Мусулмонларнинг тиббиётга қўшган энг катта ҳиссаси биринчи бўлиб шифохоналар ташкил этганлигидир. Қарийб 900 йил олдин мусулмонлар диёрида касалхона очилган.
Биринчи шифохона халифа Валид ибн Абдулмалик даврида фаолият юритган. Бу шифохона моховлар учун эди (Табарий. “Тарихи умам вал мулук”).
Орадан 900 йилдан кўп вақт ўтгачгина Парижда биринчи Европа касалхонаси очилди. Ислом ўлкаларида шифохоналарнинг баъзилари кўчма, баъзилари муқим фаолият кўрсатган.
Шифохоналар "бемористон” деб номланган, улар медицина университети вазифасини ҳам бажарган. Барча шаҳарларда шифохоналар бор эди, кўчма шифохоналар чекка ҳудудларга хизмат кўрсатган. Уларни туяларга ортиб юришган. Султон Маҳмуд Салжуқий (ҳижрий 511-525 йилларда) ҳукмронлик қилган даврда қирқталаб туялар шифохона асбоб-ускуналари ортилган юкларни кўтариб юрган. Кўчма шифохонада бир нечта тажрибали табиблар ишлаган (Ибн Қафтий. “Тарихи ҳукамо”).
Катта шаҳарларда жойлашган шифохоналар юқори савияда бўлган.
Машҳур шифохоналар сирасига Бағдоддаги “Азудия” (ҳижрий 371 йил), Дамашқдаги “Нурий" (ҳижрий 549 йил), Қоҳирадаги “Мансурий" шифохоналарини (ҳижрий 683 йил) киритиш мумкин. Қуртуба (Кордоба) шаҳрининг ўзида уларнинг сони элликдан ортиқ бўлган (Маҳмуд Хож. “Мусулмонлар тиббиёти”).
Шифохоналар турли бўлимлардан: жарроҳлик, тери касалликлари, кўз касаллиги, суяк синиши каби бўлимлардан ташкил топган. Табиб шогирдлари билан касалларни кўриб, ташхис қўйган, талабалар бевосита даволаш жараёнида иштирок этган. Сўнгра устоз катта хонақода уларга маъруза ўқиган. Шифохоналарда кутубхоналар мавжуд бўлиб, тиббиёт адабиётлари билан бирга, фиқҳ китоблари ҳам бўлган. Қоҳирада жойлашган “Ибн Тулун” шифохонасида 100.000 дона китоб бўлган экан. Шифохона атрофидаги катта экин майдонида муолажалар учун зарур гиёҳлар экилган.
Шифохоналарда касаллик юқишининг олдини олиш учун тартиб жорий қилинган. Келган беморнинг кийими ечилиб, унга махсус либос берилган. Бемор ўзига хос палатада даволанган, унинг бошқа палаталарга кириши таъқиқланган. Ҳар бир касалга алоҳида идиш-товоқ, кароват, кўрпа-тўшак берилган. Бу ҳозирги “Гигиена қоидалари”га аслида мусулмон ўлкаларида асос солинганига ишора.
Парижда биринчи очилган шифохона мусулмонларникидан тубдан фарқ қилган. Касаллар дарди ҳар хил бўлса-да, битта палатада даволанган. Бир неча бемор битта кароватда ухлаган. Хона шу даражада ҳидланиб кетар эканки, табиб ва ҳамширалар хонага бурунларини беркитиб киришган. Бемор ўлиб қолса, бир кунгача хонада қолиб кетар экан ҳатто! (Мустафо Сабаий. “Мин равонъ ҳазоратина").
“Азудия” шифохонаси ҳижрий 371 йил Бағдодда Азудуддавла ибн Бувайҳ томонидан бунёд этилган бўлиб, дастлаб 24 нафар табиб хизмат кўрсатган. Кейинчалик улар сони кўпайиб, катта кутубхона ташкил қилинган. Шифохонада 24 соат давомида хизмат кўрсатилган.
Ибн Жубайр ажойиб бир ҳолатни ҳикоя қилади: у ҳижрий 580 йилда Бағдодга қилган сафарида боғ-роғлар билан ўралган маҳалланинг марказида гўзал бир қаср бўлиб, касалларга вақф қилинганди. Булар келиб бемалол истиқомат қилар, қасрнинг барча харажатлари давлат хазинасидан ва бойлар вақф қилган сармоядан қопланар экан (Мустафо Сабаий. “Мин равовъ ҳазоратина").
"Ислом ва Олам" китобидан