарабдаст олимларга устозлик қилди, ҳар куни бомдод ва аср намозларидан сўнг дарс берди. Саид ибн Жубайр роҳматуллоҳи алайҳи талабаларга: “Ҳақиқий тавбанинг учта шарти бўлмаса, қабул бўлмайди: тавбанинг қабул бўлмаслик қўрқуви, қабул бўлишидан умид ва тоатларда бардавомлик”, деб айтарди.

Қатода роҳматуллоҳи алайҳи: “Билимдонлар тўрттадир: Ҳаж амаллари борасида Ато ибн Абу Равоҳ, тафсир илмида Саид ибн Жубайр, сийрат илмида Икрима, ҳалол ва ҳаромда эса Ҳасан Басрийдир”, деган.

Рамазон ойларида Ибн Жубайр роҳматуллоҳи алайҳи имомликка ўтарди. Агар ёлғиз ўзи ибодатни адо этса Қуръонни тўлиқ хатм қиларди. Қуръони каримнинг «Китоб (Қуръон)ни ва Биз пайғамбарларимиз билан юборган нарсаларни (Китобларни) ёлғон деган кимсалар яқинда (қиёмат Кунида) билажаклар. Ўшанда улар бўйинларида кишан ва занжирлар билан судралурлар» (Ғофир сураси, 70-72-оят) оятини тиловат қилганда ранги оқариб, бутун вужудини титроқ тутарди.

Ҳар йили ражаб ойида умра, зулқаъда ойида эса ҳаж ибодатини адо этарди. Ибн Жубайр роҳматуллоҳи алайҳи Қуръони карим маъноларини ва қироат илмини чуқур ва пухта билса-да, ўз фикри билан тафсир қилишдан ниҳоятда эҳтиёт бўларди ва “Мен учун тупроққа қоришиб кетишим, Қуръонни ўзимча тафсир қилишимдан кўра яхшироқдир”, дерди.

Саид ибн Жубайр роҳматуллоҳи алайҳи ҳадисларни ёзиб саҳифаларга тўплаган. Абдуллоҳ ибн Зубайр, Анас ибн Молик, Саид ибн Худрий розияллоҳу анҳум каби саҳобалар билан учрашиб, улардан ҳадислар ривоят қилган.

Саид ибн Жубайр роҳматуллоҳи алайҳидан «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман…» (Бақара сураси, 152-оят) оятининг тафсирини сўрашганда “Ибодат, итоат билан «Мени ёд этингиз...» шунда «(Мен ҳам) сизларни ёд этурман…» яъни, гуноҳларингизни мағфират этаман, деб тафсир қилган.

Саид ибн Жубайр роҳматуллоҳи алайҳидан зикр нима деб сўрашганда: “Киши бирор амални бажаришда Аллоҳга итоат, Унинг розилигини топиш ниятида бўлар экан, ушбу амали зикр ҳисобланади. Агар Аллҳ таолога итоат этмаса, гарчи тунларини Қуръон тиловати ва зикр билан ўтказсада зикр қилувчилардан бўлмайди”, деб жавоб берган.

Саид ибн Жубайр роҳматуллоҳи алайҳи золим Ҳажжож томонидан ҳижрий 95 йили (милодий 714) қатл этилган. Бир қанча саҳобаларнинг қонини тўккан бу золим: “Саид ибн Жубайрнинг ўлимичалик ҳеч кимнинг ўлими менга оғир келмади”, деган. Ибн Жубайрнинг вафотини эшитган Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳи: “Ер юзи Саид ибн Жубайрнинг илмига муҳтож”, деб чуқур қайғуга ботган.

 

Саид ибн Жубайр роҳматуллоҳи алайҳи ҳикматларидан

 

"Жаннатга биринчи бўлиб кирадиганлар қийинчилик ва хурсандчилика ҳам Аллоҳга ҳамд айтадиган кишилардир".

 

"Аллоҳ таолога таваккул қилиш иймоннинг ҳуснидир".

 

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2310 times

Мақолалар

Top