Мақолалар

Аллоҳ таоло одамлар орасида савдони жорий қилиб, бандаларининг бир-бирларининг молидан розилашиб фойдаланишни неъмат қилиб берди.  

Тижорат билан шуғулланишни ният қилган киши, аввало, ҳалолликни ният қилиб, Аллоҳдан покиза ризқ сўрамоғи керак. Савдо ишларини шариат кўрсатган қонун-қоидаларни билиб, уларга риоя қилган ҳолда қилмоғи даркор. Ҳар куни савдони тақводан, таваккалдан бошлаб, ризқини баракали қилиб қўйишини Аллоҳдан сўраб дуо қилмоғи лозим. Лекин, аксинча, бозорлардаги, дўконлардаги савдогарларнинг почин дейиши ёки пулни маҳсулотнинг устида айлантириши, қўлингиз енгилми? оғирми? деб сўраши каби ирим-сиримлар савдо илмидан бехабар инсонларнинг иши.

Абу Саид р.а. дан ривоят қилинади. “Набий алайҳисалом: “Ростгўй, омонатдор тижоратчи набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, деб савдо қилувчилар ростгўй, ҳалол бўлсалар улуғлар мартабасига эришишини билдирганлар. Аммо ушбу ҳадисдаги кўрсатманинг акси бўлиб, озгина фойдага учиб хийла-найранг, алдамчилик, кўзбўямачилик йўлини тутганлар шариат кўрсатмаларидан ташқарига чиққан бўлиб, дунёда хору зорликка ва турли-туман балога учраб, охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлади.

Савдо иши аслида шарафли касб, пайғамбаримиз ҳам тижорат билан шуғулланиб, тўғриликда, ростгўйликда барчага ўрнак бўлганлар. Расули акром савдо-сотиқ борасида ростгўйлик, ҳалимлик борасида ҳам биз, умматларига ўрнак бўлганлар. Илло, одамларнинг ҳақига хиёнат қилмай, тош-тарозидан урмай, алдамай тижорат билан шуғулланган кишилар, шубҳасиз, бу дунёда ҳам роҳат-фароғатда яшаб, охиратда ҳам Аллоҳнинг суюкли бандалари билан бирга бўладилар. Расулуллоҳ с.а.в. бир куни бозорга борганларида буғдой сотиб турган кишининг буғдойи орасига қўлларини тиқиб кўрсалар таги нам экан. Шунда Пайғамбаримиз: “Эй, буғдой эгаси, бу нима? деб сўрадилар. Сотувчи: “Эй Аллоҳнинг Расули! бунга ёмғир теккан эди”, деди. Набий с.а.в.: “У ҳолда буни одамлар кўриб билиши учун устига қўймайсанми? Ким алдаса биздан эмасдир” дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳадиси шарифдан сотувчининг молида айб бўлса, харидорга ана шу айбини айтиб сотиши кераклиги аён бўлади. Молининг яхшисини олдида кўрсатиб қўйиб, тарозига орқадаги ёмонини тортиб бериш савдода хиёнат саналади.

Тижорат билан шуғулланаётган иймонли, инсофли, мурувватли инсонларнинг ишларига Аллоҳ барака берсин.

Х.ХОЛБОЕВ,

Бекобод туманидаги Улуғбек жоме масжиди имом-хатиби

Read 9322 times
Tagged under

Мақолалар

Top